Янги қарор умид бағишламоқда
Президентимизнинг шу йил 15 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқ таълими тизимида кескин ижобий бурилишга асос бўлади. Қарорда педагоглар нуфузини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни ўқиб, қалбимиз таскин топди.
¡тган йиллар мобайнида мактаб таълими тизимида қатор камчиликлар юзага келган, уларнинг аксари таълим сифати ва ўқитувчилар шахси билан боғлиқ эди. 2002 йили ёш ўқитувчи эдим. Пахта теримига чиқмаганим учун ишдан бўшатишди. Йиллар ўтиб мажбурий меҳнат турлари кўпайди. Устозлар кўча тозалаб, чиқинди йиғиштирган, девор оқлаган, уйма-уй юриб анкета тўлдирган... Оқибатда омма орасида ўқитувчилар ҳақида латифалар кўпайиб кетди. Бозорда мол олаётиб қаттиқроқ савдолашсангиз, “Ўқитувчимисиз?” деб сўрайдиган бўлишди. Аслида, ўқитувчининг мақоми қандай бўлиши керак, ижтимоий ҳимояси-чи?
Қоғоз жон сақлайди
Мактабда ўқитувчидан ҳар бир босган қадами учун қоғоз талаб қилиниши одатга айланди. Ўқитувчи 20 дан зиёд ҳужжат тўлдиради. Яна ҳисоботлар, йиғилишлар. Бундай шароитда дарсга ижодий ёндашишга вақт қайда! Замонавий усулда бир соат дарс ўтишга тайёргарлик кўриш учун 2 соат вақт етмайди. Муаллим изланиши, ёзиб-чизиши, материаллар тўплаши, слайдлар яратиши керак.
Бунинг ўрнига эса улар дарсдан сўнг ўнлаб ҳужжатларни тўлдириш билан банд бўлишди. Чунки қоғоз жон сақлайди. Камдан-кам текширувчи дарс кузатади, 90 фоизи ҳужжат титкилаши ҳаммамизга аён. Қарорга биноан, ўқитувчилардан мактаб ўқувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Паст баҳо — ортиқча ташвиш
Баҳо — болага таъсир ўтказувчи, дарсга қизиқтирувчи, интилишга ундовчи энг яхши қурол. Афсуски, бу қуролдан тўғри ва ҳаққоний фойдаланиш ҳам ҳужжатлар билан чеклаб қўйилди. Ўқувчига 2, 3 баҳо қўйган муаллим ўзига ортиқча меҳнат сотиб олади. Энди у қўйган баҳосини тўғрилаш учун алоҳида бўшлиқ дафтарини тутиши, мавзуларни тузиб чиқиши, бола билан индивидуал шуғулланиши керак. Паст баҳо қўйган ўқитувчининг директор фондидан устама олиши амри¬маҳол. Сифат кўрсаткичи пасаяди. Ортиқча юк унга керакми? Натижада баҳолар қалбакилаштириладиган бўлди.
Таълим сифатини ошириш, бўшлиқларни камайтиришда биргина ўқитувчининг саъй-ҳаракати камлик қилади. Мактабда маҳалла оқсоқоли, участка нозири хонасининг ташкил этилгани ҳозирча натижа бергани йўқ. Мактаб учун янги меъёрий ҳужжатлар керак. Мисол учун, фанларни паст ўзлаштирган, имтиҳонлардан ўтолмаган битирувчиларга етуклик шаҳодатномаси ўрнига 11-синфда ўқигани тўғрисида маълумотнома бериш лозим. Бу маълумотнома билан бола бирорта ҳам давлат ташкилотига ишга қабул қилинмасин, олий ўқув юрти ёки коллежда ўқиш ҳуқуқига эга бўлмасин. Аммо унга ўрта маълумот олиш учун ҳар йили қайта имтиҳон топширишга рухсат берилсин (ахир, 11 йиллик таълим ўз номи билан мажбурий-ку). Ана шунда ўқувчи етуклик шаҳодатномасини олиш учун яхши ўқий бошлайди.
Таниш-билишчилик, порахўрликнинг олдини олиш учун барча битирувчиларни ягона давлат имтиҳонидан ўтказиш ҳам самара беради. Яъни, битирувчилар асосий фанлардан давлат имтиҳонларини Республика тест маркази орқали тест усулида топширишлари лозим. Ягона давлат имтиҳонининг афзалликлари шундаки, биринчидан, бу ўқувчиларга олий ўқув юртига кириш олдидан ўзига хос репетиция бўлса, иккинчидан, мактабнинг ҳақиқий рейтинги намоён бўлади, ўқитувчининг иши яққол кўринади. Агар имтиҳонда тўпланган баллар олий ўқув юртига кириш балларига қўшиб берилса, янаям яхши бўлади. Ана шунда ўрта маълумотнинг қадри ортади, педагогларга муносабат ўзгаради, мактаблар орасида рақобат юзага келади.
Ўқитувчи обрўсини тўкаётган яна бир омил — мактаб таъмири масаласидир. Хоҳлайсизми-йўқми, мактабни таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғилади. Сабаби, давлат томонидан ажратилган маблағ етмайди. Бу йил 500 нафар ўқувчиси бўлган мактабимизни ўзимиз — ўқитувчилар таъмирладик. 8 миллион сўм сарф¬ланган бўлса, 3 миллион сўми ҳомийлар, ўқитувчилар, ота-оналардан йиғилди. Фарзандидан таъмир учун пул сўраган ўқитувчини қайси ота-она яхши кўради?
Ойликка ким хўжайин?
Ҳар гал ойлик маош олар эканман, ундаги ушланмаларни кўриб ҳафсалам пир бўлади. Ўзимиз ишлатган электр, газ, ер солиғига ушлаб қолинса, майли. Кўчамизда ичимлик суви йўқ. Уни бир чақирим наридан ташиб келамиз. Чиқинди машинаси кўчамизга 6 ойда бир келмайди. Аммо улар учун ойлигимиздан кесиб қолинаверади. Қизиғи, бунда бухгалтерия сиздан бир оғиз ҳам сўрамайди. Яна, турли-туман концертлар, саёҳатлар, учрашувларда қатнашиш шарт. Ўйлашимча, бундай тажрибаларга чек қўйиш пайти келди.
Президентимиз ташаббуси билан “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари” ташкил этилиши ҳам янгилик. Мен бу хиёбонларда кутубхоналар, китобхонлик, маънавий-маърифий, кўнгилочар кечалар ташкил этилиши ва унда ёш авлод, кенг жамоатчилик билан бирга ўз ишидан, фаолиятидан мамнун, бахтиёр кайфиятдаги ўқитувчиларнинг ҳордиқ чиқаришларини ва натижада кўтаринки кайфият билан ўқувчиларга сифатли таълим беришларини истар эдим.
Янги қарор шу каби муаммоларимизни ечишда бизга умид бағишламоқда. Халқ таълими ходимларига берилаётган имтиёзлар шояд қаддимизни яна тоғдек кўтарса!
Ғайратжон ИСОҚОВ,
Учкўприк туманидаги 31-мактаб ўқитувчиси