Логопедик шохобча ўзини оқлади
Ўтган 2017-2018 ўқув йилида Ангрен шаҳрида учта — 8-, 14-, 33-мактабда логопедик шохобча ташкил этилган эди. Дефектолог бошчилигидаги психолог, тиббиёт ходими ва фан ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳи 1-синфга қабул қилинган болалар ва кейинги босқичдаги ўқувчиларни тўлиқ кўрикдан ўтказди. Нутқида нуқсони аниқланган ўқувчилар логопедик шохобчага аъзо қилиниб, машғулотга жалб этилди. Хўш, бу қандай самара берди? Дефектолог нутқида камчилиги бор ўқувчи билан ишлашда қандай усул ва технологиялардан фойдаланди?
Ангрен шаҳридаги логопедик шохобчанинг биринчиси 14-умутаълим мактабида фаолият юритмоқда. 700 нафар ўқувчи бошланғич синфда ўқийди. Шохобчага нутқи тўлиқ ривожланмаган, талаффузи нотўкис, дудуқланиб гапирувчи ва ринолалия ташхиси қўйилган 64 ўқувчи бириктирилган. Дефектолог Зилола Бозорова барча меъёрий ҳужжатларни тўлиқ ва тўғри юритади. Йиллик иш режа, дарс ишланмаси, давомат журнали, нутқ харитаси, баённома, дарс таҳлили ва ота-оналар билан мулоқот журнали ўқитувчининг батартиб ишлашини таъминлайди. Машғулот давомийлиги 45 дақиқа бўлиб, бу ўқувчи билан нафас, артикуляция машқлари, зонд билан ишлаш, хотирани мустаҳкамлаш, луғат бойлигини ошириш учун тақсимланади.
Дефектолог ўқувчи нутқини лексик ва грамматик жиҳатдан бойитиш, талаффуздаги нуқсонни бартараф этиш учун машғулотга пухта тайёргарлик кўради. Машғулотлар натижаси ўлароқ, нутқий камчилиги бартараф этилган ўқувчи рўйхатдан чиқарилиб, навбатда турган тенгқури унинг ўрнига расмийлаштирилади.
Иккинчи логопедик шохобча 8-умумтаълим мактабида бўлиб, 934 нафар бошланғич синф ўқувчиси бу ерда таълим олади. Нутқи тўлиқ ривожланмаган, товуш талаффузида камчилиги бўлган 47 нафари махсус комиссия хулосаси билан логопедик шохобча рўйхатига киритилди. Дефектолог Саодат Аҳмедова улар билан индивидуал ва гуруҳ ҳолида шуғулланади. Ўқув йили охирига бориб, аксарият ўқувчилар анча равон сўзлайдиган бўлдилар.
33-мактабда ташкил этилган учинчи логопедик шохобчани дефектолог Гулчеҳра Эсонова бошқармоқда. 39 нафар боланинг логопедик шохобчага эҳтиёжи борлиги аён бўлди.
— Ўтган ўқув йилининг 15 сентябрига қадар бошланғич синф ўқувчилари нутқини текширувдан ўтказдик, — дейди Гулчеҳра Эсонова. — Логопедик шохобчага дудуқланувчи ва ринолалик ташхиси қўйилган ўқувчилардан бир нечтасини қабул қилдик. Машғулотлар жадвалини тузиб олдик. Дарсдан кейин рўйхатдаги гул ҳидлаш, капалак қувлаш каби усуллар ёрдамида болани машғулот жараёнига руҳан тайёрлаб олгач, тўғри нафас олиш қоидалари ўргатилади. Тўғри гапириш, товушни аниқ талаффуз қилиш учун нафас шунга монанд олиниши керак. Бола чуқур нафас олиб, шамни пуфлаб ўчириш жараёнида тўғри нафас олишни ўрганади.
Юқорида зикр этилган умумтаълим мактабларида нутқий нуқсонни бартараф қилиш жараёни Ангрен шаҳар халқ таълими бўлими томонидан умумлаштириб ва мувофиқлаштириб борилмоқда.
— Логопедик шохобчалар бошланғич синф ўқувчиларининг фанлар бўйича ўқув дастурларини ўзлаштиришига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш ва бартараф этишда муҳим роль ўйнамоқда. Ўтган йили учта мактабда логопедик шохобча ташкил этилгани ўз самарасини берди. Дефектологлар ўқувчи нутқидаги камчиликларни йўқотиш устида изланди, ўз самарасини берадиган тажрибаларни қўллашди. Натижада ҳар бир бола равон, бенуқсон мулоқот қиладиган бўлди. Янги 2018-2019 ўқув йилида яна битта мактабда логопедик шохобча иш бошлайди, — дейди Ангрен шаҳар ХТБ дефектологи Азиза Сатторова.
Райҳона ХЎЖАЕВА