Шерзод Шерматов: “Муҳими, илк қадамлар ташланди, буёғига ортга чекиниш йўқ!”
“Инсон капитали”га сармоя киритиш ва ундан мамлакат тараққиётида самарали фойдаланиш дунёнинг ривожланган давлатлари босиб ўтган ҳамда амалиётда ўзини мутлақ оқлаган тажрибадир. Ўзбекистон айни паллада шундай муҳим жараён бўсағасида турибди. Бу, асосан, умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ этиб, бор диққат-эътиборни ўқитиш сифатини ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, энг муҳими, ушбу механизмни жадал ҳаракатга келтирувчи ва самарадорликни таъминловчи муҳим куч — ўқитувчи-муаллимларнинг ижтимоий мавқеини ҳамда касбидан манфаатдорлигини ошириш билан бевосита боғлиқ.
Президентимиз шу йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда таъкидлаганидек, умумий ўрта таълим тизими инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, мактаблар ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскандир. Айни пайтда мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олмоқда, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади. Рақамлардан равшанки, бу йирик контингентни бошқариш, ягона мақсад йўлида бирлаштириб, ҳаракатга келтириш осон иш эмас.
Президентимиз ўтказган йиғилишда айтиб ўтилган муаммолар ечимини топиш ҳамда соҳани тубдан ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган янгиликлардан муштарийларни хабардор қилиш мақсадида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
— Ҳурматли Шерзод Ҳотамович, куни кеча “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди. Бу қарор Халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ этишда муҳим қадам бўлди. Қарорда белгиланган вазифалар, Халқ таълими вазирлигининг бу борадаги фаолияти хусусида тўхталсангиз.
— Маълумки, ҳар қандай ишни бошлашдан олдин унга аниқ ташхис қўйиш зарур. Биз ҳам ишни халқ таълими тизимининг ҳозирги аҳволини ўрганишдан бошладик. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мактаблар ҳолати таҳлил қилинди. Махсус ва хусусий мактаблар иш фаолияти ўрганилди. Соҳа ходимлари билан учрашувлар ўтказилиб, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар қайд этилди. Шунингдек, аҳолига мурожаат қилиниб, таълим соҳасидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш усуллари бўйича таклифларини билдириш сўралди. Асосий мақсад — соҳада мавжуд камчиликларни аниқлаб олишдан иборат эди.
Тизимда узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар аниқлангач, улар ҳал этилиш даражасига кўра сараланди. Давлат раҳбари даражасида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар Президент Қарори лойиҳаси тарзида тайёрланди ва қабул қилинди.
Ҳозирги вақтда республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд. 66 минг нафардан ортиқ олий таълим дипломига эга бўлмаган ўқитувчилар мактабларда фаолият юритмоқда. Эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан ҳам кам. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади. Бир эслаб кўрайлик, ўқувчилик йилларимиз эркак педагоглар салмоғи анча юқори эди. Шунинг учун тартиб-интизом ҳам жойида, унча-мунча бола юрак ютиб, безорилик қилавермасди. Ўғил болаларда йигитларга хос мардлик, жасорат, тантилик, бир сўзлилик каби фазилатларнинг шаклланишида эркак муаллимларнинг роли катталиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат.
Бу муаммоларнинг асосий сабаби, мактаб таълими тизимидаги ходимлар ойлик маошининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маоши энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча қуйи даражада.
Бу пировард натижада умумий ўрта таълимда коррупциянинг чуқур илдиз отиб, ота-оналардан турли йиғимлар кўпайишига, ўқитиш сифатининг тушишига, болалар тарбиясининг оғирлашиб, улар орасида ҳар хил жиноятлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ошишига сабаб бўлди.
Таълим соҳасидаги ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш учун Халқ таълими тизими ходимларининг ойлик маошини бир эмас, балки бир неча баробар ошириш зарур. Бу, ўз навбатида, жойларда талабнинг кўпайишига ҳамда иқтисодиётда фаолликнинг ошишига туртки бўлади. Япония, Сингапур, Жанубий Корея каби давлатлар ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчилар ойлик маошининг юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир педагог ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигидадир.
Ўқитувчиларнинг ойлик маошидан коммунал хизматлар учун тўлов ҳақини олдиндан мажбурий равишда ушлаб қолиш, 200 дан ортиқ номдаги газета ва журналларга мажбурий обуна бўлиш, маданий-кўнгилочар тадбирлар учун чипталар сотиб олиш, аттестациядан ўтиш ва бошқалар республика иқтисодиёти тармоқлари билан таққослаганда, уларнинг шусиз ҳам паст даражадаги иш ҳақининг қисқаришига олиб келди.
Боз устига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан халқ таълими тизими ходимларини уларнинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этиш амалиёти кучайди. Жумладан, тозалаш ва ободонлаштириш, турли йиғилиш ва учрашувларда мажбурий иштирок этиш, уйма-уй юриб, коммунал хизмат тўловларини назорат қилиш, сайловолди кампанияларининг тарғибот тадбирларини амалга ошириш кабилар ўқитувчиларни обдон чарчатди.
Шундай экан, аввалги хатоларни қайтармасдан, балки инсон капиталига инвестиция киритиш тўғрироқ бўлади. Ёшларимизнинг билим олишга қизиқиши ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт.
Мазкур ҳужжатда юқорида айтилган барча муаммоларнинг ечими, уларни ҳал этиш механизмлари аниқ-тиниқ кўрсатилган.
— Халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларининг сифати ва назоратини янги босқичга олиб чиқиш бўйича бажарилаётган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз.
— Президентимиз шу йил 17 июль куни ўтказилган йиғилишда таъкидлаганидек, мактабларнинг деярли 60 фоизи таъмирга муҳтож. Умумтаълим муассасаси ҳар саккиз йилда таъмирланиши керак. Лекин жойларда қирқ-эллик йиллаб капитал таъмирланмаган мактаблар бор. Энди уларни одамлардан бўёқ олиб ямаган билан зўр ҳолатга келмайди. Уларни капитал таъмирлаш керак. Бу жуда катта маблағ ва вақт талаб қилади. Таъмирлаганда ҳам ишни сифатли бажариш шарт. Афсуски, бу борада жойларда жуда кўп нопок ҳолатлар мавжуд. Масалан, пул ажратилади. Пудратчи корхона билан келишилади, бироқ улар сифатсиз қуради. Оммавий ахборот воситалари диққат қаратиши керак бўлган жиҳат шуки, пудратчи ишни сифатсиз бажаргандан кейин мактаб директори чақирилиб, қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига мажбуран қўл қўйдириляпти. Бу ҳолатга дарҳол барҳам бериш керак. Чунки директорга мажбуран имзо қўйдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мактабларнинг қурилишида шаффофлик ҳамда ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида махсус лойиҳа ишлаб чиқдик. У ҳудудлардаги умумтаълим муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини онлайн назорат қилиш имконини беради. Ушбу тизимга stat.uzedu.uz сайти орқали кириш мумкин. У маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларига вилоят ва туманларда олиб борилаётган қурилиш ишларини мониторинг қилиш имконини яратиб, ўзига хос онлайн рейтингни кўрсатиб беради. Онлайн тизим орқали ҳар бир ҳудуддаги вазиятни туманлар ва мактаблар кесимида ўрганиш имконияти юзага келади.
Мактаб фойдаланишга топширилиши арафасида жамоатчилик назорати жуда муҳим. Бу тизим орқали кузатув кенгашлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа жамоатчилик вакиллари мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини осон ўрганади. Бу борада уларга юртдошларимиз яқиндан ёрдам беради. Дейлик, янги қурилган ёки таъмирланган бирор мактаб биносида камчиликлар аниқланганда, истаган киши тизим орқали тегишли сурат ва изоҳларни қолдириши мумкин. Натижада маҳаллий ҳокимликлар, яъни буюртмачиларнинг мавжуд барча камчиликлар бартараф этилмагунча объектларни қабул қилмаслигига асос бўлади.
Мактабларнинг лойиҳаси, дизайни, замонавий талаблар даражасида жиҳозланиши билан вазирлик қошида ташкил этиладиган махсус инжиниринг компанияси шуғулланади. У умумтаълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, махсус лойиҳалаш институтлари билан ишлайди. Лекин қурилиш аввалгидек маҳаллий ҳокимликлар зиммасида қолади. Бу йил Инвестиция дастурига кўра, маҳаллий ҳокимликлар томонидан 356 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастури доирасида 371 та мактабда капитал реконструкция ишлари олиб борил¬япти.
— Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, педагоглик касбининг нуфузини ошириш борасида бажарилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз.
— Бу ҳақда сўзлашдан аввал айни пайтдаги ҳолат хусусида муайян тасаввур ҳосил қилиш зарур.
Сир эмаски, авваллари ўқитувчиларга ҳурмат юқори даражада бўлган. Ота-оналарнинг аксарияти фарзанди ўқитувчи бўлишини ният қилган. Бугун юртдошларимизнинг 7 фоизигина фарзанди ўқитувчи бўлишини истайди. Ўқитувчиларнинг эса атиги 3 фоизи ўғил-қизи ўз касбини давом эттириши тарафдори. Бошқа давлатлар билан солиштирганда бу ниҳоятда паст, ачинарли кўрсаткич. Масалан, хитойликларнинг 55 фоизи фарзанди ўқитувчи бўлишини хоҳларкан.
Уларда бу касб эгалари ниҳоятда қадрланади. Чунки Хитойда ўқитувчи имижи бутунлай бошқача шаклланган, обрў-эътибори ҳам ўзгача. Японлар ҳам бу борада хитойликлардан қолишмайди. Япония бош вазирига мамлакат иқтисодиёти қандай қилиб бу даражага етгани ҳақида савол берилганда, у: “Ўқитувчиларга император ҳурматини, бош вазир маошини, дипломат дахлсизлигини бериш эвазига шу даражага эришдик”, деб жавоб берган. Ёки Жанубий Кореяни олайлик. Бир вақтлар узоқ давом этган урушдан сўнг бу давлат энг қашшоқ мамлакатлардан бирига айланиб қолган эди. Шундай бўлса-да, таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътиборни сира сусайтирмади. Натижада Корея Республикаси табиий бойликларсиз ҳам таълим соҳаси ва инсон капиталини ривожлантириш ҳисобига дунёнинг энг илғор мамлакатларидан бирига айланди.
Юртимизда эса ўқитувчилар ойлик маоши камлиги етмагандек, бепул ишчи кучи сифатида мунтазам мажбурий меҳнатга жалб этилган. Давлатимиз раҳбари олдимизга ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни қатъиян тўхтатиш вазифасини қўйганига қарамай, айрим жойларда бу ҳолат ҳамон давом этмоқда.
Мажбурий обуна масаласи ҳам педагогларнинг оғриқли нуқталаридан саналади. Узоқ йиллар давомида арзимаган ойлик олиб ишлаган мактаб ўқитувчилари йилига бир нечта, айрим жойларда ўнтагача нашрга мажбурий обуна қилинган. Яна концерт, спектакль ва бошқа тадбирларнинг ўтмай қолган чипталарини ҳам ўқитувчилар мажбуран харид қилган.
Ачинарлиси, шу вақтга қадар ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, уларнинг сўзига қулоқ тутадиган киши бўлмаган. Бугун улар ўз муаммолари, фикр-мулоҳаза ва таклифларини очиқ айтишлари, келгусида барча савол ва талабларини вазирлик¬нинг ишга туширилиши режалаштирилаётган www.ustozovozi.uzedu.uz сайти ёки ustoz-ovozi телеграм ботида қолдиришлари мумкин.
Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида лойиҳаси муҳокама этилаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда қатор бандлар киритилган. Жумладан, ўқувчилар, ўқитувчилар ва халқ таълими тизимидаги ходимларнинг шахсиятига ҳурмат кўрсатиш, уларни тўлиқ ҳимоя қилиш механизмлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, халқ таълими тизими ходимларининг шаъни ва қадр-қиммати оёқости қилингани ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига ахборот юбориш, юқоридаги ҳолатлар бўйича келтирилган фактлар асосида журналист суриштируви олиб бориш, ўқитувчиларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлаш кўзда тутилган.
Халқ таълими муассасалари ходимларини мажбурий меҳнат, шу жумладан, туманларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, металлолом ва макулатура йиғиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва бошқа мавсумий ишларга, йиғилишлар, сайловолди ташвиқот тадбирлари ва уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турларига жалб қилиш, давлат таълим муассасалари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш, турли товарларни (ишларни, хизматларни) сотиш, маблағ йиғишга мажбурлаш қатъий тақиқланиши алоҳида қайд этилган.
— Ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида келгусида уларга қандай имтиёз ва преференциялар берилади?
— Халқ таълими вазирлиги қошида халқ таълими тизими ўқитувчилари ва ходимларини арзон уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредитлари махсус фондини таъсис этиб, унга Ўзбекистон Республикасини қайта қуриш ва ривожлантириш фондининг 100 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтларининг 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредитларини жалб этиш режалаштирилган. Ўқитувчи ва халқ таълими ходимларини ипотека кредитлари асосида уй-жой билан таъминлаш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида махсус фонд ташкил этиш режалаштирилган.
Президентимизнинг янги — “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Халқ таълими вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат дастури асосида намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзонлаштирилган уйларнинг бир қисмини халқ таълими муассасалари ходимларига 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида бериш кўзда тутилган.
— Мактабларда жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этиладиган Кузатув кенгашларининг вазифалари хусусида тўхталсангиз.
— Янги ўқув йилидан халқ таълими муассасалари васийлик кенгашларини бекор қилиб, улар ўрнида Кузатув кенгашларини ташкил этиш масаласи кўрилмоқда. Бу кенгаш аъзолари юридик шахслар, ота-оналар қўмиталари вакиллари, собиқ битирувчилар ва ҳомийлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бўлиши режалаштирилган.
Кузатув кенгашларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлиши кўзда тутилган:
— Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан таълим муассасалари директорларини сайлаш, шунингдек, уларни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритиш;
— ўқув муассасаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш бўйича таклифлар киритиш;
— таълим муассасаларининг молиявий ва бизнес фаолияти, даромад ва бюджет харажатлари, бюджетдан таш¬қари, ҳомийлик ва бошқа воситаларни яхшилаш бўйича директорлар ҳисоботларини тинглаш;
— йиллик молиявий режалар ва харажатлар сметаларини тасдиқлаш;
— таълим муассасасининг директори томонидан пуллик хизматлар учун тарифлар миқдори, таълим муассасаси бинолари ва бошқа мулкларининг ижарага берилишини тасдиқлаш;
— таълим сифати, ўқитувчиларнинг билим ва педагогик маҳорати, ўқувчиларга яратилган шароитлар юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
— ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог ва раҳбар ходимлар ҳақидаги фикрларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш;
— таълим муассасасини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларда иштирок этиш.
— Келгусида мактаб директорлари қай тарзда тайинланади?
— Таълим муассасалари директори лавозимига номзодни жойларда давлат ҳокимияти органлари томонидан тайинлаш амалиёти мактаб бошқарувининг самарасиз тузилмаси ҳамда ваколатларининг нотўғри тақсимланишига олиб келди. Директор зиммасига асосий фаолиятига тегишли бўлмаган жуда кўп вазифалар юклатилиб, директор ўринбосарларининг жавобгарлиги сусайди, ўқитувчиларнинг илғор тажрибаси ва фидокорона меҳнати учун рағбат йўқолди.
Шу боис, умумтаълим мактаблари раҳбарларига қўйиладиган малакавий талабларни кўриб чиқиб, келгусида менежер кўникмалари талабларини киритиш, директорларга гувоҳномалар бериш тизими ва директор ўринбосарлари масъулиятини ошириш кўзда тутилган.
Айни пайтда мактаблар халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маркази ҳисобланади. Мактаб директори ҳудудда таълим ва тарбия учун асосий жавобгар ва масъул шахслардан биридир.
Мактаб директори таълим муассасасида иш фаолиятини замон талабларига мос тарзда тўғри йўлга қўя оладиган, ўқитувчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, уларга сифатли таълим бериш йўлида таянч, чинакам етакчи бўлиши талаб этилади.
Лойиҳага асосан, мактаб директорлигига номзодлар жамоа билан ишлаш кўникмасига, лидерлик ва тадбиркорлик қобилиятига эга бўлган, ўқувчилари фахрли натижаларга эришган ўқитувчилар орасидан танлаб олинади.
Танлаб олинган номзодларнинг Кузатув кенгаши олдида мактаб фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва мактабнинг бюджетдан ташқари маблағ топишини йўлга қўйиш каби бир неча ҳолатлар бўйича тақдимотлари ташкил этилади. Сўнгра улар орасидан энг илғори сайлаб олинади. Сайланган директорнинг Кузатув кенгаши олдида кунлик фаолияти юзасидан ҳисобот бериб бориши йўлга қўйилади. Бундан кўзланган мақсад мактаб фаолиятини ташкил этишда, сифатли таълим беришни йўлга қўйишда жамоатчилик назоратини ўрнатишдир.
— Юртимизда инсон капиталини ривожлантириш, халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун яна қандай ишларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайсиз?
— Ривожланган мамлакатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, таълим соҳасини такомиллаштириш иқтисодиётнинг ўсишига олиб келишига гувоҳ бўламиз. Албатта, бунда демографик дивиденд ҳам муҳим роль ўйнайди. ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти директори ўз маърузасида демо¬график дивиденд ҳақида муҳим маълумотларни келтираркан, бу атама аҳолининг ишлаш лаёқати ошгани ҳисобига туғилишнинг бироз камайишини англатишини айтади. Масалан, Жанубий Кореяда 1960-йилларда бир аёлга 6 нафар бола тўғри келган бўлса, 1989-йилларда бу кўрсаткич 2 нафарни ташкил этган. Ўзбекистонда айни пайтда бир аёлга 2-2,6 бола тўғри келмоқда. Яъни, бугун биз эришган босқичга Жанубий Корея қарийб 30 йил аввал эришган. Агар ҳозир таълим соҳасига катта эътибор қаратсак, 20—30 йилдан кейин биз ҳам қулай демографик дивидендга эришамиз. Демографиянинг муҳимлиги шундаки, у ҳар қандай иқтисодий сиёсатнинг асосий қисми саналади. Корея Республикаси демографик дивиденддан доим оқилона фойдалангани учун уларда ривожланиш суръати юқори. Аммо биз Кореяга етиб олишимиз учун жараённи босқичма-босқич амалга оширишимиз зарур.
Халқ таълими соҳасини ислоҳ этишда, биринчи навбатда, молиявий тизим шаффофлигини таъминлаш лозим. Мактабларга ажратиладиган пул миқдорини оширган ҳолда, сарфланишини расман назорат қилиш керак. Чунки ҳалигача мактабларда пулни тўғри йўналтириш механизми йўлга қўйилмаган.
Кўп ҳолларда мактаб харажатлари учун давлат томонидан ажратилган маблағлар директор ва бошқа раҳбарлар томонидан ўзлаштириб кетилган. Натижада мактаблар ривожлантирилмай қолган. Бу эса ота-оналарнинг давлат таълим муассасаларидан ҳафсаласи пир бўлиб, фарзандини хусусий мактабларга беришига сабаб бўлмоқда. Аслида, ота-оналарнинг фарзандининг яхши мактабда ўқишини исташи табиий ҳол. Лекин бу бир ҳудуд мактабларида коэффициентнинг бузилишига сабаб бўляпти. Айрим мактабларда болалар ниҳоятда кўп, айримларида эса етишмайди. Баъзи мактаблардаги синфхоналарда 50 нафарлаб ўқувчилар ўтириши шундан. Агар ҳамма мактаблар бирдек ривожлантирилиб, етарлича молиялаштирилса, бу муаммо бартараф этилади.
Таълим сифатини ошириш учун мамлакатимизда хусусий мактабларни кўпайтириш керак. Уларни қуриш учун бизда жой ҳам, тадбиркорлар ҳам етарли. Бироқ нима учундир ҳамма ўзини дўкон ёки тўйхона қуришга уряпти. Бунинг ўрнига тадбиркорлар битта бўлса ҳам хусусий мактаб қурса, юзлаб болаларнинг сифатли таълим олишига ҳисса қўшган бўлади.
Мактабларда замонавий технологиялардан фойдаланишни кучайтиришимиз лозим. Бугун давр — янгича. Аввалгидек ахборот технологияларини тушунмайман, деган гаплар кетмайди. Ҳозир ахборот оқими ниҳоятда юқори. Илғор педагог кундалик янгиликлардан бохабар бўлиб, замон билан ҳамнафас яшаши лозим. Шундагина у ўқувчиларига янада кўпроқ билим бера олади.
Мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет етишмаслиги сабабли бошқарув тизими яхши йўлга қўйилмаган. Ҳатто ўқувчилар сони ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Аввалроқ олий ўқув юртларида электрон таълим дастури ишга туширилганди. Ушбу тизим мактабларда ҳам йўлга қўйилса, уларнинг ҳолатини ҳам аниқ рақамларда кўриб бориш, ҳисоб-китобларни автоматлаштириш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун қишлоқ мактабларида ҳам интернет тармоғини яхшилаш, ундан фақат директор эмас, барча ўқувчиларнинг фойдаланишини йўлга қўйиш лозим. Шундагина кўзланган натижаларга эришилади.
Айтиш жоизки, биз халқ таълими соҳасида кескин бурилиш қилмоқчимиз. Аммо бу қисқа фурсатда амалга ошадиган жараён эмас. Тўғри, юртдошларимиз бирданига ҳамма иш яхши томонга ўзгаришини, эртадан мактаблардаги барча муаммолар ҳал этилишини кутяпти. Бироқ бунинг учун бир неча йиллар зарур. Сабаби, тизимдаги муаммолар бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ, йиллар давомида тўпланиб келган. Шулардан бири академик лицей ва коллежлар пайдо бўлгач, мактабларга етарлича эътибор қаратилмаганидир. Аксарият бюджет маблағлари ва ресурслар ўрта махсус таълимга йўналтирилган. Бунинг исботи ўлароқ, юртимиздаги барча коллеж ва лицейлар биноларига қаранг, уларнинг ташқи ва ички кўриниши исталган мактаб биносиникидан яхши. Ҳатто штат бўйича олиб қаралганида ҳам, орадаги фарқ сезилади. Яъни, мактаб кутубхоначилигига битта ўрин ажратилган бўлса, коллеж кутубхонасига етти иш бирлиги ажратилган. Бироқ охир-оқибат бу тизим ўзини оқламади. Бу орада мактабларда таълим сифати пасайгани, етарлича маблағ ажратилмагани ҳисобига таълим муассасалари биноларининг эскириб, яроқсиз ҳолга келгани қолди. Гарчи бу муаммоларга халқимиз кўз юмиб келган бўлса-да, статистик маълумотлар барчасини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.
Кўриб турганимиздек, таълим соҳасида ечилиши керак бўлган муаммолар кўп. Уларни бартараф этиш учун бизга бир неча йиллар зарур. Аммо муҳими, илк қадамлар ташланди ва буёғига ортга чекиниш йўқ!
Ҳусан НИШОНОВ суҳбатлашди.