Таълимни такомиллаштириш дарслари
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида жорий йилнинг 24 августида бошланган «Мактабгача ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасидаги семинар-тренинг бугун ўз ниҳоясига етади.
Таълимни бошқариш, ўқитиш методлари ва методологик ёрдам, ахборот-коммуникация технологиялари, инклюзив таълим, чет тилларни ўқитиш, масофавий таълим модулларини ўз ичига олган бу ўқувлар Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти ҳисобидан молиялаштирилган грант лойиҳаси доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилди.
— Семинарга юртимиздаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларидан келган 200 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар келгусида тренер сифатида республикамиз бўйича 200 минг нафар ўқитувчини “Каскад” усулида ўқитади, — дейди лойиҳа координатори Дониёр Болтабоев. — Бу умумий ўрта таълим тизимида ўқув фаолияти сифати ва таълим жараёнида ўқувчилар компетенциясини оширишга хизмат қилади.
Машғулотларда халқ таълими соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан методик ёрдам кўрсатилди. «Идентификацион карточка», «XXI аср ўқитувчисининг портрети», «Мона Лиза табассуми», «Симпсон саҳроси», «Кўприк ясаш», «Осмонўпар бино» сингари интерфаол машқлар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мисол учун, «Кўприк ясаш» усулида таълим соҳаси кенг дарё деб олинса, қандай жиҳатлар кўприк сифатида ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлашда кўзланган мақсадга элтиши педагогларни чуқур, аниқ ва жўяли фикр айтишга ундади. “Боланинг ҳаётий кўникмаларини аниқлашда ўқитувчининг роли”, “Кичик гуруҳларда ишлаш орқали шахсга йўналтирилган таълим бериш қоидалари”, “¡қув материаллари яратиш ва сифатини баҳолаш”, “Ўқув мақсади ва самарадорлигини баҳолаш стратегиялари”, “Дарсда савол бериш усулларини ўзгартириш” каби мавзулардаги амалий машғулотлар тингловчилар учун айни муддао бўлди.
— Интерфаол машғулотларда гуруҳларга бўлинган ҳолда масофавий таълим бўйича халқаро тажрибалар ва унинг истиқболларини ўргандик, — дейди Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази муҳандис-дастурчиси Лобар Жўраева. — Ўқув модули тренери Санжар Эшқобиловнинг услубий кўрсатмалари ёрдамида интернет тармоғи орқали ривожланган мамлакатлар олий ўқув юртларининг масофавий таълим технологиялари, онлайн курслари, замонавий платформалар билан танишдик.
Тренинг машғулотларида “Ўқитувчилар малакаси ва компетенцияларининг умумевропа тамойиллари”, “Ўқитувчи малакаси — таълим сифатини оширишда муҳим омил”, “Анъанавий ва замонавий таълим технологияларини таққослаш” мавзуларидаги тақдимотлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ