Мактабдан таралар келажак руҳи
Юзма-юз ва самимият билан
2018-2019 ўқув йили ўзгача руҳда бошланди. Халқ таълими вазирлиги барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига 5 сентябрь куни ўзлари ўқиган мактабга бориб, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирда иштирок этишларини сўраб, мурожаат қилди. Аслида бу мурожаат бутун жамоатчиликка қаратилган эди. Собиқ мактаб битирувчилари орасидан эл назарига тушган, муайян соҳада катта-катта ютуқларга эришган шахсларнинг ўзи ўқиган мактабга қадам ранжида этиши чинакам байрам тадбирига айланиб кетди. Бундан ташқари, кўплаб катта-кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, обрў-эътиборли кишилар ўз қадрдон мактабига бориб, фарзандлари, невара-чеваралари билан дийдорлашди. Оталар, боболар, оналар, буви-момоларнинг янги авлод вакиллари даврасида меҳмон бўлиши, айтинг, ер юзидаги қайси давлатнинг мактабида қайд қилинди экан? Юзма-юз учрашиш тарбиянинг янги форматдаги намойиши бўлди.
Вазирлик мурожаатида энг устувор вазифалардан бири айтилди. Бу тарбиянинг қизиқтириш методини қўллаш орқали таълимнинг энг оғриқли муайян муаммосини ҳал қилиш масаласи эди. Яъни, “Мактабларда муаммолар ва қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп, лекин энг асосийси, болаларимизни ўқишга чин дилдан қизиқтира олсак, энг катта натижага эришган бўламиз. Шунда улар қийинчиликларга қарамай ўзлари ўқишга интиладиган бўладилар”. Давомат мактабнинг зиммасида бўлсин
Мактабда боланинг ўқиши, ўқув фанларига қизиқиши, унда билим эгаллашга иштиёқ уйғотиш масаласи билан орган ходими, маҳалла фаоли эмас, балки ўқитувчи шуғулланиши кераклиги кундек равшан. Ўқувчи давомати билан ички ишлар ходими, маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг шуғулланиши тажрибамизда аввал учрамаган. Бола ўқишга астойдил қизиқтирилса, илмга ишқ қўйса, у бошқа ҳамма нарсанинг баҳридан ўтади. Қизиқмаган нарсаларидан қочиб, мактабга қараб елади, югуради. Агарда унинг хаёлини бошқа нарса банд этса, мактабнинг баҳридан ўтиб қўя қолади, ўша томонга талпинади. Уни мажбур қилиб синфда ўтқазиб қўйиш мумкин. Лекин бундан таълимга қандай наф? Унинг жисми синфда, хаёли ўзини қизиқтираётган алланарсаларда бўлади.
Позицияда миллат манфаатлари
Вазирликнинг болаларимизни ўқишга чин дилдан қизиқтира олсак, энг катта натижага эришган бўламиз, деган позицияси ота-оналарга катта умид бағишлади. Муҳтарам Президентимизнинг мактабга, ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга қаратилган ғамхўрликларидан руҳланган, дала-деҳқончилик, ободонлаштириш каби нопедагогик ишлардан озод бўлган ўқитувчилар жону жаҳонларини фидо айлаб, ишончни оқлашга киришдилар.
Бу завқнинг яна бир боиси, Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидир. Фармонда халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан биринчиси этиб, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш белгиланди. Бу тарихий ҳужжатнинг ҳар бир сўзи биз кутаётган ўзгаришларнинг улкан бўй-бас¬тидан дарак бериб туради. Таълимда сифат даражаси янги босқичга кўтарилади. Бунинг учун фарзандларимизни ҳар томонлама камол топтиришга қаратилган мукаммал тарбия тизими йўлга қўйилади. Демак, тарбияда йўл қўйилган кечаги хатолар, мавҳумлик мактабдан йўқотилади. Ўқувчилар одоб-ахлоқида, дунёқарашида мавҳумлик ўрнини аниқ мақсад эгаллайди. Яъни, ҳар бир ота-она ўз ўғил-қизининг қайси фазилатлари қандай ривожланаётганини билиб боради. Чунки энди ҳар бир ўқувчининг физика, она тили, биология, математикадан билимлари даражаси қандай аниқ бўлса, унинг маънавий олами ҳам бир вақтнинг ўзида кузатилиб, ўрганилиб, аниқ қайд қилиб борилади: “7-синф ўқувчиларининг бир-бирини ҳурмат қилиш даражаси ўтган чоракдагига нисбатан 11 фоизга ошди”; “Вилоятимизда мактаб ўқувчиларининг мафкуравий иммунитети даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ошган” ва ҳоказо маълумотлар кўпайишига умид қиламиз. Мактаб ўқувчилари хулқидаги нуқсонлар қандай содир бўлгани педагогик диагностика орқали ўрганилади ва аниқланади. Коррекцияланиб, бартараф этилади. Масалан, “4-синф¬да Ватан туйғусини ўз хулқида намоён қилувчи ўқувчилар сони 10 фоизга ошди”, “Нима учун туман мактаблари ўқувчиларида масъулият ҳисси 87 фоизга тушиб қолди?”, деган реал тарбиявий масалалар педагогик форумлар кун тартибига қўйилади.
“Юлдуз”ларни кўпайтириш — давр талаби
Одатда, вилоят ёки шаҳар, тумандан чиққан бир-икки “юлдуз” ўқувчини кўз-кўз қилардик. Энди ҳар бир ўқувчининг иқтидорини очиб, “юлдуз” тенгдошларига яқинлаштириш мумкин бўлади. Иқтидорсиз боланинг ўзи йўқ. Ҳар бир ўқувчининг нимага иштиёқи борлигини пайқамаган ёки сезса ҳам эътибор бермаган мактаблар бўлиши мумкин, холос. Энди мактабларимиз ҳар томонлама камол топган болаларни бир даврага жамловчи маконга айланади. Қисқаси, янги босқичга кўтарилаётган халқ таълими тизими ёш авлодни ҳар томонлама ривожлантириб, компетенцияларини текшириб кўриб, мустақил ҳаётга тайёр қилиб топширади. Бунинг учун мисли кўрилмаган шароит яратилиб, катта сармоя сарфланмоқда.
Президентимиз фармонида маънавий-ахлоқий тарбияга устувор аҳамият берилган. Чунки маънавий-ахлоқий тарбия — стратегик масала. Токи маънавият инсонга йўлбошчилик қилмаса, у чуқур билим, кўникма, малака, компетенцияга эга бўлмайди. Мабодо эга бўлса ҳам уни Ватани тараққиёти, халқининг бахту саодатига ишлатиши гумон. Шунинг учун ҳам “Тарбияламай берилган билим — телбанинг қўлидаги қиличга ўхшайди”, дейдилар. Ёки “Билим ёмон одамнинг қўлига тушганидан кўра унинг йўқолиб кетгани яхши”, деган ўгитни донишмандларимиз шунчаки айтмаган. “Қаерда яхши тўлашса, ўша ер Ватан-да!”, дегувчилар ҳам наридан-бери билим олган мутахассислар орасидан чиқади. Натижада давлатнинг уни ўқитишга сарфлаган миллионлаб инвестициялари роҳатини ўзга давлатлар кўриши мумкин. Афсуски, бундай тақдир эгалари орасида ўзбеклар етарлидир.
Президентимиз фармонида “...таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги” танқид қилинди. Таълим-тарбия сифати учун курашиш мактабнинг биринчи галдаги, кечиктириб бўлмас вазифасидир. Демак, бу масалада анча муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Буни муҳандис замондошимизнинг ҳикояси билан асослаб кўрсак:
“Мени 2014 йили хизмат юзасидан бошқа шаҳарга ишга ўтказишди. Оила аъзоларимни олиб келдим. Қишлоқ мактабининг 7-синфида ўқийдиган ўғлим Жасур жуда ҳаяжонда эди. Чунки ўзи ўқиган мактабда кўпинча “3” баҳо олиб келар, “4” олиш учун мени ҳам, онасини ҳам ҳол-жонимизга қўймай саволларга кўмиб ташлар эди. Лекин у дарслик бўйича берган саволларимга тузуккина жавоб қайтарарди.
Ўқиш бошланди. Кўп ўтмай ўғлим нуқул “5” баҳо олиб келарди. Ажабландик. Ўқув фанлари бўйича онасидан ҳам, мендан ҳам ҳеч нарса сўрамайди. Бундоқ дарслигини қўлимга олиб, ўтган мавзуларидан савол берсам, “бум-бум”. Билмайди. “Бу қанақаси?” дедим. Шунда Жасур “Олдинги мактабимда ўқитувчилар қаттиққўл эди. Бу ерда ўқитувчилар сахий экан. Тўғрими, нотўғрими, синчиклаб текшириб ўтиришмас экан. Сал у ёқ-бу ёқдан қўшиб гапирсанг, “5” тайёр”, деди.
Мактабга бордим. Муаллима опаларнинг ширинсўзлиги, хушмуомалалигига гап йўқ. Мен уларга Жасурбекдан хавотирланаётганимни айтдим. “Ўғлим қалай? Негадир ўтган дарсларини сўрасам, билмаяпти. Ўзлаштириши учун нима қилай?”, дедим. Улар: “Жасурбек жуда яхши ўқувчимиз. Аълочи. Сиз хавотир олманг”, деб мени тинчлантирган бўлишди. “Барибир талабчанроқ бўлинг, опа”, деб илтимос қилдим. Хўп, дейишди. Яна икки марта бориб гаплашдим. Натижа бўлмади.
Бир йил ўтди. Ўша-ўша гап. Қарасам, Жасурнинг мияси бўм-бўш, кундалиги эса тўла беш. Келажагидан қўрқиб кетдим. Кейинги йили аввалги мактабига элтиб қўйдим. Ўқишни “3”, “4” баҳоларга битирди. Аммо ўз мактабида ўқишни давом эттирганидан кўнглим тўқ. Майли, ўша қаттиққўл ўқитувчиларининг паст баҳоси унинг келажаги учун замин бўлсин, деб ўйладим. Мана бу йил ўғлим институтга давлат гранти асосида қабул қилинди. Ўшанда тўғри қилган эканман”.
Яна бир мисол. Қўшработлик мактаб директори билан суҳбатлашиб қолдим. Жуда хурсанд, кўкрагини кериб нима дейди, эшитинг: “Бу йилги тест синовлари адолатли бўлди. Қийқим қишлоғидан 50 нафар ўқувчи талаба бўлди. Бу — рекорд натижа. Агар мактабда интеллекти юқори педагоглар ишласа, унинг донғи кетар экан. Оддийгина қишлоқ мактабига бошқа вилоятлардан келиб, ижарада туриб ўқиётган болалар борлигини айтсам, ишонмассиз. Бу бор гап. Янги ўқув йилида 10 нафар бошқа вилоят болалари мактабимизда ўқиш истагини билдирди. Йўқ дермидик, бағримизни очиб қабул қилдик”.Бу мисолларни нима учун келтираётганимга ажабланманг. Ҳар иккала воқеа Президентимиз фармонида таълим сифатини ҳамма жойда бир хил таъминлаш масаласи қанчалар ҳаётий эканлигини кўрсатиб турибди.
“Ишлаётган” тарбия
“Ёшига мос маънавий камолот” масаласи дунёнинг етакчи мамлакатларида ижтимоий компетенцияларни ривожлантириш доирасида илмий асосда амалга оширилмоқда. Бироқ тарбиявий компетенция масаласи эътибордан четда қолди. Бунинг оқибатида ёшларнинг жисмонан бақувват, бироқ маънавий ривожланишдан ортда қолиш ҳолатлари учради. Коллеж, академик лицей ёки институт талабаларига саломлашиш, ўзини қаерда қандай тутишни ўргатишга қаратилган чора-тадбирлар бежиз белгиланаётгани йўқ. Бу — бундан 5—10 йил олдин ўргатилиши зарур бўлган компетенциялар ўз вақтида шаклланмаганлигининг оқибатидир. Буни ҳар бир ўқувчига ижтимоий малакаларни синфлар кесимида, педагогик назорат остида ишончли ўргатиб бориш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин. Ана шунда “ёшига мос баркамол” болалар мактабни битириб, мустақил ҳаётга учирма қилинганида улардан кўнглимиз тўқ бўлади. Агар зарурат туғилса, ҳар бир инсон “Google”ни шартта очиб, физика, ботаника, тарихдан ўзини қизиқтирган маълумотни қидириб топа олиши керак. Лекин тарбияда кечикиш рўй берса, уни тўлдириб бўлмайди. 18 ёшдан сўнг мактаб болани тарбиялай олмайди. 18 ёшли йигит 12 яшар ўсмир маънавияти билан ҳаётга кириб кетса, ўзи борган жойни муаммога тўлдириб ташлайди.
20 ёшли йигит-қиз ўзининг 20 йиллик педагогик тарихига эга. 20 йилнинг ҳар бирида ўргатиладиган, кейинги йилда ўргатиб бўлмайдиган компетенция бор. 1998 йилда туғилган гўдак ҳозир 20 ёшдаги барваста йигит ёки вояга етган қиз. Халқимиз балоғат даврига етган йигит-қизлар хулқидан розими? Бу саволга жавоб ота-она, боғча тарбиячиси, мактаб ўқитувчилари уларнинг тарбиясида нималар қилиш(ма)ганини билдиради. Улар берган тарбия 2018 йилга келиб “ишламоқда”.
Сақич ўрамидаги “маърифат”
Тан касаллиги оғиздан, маънавий касаллик кўз, қулоқдан кириб, ёшларни йўлдан оздиради. Маънавий касалликнинг иситмаси одамнинг ниятида, айтган гапларида, қилиқларида ошкор бўла бошлайди. “Оммавий маданият” ёш авлодни ўз қадрдонлари орасида ўзини ўзгача, бегонача тутишга ўргатиб, ота-боболарининг миллий урф-одат ва маънавий қадриятларига нисбатан беписанд қарашга ўргатмоқда. Яъни Президентимиз таъбири билан айтганда, “...экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, «оммавий маданият» каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда. Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди”.
Кириб келаётган “оммавий маданият”га қараб, аввал педагогик жамоатчилик “Бу қанақаси?!”, кейин “Ҳар ким ўзи билади”, сўнгра “Нима қипти?!” дея бефарқ муносабат билдирган бўлса, ҳозир “Нима қилиб қўйдик?!”, дея ташвишга тушмоқда. Бугун бу муносабатларнинг қайси бири бизга хос?
Кўпинча ёшлар бобо-момолари ҳикматини инкор қилишади. Лекин барибир 50—60 ёшга етгач, хато қилганини тан олиб, “Боболаримиз нақадар доно, ақлли бўлишган-а?!”, дейишади. Ҳа, ёшлар ана шу ҳикматга қўшилган йўловчилардир. Буни “оммавий маданият” саноатчилари яхши билишади. Шунинг учун улар ёшлар онгини забт этиш ниятида курашади.
Савол туғилади: сақичдан қай мақсадда фойдаланиш мумкин? “Сақич бўлганидан кейин чайналади-да!”, деб ўйласангиз, унчалик тўғри эмас. Ана энди Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари томонидан ўтказилган экспертиза натижаларида аниқланган сақич ўрамларидаги “беозор битик”лардан айримларини келтирамиз. Сақичлар Ўзбекистон ёшларига мана бундай буйруқ ва шиорларни олиб кирмоқда:
— қўлингдан келганича бақир, кейин, ўзингни ҳеч нарса содир бўлмагандек тут. Видеога олиб, уни “Twitter”га жойла;
— куннинг қолган қисмини ялангоёқ сайр қилиб ўтказ. Расмларга ол;
— сақич маркасини сочингга ёпиштириб, кейин қириб ташла;
— сен қандай сўкинишни ёқтирасан? Сўкинганингни ёзиб, “Twitter”да қолдир;
— қўлингдаги сақич ўрами устига ишқий сўз ёз. Ёнингдагига бер;
— атрофингдаги одамлардан кимнинг шаҳвоний овози жозибалироқ?
— шаҳвоний овозда ўзингга мос gif ярат ва инстаграммга жойла...
Булар газетага ёзса бўладиганлари. Чиройли сақич ўрамларида флешмоб орқали ғоя тарқатиш, жинсий ахлоқсизлик ва тартиббузарликка даъват тўлиб-тошиб ётибди. Эътибор берсак, “оммавий маданият” тарғиботи учун бир ўрам сақичнинг ғоявий фойдаси унинг иқтисодий фойдасидан ортиқлигини кўрамиз. Бунга асосий сабаб — ёшларда уларнинг ўзларига нисбатан зарарли маънавий эҳтиёжнинг пайдо қилинаётганида. Бундай вазиятда Президентимиз айтганларидек, «...авваламбор, «оммавий маданият» кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экс¬тремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларимизни асраш, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак».
Ҳаётий компетенциялар зарурати
Айрим ёшлар беқарор, тортинчоқ, журъатсиз, мустақил қарор қабул қилишда иккиланади, собитқадамлик суст, иродавий сифатлар етарли эмас. Демак, бу типдаги ёшларда ижтимоий малака ёмон шаклланган. Айрим ўғил-қизларимизнинг 18-20-30 ёшда ҳам ўзига эмас, ота-она, амаки-тоғасига ишониб яшашлари, уларнинг кўмагига умид боғлашлари, масъулиятни ҳис қилмасликлари ана шу фикримизни яққол тасдиқлайди. Ўта тортинчоқлик ёки қўполликлари, муомала маданиятининг пастлиги туфайли оила қурган келин-куёв ўз маънавий бурчини бажара олмаяпти.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов интервьюларидан бирида мактабларда ҳанузгача ХХ аср дидактикаси амалда эканлигини танқид қилди. Яъни: “Шу вақтгача бизда амалда бўлган таълим стандартлари ўқувчи ахборотни кўпроқ эслаб қолишига мўлжалланган. Ҳозир XXI асрдамиз — ўқувчининг билимларини ахборотни қанчалик эслаб қола билишига қараб баҳоламаслигимиз керак. Чунки ахборот жуда кўп. Шу боис ўқувчини ўз устида ишлашга ўргатишга ҳаракат қилишимиз керак. Яъни, компетенцияга асосланган янги ўқув программасига ўтишимиз керак”, дейди вазир жаноблари. Демак, ўқувчига дарсда факт, рақамларни ёдлатишдан воз кечилиб, уларни мустақил билим олиш, ўзини ўзи тарбия¬лашга йўналтириш даври келди. Бу янгича туб ёндашув билимни қачон, қаерда, қандай қўллаб, ўз мақсадига эришиш, тақдирини белгилашга ўргатади. Ана шундагина ўғил-қизларимиз дунё миқёсида тенгдошлари эгаллаган компетенцияга эга бўладилар.
Дунё олий ўқув юртлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган Гарвард университети “Инсоннинг асосий компетенциялари”ни эълон қилди. Санаб ўтамиз:
— ўз ҳаётидаги муаммоларни бировнинг ёрдамисиз, мустақил аниқлай олиш;
— савол бера олиш ва жамиятда қабул қилинган тафаккур стратегиясига ўз муносабатини билдириш;
— чексиз маълумотлар оқимидан энг муҳимларини тез ажратиб, ўзлаштириб олиш;
— устоз кўмагисиз, жамоада ишлай олиш;
— мутлақо мустақил ишлай билиш;
— бошқаларни ўз нуқтаи назарига ишонтириш, инонтириш ва ўз фикрини ҳимоя қилиш;
— маълумотларни янги шаклларга мослаштириб, улардан фойдаланишнинг янги йўлларини топиш;
— асосий мавзудан четга чиқмай, конструктив мунозарага киришиш;
— индуктив, дедуктив ва диалектик фикрлаш;
— муаммоларни эвристик методлар билан еча олиш.
Демак, тарбия жараёнида ана шу компетенцияларни ёшларда шакллантириш талаб қилинади. Агар бу давлат таълим стандартлари билан уйғунлаштирган ҳолда ўзлаштирилса, ҳар бир бола учун сарфланган миллионлаб сўм маблағ, шубҳ¬асиз, ўзини оқлайди.
Оғзаки тарбия оқибатлари
Тарбия — гап(лар)ни ҳаракат(лар)га айлантиришга ўргатиши керак. Бу ўқувчи билимларининг ҳаётга жорий қилиниши билан боғлиқ ҳолда кечади. Бироқ амалиётда йўл қўйилаётган хатолар туфайли ташвишли рақамлар пайдо бўлмоқда.
Яқинда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда 2016-2017 йилларда мактаб ўқувчилари ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар сони 418 тадан 435 тага, ўз жонига қасд қилиш(суицид) ҳолатлари эса 151 тадан 174 тага кўпайганлигини маълум қилди(@daryo_live). Беихтиёр ўйлаб қоламан, рақамни шунчаки айтяпмиз, лекин унинг ортидаги ачинарли манзара-чи, унинг ошгани-чи? Бунга мактабларимизда оммавий тус олган оғзаки тарбия имкон туғдирмаяптимикан? Танқид қилиш осон, енг шимариб, камчиликларни тузатиш эса қийин.
Оғзаки тарбия нима? Биз инсоний фазилатлар — меҳр-оқибат, ватанпарварлик, хайр-саховат, дахлдорлик, масъулият, хушмуомалалик ҳақида фарзандларимизга кўп гапирамиз. Оғзаки оғзаки-да, эртаси куни бу фарзандимизнинг эсидан чиқиб кетади. Амалий тарбия бизда тизимли йўлга қўйилмаган. Агарда оғзаки тарбия давом этаверса, сўз ва иш бирлиги бузилади. Кўпинча ота-она кўнглидагидек иш қилмагани учун фарзандларини айблайди. Лекин бу адолатдан эмас. Чунки аввалроқ айтганимиздек, бу 20 ёшли йигит-қизга ота-она, таълим муассасалари бер(ма)ган 20 йиллик тарбия “маҳсули”нинг кўриниши. Демак, ҳар бир маҳсулот каби инсоннинг сифатини “юқори”, “ўртача” ёки “паст” деб баҳолаш мумкин.
Оғзаки тарбияланган ўғил-қизлар ҳаётда жуда қийналади, кўп қоқилади. Бундай бўлмаслиги учун биз уларга паспорт билан бирга мустақил ҳаётда яшаб кетишнинг кафолатини ҳам беришимиз керак. Одамлар кўчада ўтиб кетаётган ўсмирнинг физика, тарих, информатикадан билими қандайлигига қизиқмайди. Лекин “бошлаган ишини охирига етказиш”, “сўзининг устидан чиқиш”, “бош¬қаларга ҳасад қилмаслик”, “бозор-ўчар қилиш”, “пулни жой-жойига қараб сарфлаш”, “умр йўлдошини тўғри танлаш” ва бошқа масалалар бўйича малакаси қандай эканлигига синчковлик билан қарайдилар.
Педагогик инновациялар керак
Биз инновацион ривожланиш йўлига ўтяпмиз. Президентимиз “Инновация — келажак дегани” дея Ўзбекистонни жадал ривожлантириш ташаббускори бўлмоқда. Бу эса ўзининг дастлабки самараларини бера бошлади.
Давр тақозо этганидек, мактаб педагогик жамоаларида инновацион фикрлаш, ўйлаш, ижод қилиш табиий ҳолга айланиши зарур. Мактабгача таълим, мактаб, лицей, коллеж, институтларнинг тарбиявий йўналишдаги чора-тадбирлар режасига “Инновацион тарбия” йўналишини жорий қилиш ва уни изчил амалга ошириш керак.
Ана шу долзарб вазифа ва муаммодан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан уч босқичли “Узлуксиз маънавий тарбия” илмий-методик трилогияси ишлаб чиқилмоқда.
“Узлуксиз маънавий тарбия” трилогиясининг биринчи қисми бола туғилгандан 3 ёшгача — гўдаклик ва илк болалик даврини; иккинчи қисми 3—7 ёш оралиғи — мактабгача таълим ва учинчи қисми 7—18 ёш оралиғи — мактаб даврини қамраб олади. Жорий йил август ойида трилогиянинг биринчи нашри — “Ёш ота-она китоби” босишга тайёрланди. Қўлланмада 3 ёшгача бўлган гўдакни парвариш қилиш ва маънавий руҳда тарбиялаш методлари ёритилган. Қўлланма хрес¬томатик хусусиятга эга бўлиб, рангли расмлар, ҳаётий мисоллар ва мутахассис тавсиялари билан бойитилди. Китобдан миллий тарбиямиз ҳамда дунёнинг ривожланган давлатлари — Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Голландия, Италияда болалар тарбияси ҳақидаги лавҳалар ўрин олган.
Китобнинг маърифий аҳамиятини ошириш учун никоҳ ва тўй маросимларида ёш келин-куёвларга, туғруқхонада кўзи ёриган ҳар бир ёш онага ҳадя қилиш мўлжалланмоқда. Ёш ота-оналарнинг қўлланмадан самарали фойдаланишлари учун маҳаллалардаги “Ота-оналар университети” вакиллари ёрдамига эҳтиёж сезилади.
2018-2019 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфини битирадиган ёшлар тантанали маросимда ўз
халқи, Президенти, Ватани олдида ҳаётини юксак маънавият асосида қуришга онт ичади. Бу эса ҳаётимизда учраётган ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, ажримлар, фирибгарлик, лоқайдлик, ёт ғояларга берилиш ва бошқа маънавий иллатларнинг олди олинишини маънавий кафолатлашга хизмат қилади.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор