Халқ таълимига янгича ёндашув
Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар умумтаълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этмоқда. Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони педагогик жамоамизни янада руҳлантирди.
Фармонни ўрганиш жараёнида жамоамиздаги 76 нафар педагогнинг барчаси оилада ва мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан мониторинг ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб олди. Мактабимизда фаолият юритаётган 32 нафар ёш педагогга эса ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан ишлаш бўйича ўз касбий маҳоратларини ошириб бориши зарурлиги уқтирилди.
Бу йил масканимиз математика-информатика бўйича таянч мактаб этиб белгиланди. Барча фанлар кесимида таълим беришнинг инновацион усулларини жорий этиш асосий мақсад қилиб олинди.
Масалан, энди раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизм татбиқ этилади. Шаффоф жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида электрон рейтинг тизими йўлга қўйилади.
Фармоннинг ўзига хос яна бир жиҳати, эндиликда таълим муассасалари чин маънода мустақил фаолият олиб боради. Шу кунгача бошқарма, бўлим бошлиқлари, ҳатто мактаб директорини тайинлашда ҳам маҳаллий ижро этувчи органлар билан келишишга мажбур бўлинарди. Фармонга кўра, бу ишлар фақатгина Халқ таълими вазири томонидан амалга ошириладиган бўлди.
Умумтаълим муассасаларидаги васийлик кенгашлари тугатилиб, фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган кузатув кенгашларининг ташкил этилиши ҳам мактаб бошқарувида янгича ёндашув бўлиб, таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши муқаррар.
Таълим муассасамиз педагогларининг билимлари ўтган ўқув йилида ўтказилган аттестация жараёнларида юқори балл билан баҳоланди. Ўқувчиларимиз ҳам фан олимпиадалари ва билимлар беллашувининг республика ва вилоят босқичида фахрли ўринларни қўлга киритишди. Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур фармон бизга ўтган йилги натижаларимизни қўлдан бермай, уларни ўн чандон ошириш йўлида меҳнат қилишга ундайди.
Анора МАҲМУДОВА, Гурлан туманидаги 5-мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони