Ўқувчилар яратган дронлар, аудиокитоблар, янги форма тақдимоти ҳаммаси мактаб ярмаркасида
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан мактаб ярмаркаси ташкил этилди. Унда мамлакатимизда фаолият юритаётган бир қатор нашриётлар, кутубхоналар, “Баркамол авлод” Республика болалар ижодиёти марказлари ўз намунавий ишлари, ўқув маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Ярмаркани Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов очиб берди. Даврада янги жорий қилинган мактаб формаси намойиш этилди. Ўқитувчилар ва ота-оналар форманинг матоси, бичими билан яқиндан танишдилар.
Кўргазмадан бадиий адабиётлар, янги дарсликлар, болалар энциклопедиялари, қатор нашрлар, аудиокитоблар ўрин олди.
Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва ўринбосарлари билан кечган брифингда эса журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Хусусан, охирги икки ой давомида эришилган натижалар кўриб чиқилиб, мактаб таълимини ривожлантириш, ўқитувчилар обрўсини ошириш, қоғозбозлик ва ортиқча мажбуриятларни камайтиш, таълимга янги инновацияларни жорий этиш ва яна ўнлаб муҳим масалалар юзасидан кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берилди.
Ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида “Устоз овози” қўнғироқ маркази (колл-центр) ва telegram bot-ни яратилиш устида иш олиб борилаётгани ҳам чинаккам хушхабар бўлди.
Зилола МАДАТОВА