Янги ўқув йили янгиликлари
Янги форма: қулайлик, тенглик
Янги ўқув йили арафасида мактабларда ягона ўқувчи формаси жорий қилинди.
— Ягона мактаб формаси ўқувчилар ва ота-оналарга жуда манзур бўлди, — дейди Асака туманидаги 55-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Моҳира Раҳимова. — Бир хил матодан, давлат стандарти асосида тикилган либос ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлайди.
Ягона мактаб формаси келгуси ўқув йилидан мажбурий бўлиб, 2018-2019 ўқув йилида ўқувчилар аввал амалда бўлган формадан фойдаланишлари мумкин.
Ойлик маошлар оширилди
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида халқ таълими тизимига қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 баравар, юқори синф ўқитувчиларига ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 баравар, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 баравар, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 баравар, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
Устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олганда бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психологларнинг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.
Ўқитувчиларга автокредит берилади
Ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган янги уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида бериш, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар ажратиш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш белгиланди.
Аълочиларга кумуш ва олтин медаллар
2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейларнинг барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган, хулқ-атвори намунали, жамоат ишларида фаол бўлган битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.
“Устоз овози”
Ўқитувчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспектор — “Устоз овози” қўнғироқ маркази ва “Телеграм” бот ишга туширилди. Айни пайтда синов тариқасида ишлаётган лойиҳа орқали педагоглар ўз ариза, шикоят ва таклифларини исталган усулда — ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда йўллаши мумкин. Бунинг учун 1009 қисқа рақамлари орқали “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш ёки @Ustoz_Ovozi_bot “Телеграм” боти ёхуд “ustozovozi. uzedu.uz” манзили орқали мурожаат этиш кифоя. Эътиборлиси, мурожаат ва шикоятларга матн, фото, аудио ва видео кўринишидаги файлларни илова тариқасида юклаб жўнатиш имконияти яратилган.
Шунингдек, виртуал инспекторга келиб тушган, кўриб чиқилаётган ва ҳал этилган мурожаатларнинг миқдорий таҳлили онлайн акс эттирилган.
Қурилишни жамоатчилик назорат қилади
Мактаблар қурилишида пудратчини аниқлаш, молиялаштириш ҳамда қурилиш ишлари сифатини баҳолаш ҳар доим ҳам очиқ-ошкора ва сифатли бажарилмагани, бу борада кучли жамоатчилик назорати ўрнатилмагани турли муаммоларга сабаб бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан Инвестиция дастури ва “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) давлат дастури доирасида умумий ўрта таълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини онлайн мониторинг қилиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, режадаги ишларнинг шаффофлиги ва сифатини таъминлашга қаратилган ахборот тизими амалиётга жорий этилди.
Бу тизим маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига вилоят ва туманларда амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни мактаблар кесимида ўрганиш имкониятини яратади.
У орқали ҳар бир киши ўз фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фикр, мулоҳаза ва таклифларини билдириши мумкин.