Мактаб раҳбарлари фаолликка чақирилди
Глиэр номидаги ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида давлатимиз раҳбарининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, вазирлик ходимлари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси вакиллари ва мактаб директорлари иштирок этди.
Йиғилишда фармон ижросини таъминлашга доир маслаҳат ва тавсиялар берилди. Хусусан, таълим муассасаларига бюджетдан ташқари маблағларни жалб этишда мактаб директорлари ташаббускорлигини ошириш, бундан мактаб раҳбарининг ўзи ҳам манфаатдор бўлиши янги қабул қилинган ҳужжатда акс этгани тилга олинди.
Аввал мактаб раҳбарларининг моддий манфаатларига аҳамият берилмагани тизимда коррупциянинг авж олишига сабаб бўлган эди. Эндиликда фармонга кўра мактаб раҳбари Халқ таълими муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини эркин тасарруф этиш, шу жумладан, жамғарма даромадларининг жами суммасидан 10 фоизини ўз моддий рағбатлантириши учун йўналтириш ҳуқуқига эга бўлди.
Умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилиб, таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган кузатув кенгашлари ташкил этилиши мактаблар фаолиятига жиддий ўзгариш олиб кириши кутилмоқда. Дунёнинг илғор давлатларида ҳам собиқ битирувчилар томонидан бериладиган ҳомийлик ёрдами таълим муассасалари бюджетининг катта қисмини ташкил этиши бу ташаббуснинг келажаги борлигидан далолат бермоқда. Йиғилишда тажрибани аввалроқ бошлаган бир неча мактаб намуна қилиб кўрсатилди.
Барча мактабларда ўзини шу соҳага бағишлаган фидойи устоз-мураббийлар борлиги, уларнинг тажрибасини республикага оммалаштириш ҳар бир директорнинг, ҳар бир мактабнинг нуфузига ижобий таъсир ўтказиши айни ҳақиқат.
Халқ таълими вазири соҳадаги ютуқларни кенг жамоатчиликка маълум қилиб боришда мактаб раҳбарларини фаолликка чақирди.
Суҳроб ЗИЁДОВ