Одил бошқарув муваффақиятларни юзага келтиради
Шу вақтгача ўқитувчиларни ташвишга солган энг катта масала ўз вазифасидан кўра кўпроқ кераксиз ишларга вақт сарфлаётгани эди. Ҳар сафар бажарилган тадбирлар ҳисоботи, қилинган ишлардан гувоҳлик берувчи фотосуратларни жамлаб, текширувчи учун ҳужжат тайёрлар эканмиз бу кераксиз ишлардан кўра, бир ўқувчини ёнимизга ўтирғизиб, алоҳида шуғулланганимиз маъқул эмасмиди, деб ўйлардик. Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўқитувчилар ва мактаблар фаолиятига асоссиз аралашувлар, таълимга алоқаси бўлмаган ташкилот ва органлар томонидан келувчи текширувларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани ва бунга чора кўришга урғу берилгани айни муддао бўлди. Мактабга келувчи комиссиянинг текширув ишига ёндашувини тартибга солиш ўқитувчилар ишини анча енгиллаштиради. Ортиқча қоғозбозликнинг олди олинади.
Ўқитувчилар янги ўқув йилини бу йил ўзгача иштиёқ билан бошлади. Жамиятда муаллим нуфузини ошириш борасида бошланган ишлар, кўзда тутилган имтиёзлар уларни руҳан тетиклаштирди. Фармонда ўқув-тарбия жараёнига бош¬қарувнинг янги механизмларини ва сифат стандартларини жорий этиш, умумтаълим мактабларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, халқ таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратишга ҳам аҳамият қаратилди. Нафақага чиққан ўқитувчиларга пенсия пули тўлиқ миқдорда берилиши ҳам янгилик бўлди. Бу масалалар ўз ечимини топиши мактабларимизда илғор, билимли ва маҳоратли, тажрибали кадрлар кўпайишига асос бўлиши шубҳасиз.
Мактаблар кўп йиллардан буён маҳаллий ҳокимликларнинг кўплаб норасмий буйруқларига бўйсуниб келарди. Бунинг натижасида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш авжига чиққанди. Айниқса, чекка ҳудудларда мактаб раҳбарлари ҳокимиятнинг “беминнат дастёри”га айланиб қолди. Бу муаммо мактаблардаги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатарди. Энди маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мактаб таълими йўналишидаги вазифа ва ваколатлари тартибга солинади ҳамда мазкур муаммо бартараф этилади.
Айтиш керакки, янги ўқув йили таълим тизимида тарихий воқеликларга бой бўлди. Олдимизда ҳали қилинадиган ишлар бисёр. Бу мақсадда барча халқ таълими ходимлари бирдамликда ҳаракат қилсак, тизимда катта ижобий ўзгаришларни амалга оширишимиз шубҳасиз.
Маъруфжон ТЕШАБОЕВ, Косонсой туман халқ таълими бўлими мудири