Янги ўқув йилига шаймиз!
2018-2019 ўқув йилида Учқудуқ туманидаги умумтаълим муассасаларининг 1-синфига қадам қўядиган 870 нафар ўқувчи “Президент совғаси”ни тантанали қабул қилиб олади.
Бунинг учун умумтаълим мактаблари, синфхоналар ватанимизнинг энг улуғ ва энг азиз айёмига монанд безатилди. Умумхалқ ҳашарида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, мактаблар атрофи тозаланди, дарахтлар оқланди.
Шунингдек, Учқудуқ туман халқ таълими бўлими мутасаддилари Зарафшон шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларининг ногиронлиги бор ўқувчилари ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан қутламоқда. Ўғил-қизларни бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доим ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга ундаш мақсадида кенг жамоатчилик ўртасида “Энг катта бойлигимиз — тинчлик ва барқарорлик”, “Ўзбекистон — дунё нигоҳида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказиляпти.
Яқинда “Истиқлолимизнинг ёрқин кўзгуси” мавзусида юртимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Жорий йилнинг 3 сентябридан 8 сентябригача “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори моҳиятини ўқувчи-ёшларга тушунтиришга қаратилган жонли мулоқотлар ва давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ва иншолар танлови ўтказилмоқда.
Мустақиллик байрамига бағишланган “Мустақиллик дарси”, “Эрталабки сафланиш”, “Очиқ дарс”ларни ўтказиш юзасидан тавсиялар ҳамда “Мустақиллик байрамини ташкил этиш ва ўтказиш” бўйича намунавий сценарийлар ишлаб чиқилди.
Маънавий-маърифий тадбирларда доимо огоҳ ва маънавий уйғоқ бўлиб яшаш, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг мазмунини очиб бериш вазифаси белгилаб олинди.
Зебо РАҲИМОВА, Учқудуқ туман халқ таълими бўлими мутахассиси