Энг обод мактаб аниқланди
Мактаб — илму маърифат маскани. У ўқувчиларга билим берибгина қолмай, ёшлар қалбида эстетик дид, атроф-муҳит ободлигига эътибор, қадрдон масканга меҳр каби фазилатларни тарбиялайди. Таълим муассасасининг қандайлигини ташқи қиёфасига қараб сезиш қийин эмас. “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёти марказида ўтказилган “Энг обод таълим муассасаси — 2018” кўрик-танловининг республика босқичида ана шундай обод таълим масканлари сараланди.
Юртимиздаги умумтаълим мактабларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган танлов июнь—август ойлари давомида республиканинг барча ҳудудларида ўтказилди.
— Танловнинг қуйи босқичларида мактаблардаги барча педагог-ходимлар, ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этди. Айниқса, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Наманган вилояти халқ таълими бошқармалари бу борада фаоллик кўрсатди, — дейди Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Акбар Тоғаев. — Ушбу танлов таълим муассасаларидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Якуний натижаларга кўра, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати “Йилнинг энг обод таълим муассасаси” деб топилди. Навоий шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактаби иккинчи, Самарқанд шаҳридаги 66-умумий ўрта таълим мактаби учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Суҳроб ЗИЁДОВ