Мактабларга электрон қабул
Ҳар бир ота-она фарзанди ишончли қўлларда, сифатли таълим олишини истайди. Шу сабаб бола мактаб ёшига етганда уни қайси мактабга бериш масаласи оилада кун тартибига қўйилади. Ота-она танишлар, қўни-қўшни ва қариндошлардан қайси муассасада яхши муаллимлар дарс бериши, қаерда таълим сифати, тартиб-интизом юқори савияда эканини суриштира бошлайди. Ниҳоят ўзлари ва фарзандлари учун энг маъқул мактабни танлаб, ҳужжатларни тақдим этишганда барча ўринлар банд бўлгани учун рад жавобини олишади. Ҳар йили янги ўқув йили арафасида аксарият ота-оналар шу каби муаммога дуч келади.
Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, энди бундай салбий ҳолатларга чек қўйилади. 2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари марказлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди.
— Қизимни келаси йили мактабга беришим керак, — дейди Тошкент шаҳрида яшовчи Муборак Воҳидова. — Қизим ҳозирдан “Қачон мактабга бораман?” деб ҳоли-жонимга қўймайди. Эндиликда фармонга кўра, мен каби оналар сарсон бўлмайди.
Фармонда белгиланган яна бир ўзига хос жиҳат, кейинги йилдан умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилади. Натижада ҳар бир фуқаро тумани ёки шаҳрида қайси мактаб қандай ўриндалигини кузатиб бориши мумкин. Мактаблар ўзига кўпроқ ўқувчи жалб қилиши учун сифатга эътибор бера бошлайди. Натижада, мактаблараро рақобат муҳити вужудга келади.
Энг муҳими, бу маълумотлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ орқали аҳолига етказиб борилади.
Суҳроб ЗИЁДОВ