Сизга ўхшагим келади
Умрни бежиз оқар сувга ўхшатишмас экан. Бу жумлани ёшлигимда кўп эшитган бўлсам-да, мағзини бугунгидек теран англамаганман. Инсоннинг ёши улғайган сари кўнгли нозиклашиб, дил тубидаги ҳислар ғалаён қила бошларкан. Болалик хотиралари гавдаланаркан. Менинг ҳам Олтинсойим бағридаги жонажон мактабим, ундаги беташвиш дамлар, таълим берган устозларим кўз ўнгимдан ўтади.
Мактабни битириш арафасида “Мен танлаган касб” мавзусида иншо ёзганимиз кечагидек эсимда. Эртаси куни қўлларим титраб, ҳаяжон билан синфдошларимга ўқиб бердим. Иншо якунида “Мен келажакда меҳрибон устозим — Онажонимга ўхшаган муаллима бўлмоқчиман”, деган жумла бор эди. Ўша ҳаяжон, қалбимдаги покиза орзулар мени олий ўқув юрти томон етаклади. Ўқидим, ўргандим, изландим. Ниҳоят дипломни қўлга олиб, муаллим бўлдим. Лекин ҳамон бир саволга жавоб тополмадим. Онамдек устоз бўла олдимми?
Бугун таълим соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Муаллимларга эътибор кучаймоқда. Бу касбимизга бўлган меҳримизни янада оширади. Узоқ йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомида бу касбнинг нақадар машаққатли, аммо шарафли эканини англадим. Ўзим устоз бўлиб, устозлар, она бўлиб, оналик қадрини ҳис қиляпман. Шу касбга илк бор ҳавас уйғотган онам — Саодат Исломовадан адабиётга, шеъриятга қизиқиш ўтди.
Қадрли онажоним, меҳрибон устозим! Сизнинг Хатирчи тумани Олтинсой қишлоғидаги 55-мактабда 33 йиллик ўқитувчилик даврингизни собиқ ўқувчиларингиз яхши эслашади. Қандай танлов, тадбир бўлса улар сизга эргашарди. Ўқувчиларингиз муваффақиятидан ёш боладек қувонганингизга кўп гувоҳ бўлганмиз. Кичик ютуқларимиз ҳам сизни ҳаяжонга соларди, кўзингизда чексиз шукроналик, миннатдорлик ифодасини кўрардик. Бу ифода кичик ютуғимиз ҳам сиз учун нақадар улкан аҳамиятга эгалигидан далолат эди. Биз мактабдаги қувончингиз уйда ҳам давом этишини кўп кўрардик. Ҳар бир уй юмушини бажариш асносида ўқувчингиз ҳақида гапирардингиз. Онажон, бугун мен ҳам шундайман! Ўқувчиларим бирор ютуққа эришса, бу шодликдан кунлаб сармаст бўламан. Дўстларим, яқинларим, оила аъзоларимга бу ҳақда гапиравераман, гапиравераман. Сизга астойдил тақлид қилиб эмас, беихтиёр шундайман.
Ҳар сафар ҳузурингизга йўл олганимда қайноқ меҳрингизни ҳис қиламан. Нафақада бўлишингизга қарамай, ўқитувчилик касбига бўлган меҳрингиз, шижоатингиз сўнмаганини сезаман. Қандай дарс ўтаётганимни, нима янгиликлар қилганимни, қай тартибда ишлаётганимни сўрайсиз. Ҳамон менга устозсиз! Шунда яна ўша савол қуршовида ёнаман:
“Сиздек бўла оламанми?”.
Наргиза ЭРГАШЕВА, Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси