Ўқитувчи мавқеи ҳар нарсадан устун!
“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 21 апрель сонида чоп этилган “Мажбурий меҳнат тугади, ўқитувчи энди озодми?” (муаллиф Шаҳноза Тўрахўжаева) сарлавҳали мақолани ўқиб, дилимдаги неча йиллик яраларга малҳам топгандек бўлдим.
35 йиллик фаолиятим давомида мақолада келтирилган муаммоларнинг деярли барчасига дуч келдим. Болаларга меҳрим жуда баланд, ўқитувчи бўлишни болалигимдан орзу қилганман. Аммо баъзида эрталаб ишга боришни ўйласам, қалбимда қандайдир ғашлик уйғонарди. Яна таълим-тарбияга дахли бўлмаган масалалар билан банд бўлиш ўқитувчи иштиёқини йўққа чиқариши турган гап. Ўқитувчи аввало ? инсон. Ҳар қандай инсон қурби етганча масъулиятни зиммасига олади. Ортиғи — ортиқ. Биз педагоглар касбий маҳоратимизни максимал даражада кўрсатишда кучли акс зарбалар таъсирида қолганимиз рост.
Эсимда 5-6 кг занглаган темир-терсакни қаерлардандир тўплаб, қоп орқалаб кетаётганимда ўқувчиларим бир-бирига нималар деб шивирлагани, уйма-уй кириб, пахта теримига ундаганимда фарзандининг соғлиги ҳақида куйиниб гапирган онага ҳеч нима деёлмай, йиғилишларда гап эшитганим… Эҳ-ҳе, бундай мисолларни келтираман десам, газетанинг саҳифалари ҳам етмаса керак. Хўш айтинг-чи, шунақа ҳолатларни кўрган ўқувчи ёки ота-она олдида ўқитувчининг обрўйи нечоғлик бўлиши мумкин?
Ўқитувчи деган номга лойиқ бўлиб, раҳбарият, ота-оналар, ўқувчилар, аввало, жамият олдида бизга билдирилган ишончни оқлаб, вазифамизни сидқидилдан бажариш учун ортиқча машмашалардан холи бўлишимиз шарт!
Шариф НАЗАРОВ, Шофиркон туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси