Aнъанавий август кенгашлари
Шу йилнинг 15–17 август кунлари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғояни ўзида мужассам этган анъанавий август кенгашлари республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтказилди. Йиғилишларда халқ таълими бўлими методистлари, илғор тажрибага эга, ижодкор ўқитувчилар фаол иштирок этди.
— Ўқув-семинарларда умумтаълим мактабларининг раҳбарлари, директорнинг ўринбосарлари, психолог ҳамда барча фан ўқитувчилари билан таълим соҳасида эришилган ютуқлар сарҳисоб этилиб, 2018-2019 ўқув йилида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди, — дейди Республика таълим марказининг ўқув-тарбия жараёнига инновацияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Феруза Олимова. — Тренерлар услубий тавсиялар билан таништирилди. Шунингдек, «Дарслик ва ўқув дастурларидаги ўзгаришлар ҳамда қўшимча адабиётлардан фойдаланиш йўллари» мавзусидаги маъруза, 2018-2019 ўқув йили учун фанлар ва синфлар кесимида иш режа ва дарс ишланмаларнинг намунавий лойиҳалари тақдимоти йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Шўъба йиғилишларида дарсларни ноанъанавий ташкил этиш усулларидан самарали фойдаланиш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқа¬ли таълим сифатини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
* * *
Олмазор туманидаги 146-мактабда анъанавий август кенгашларининг фанлар бўйича шўъба йиғилишлари ўтказилди.
— Семинар иштирокчиларига меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш, ёш мутахассисларга методик ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотлар берилди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Исломова. — Шунингдек, мактаб директори ва фан ўқитувчилари томонидан дарс таҳлиллари олиб бориш, методика бирлашмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, “Ижодкор ўқитувчи лабораторияси”ни ташкил этиш бўйича берилган кўрсатмалар педагогларга қўл келади.
Тадбир сўнгида таълим сифатига самарали ҳисса қўшган педагог ходимлар муносиб тақдирланди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА