Раҳбар менежер бўлса мактабнинг нуфузи ошади
Мактаб директори лавозимига тайинланганимдан бери муассасада қўшимча маблағ топиш ишларини йўлга қўйиш ҳақида қайғураман. Президентимиз фармонидан шу саволга жавоб олдим. Фармонга кўра, энди кўчмас мулкни ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ва ижара марказларига, қолган қисми эса электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин — Халқ таълими муассасаларини ривожлантиришнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига ажратилиб, жами сумманинг 10 фоизи умумтаълим муассасаси раҳбарини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.
Пойтахтимизда узоқ йиллардан бери бюджетдан ташқари маблағ топиб, ўзини ўзи таъминлаб келаётган мактаблар йўқ эмас. Аммо уларда талай муаммолар бўлган. Туман молия бўлими томонидан ҳар йили январь ойида мактаблар сметаси учун маълум сумма белгиланади, аммо ҳисоб рақамида маблағи бўлган мактаблар бундан мосуво. Аслида давлат таъминотидаги ҳар қандай мактабга пул ажратилиши керак. Лекин вазият шундай бўлгандан кейин, барча коммунал тўлов ва бошқаларга қўшимча маблағдан тўланган. Маблағлар мактабнинг моддий-техник базаси учун етмаган. Энди орттирилган пул барча эҳтиёжларимиз учун етади.
Мактаб жамоаси билан келишган ҳолда қўшимча маблағ топишда ўз фаолиятимиздан узилмасдан, таълим хизматлари кўрсатишни мақсад қилдик. Дарсдан сўнг ўқувчиларга турли йўналишлар бўйича таълим беришни йўлга қўймоқчимиз. Албатта, бу ота-она учун ҳам, ўқувчи учун ҳам жуда қулай. Ота-оналар билан шартнома асосида ишласак, келадиган даромад мактаб ҳисоб рақамига тушади. Ўқитувчиларга эса соатбай иш ҳақи тўланади. Қолган сумма мактаб таъминотига ажратилади.
Халқ таълими вазирининг бугунги кун директори менежер бўлиши керак, деган фикрлари дафъатан ёдимга келди. Ҳақиқатан ҳам, раҳбар ишбилармон бўлса, мактабнинг ҳам, ўқитувчининг ҳам нуфузи ошади.
25 сентябрдан мактабимизда пулли ўқув курслари иш бошлайди. Жамият ривожи йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Дилора ЖЎРАЕВА, Яшнобод туманидаги 255-мактаб директори