Қишга ҳозирлик қизғин
Айни кунларда мактабларда куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўрилмоқда. Ғаллаорол туманида ҳам бу ишлар жадал суръатда бормоқда. Тумандаги 90 та мактабнинг 53 таси кўмир ёрдамида иситилади.
— Шаҳар атрофидаги ҳудудларда жойлашган мактабларга табиий газ етиб борган, — дейди Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлими таъмирлаш-эксплуатация хизмати бош мутахассиси Отабек Баҳромов. — 2018-2019 ўқув йили куз-қиш мавсуми учун жами 1705 тонна кўмир ёқилғиси ажратилди. Шундан 511 тоннаси тошкўмир, 1194 тоннаси брикет. Иситиладиган умумий майдон 155 минг 919 м3 ни ташкил этади. Кўмирда ишлайдиган 207 та қозонхона ўрнатилган. Жорий йилда туман халқ таълими бўлимимизда ҳам ихтисослаштирилган “Махсус таъмирлаш-эксплуатация хизмати” ташкил этилди. Бу хизмат мактабларда юзага келадиган авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш чораларини кўради. Мактабларни ҳар йили янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлайди. Энг чекка ҳудудлардаги мактабларда юзага келган салбий вазиятларда ҳам дарҳол амалий ёрдам кўрсатади.
Тумандаги 19-мактаб табиий газ билан иситилади. Жамоа ўтган йиллар тажрибасига таянган ҳолда мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда. 3 та қозонхона икки қаватли бинони меъёрида иситиш қувватига эга. 12 та синфхона, 3 та ўқув лаборатория хонаси мўътадил исиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилган. Хоналарни ёритиш учун тежамкор электр лампалари қўйилган.
— Машғулотлар 2 босқичда олиб борилади, — дейди мактаб раҳбари Дониёр Шерқулов. — Қиш-қировли кунларда дарс ва машғулотлар бир маромда давом этиши хоналарнинг исишига боғлиқ. Ўтган ўқув йилида деярли қийинчиликка дуч келмадик. Шундай бўлса-да, бу йил куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўришни анча барвақт бошлаганмиз. Мавсумни намунали ўтказиш учун аниқ вазифалар тақсимланган. Ишчи гуруҳи тайёргарлик ишларини мунтазам назорат қилиб бормоқда. Ўтган ўқув йилида куз-қиш мавсумининг кўнгилдагидек ўтиши таълим-тарбияда сифат ва самарадорлик ошишига хизмат қилди. Ўғил-қизлар фанларни давлат таълим стандартлари даражасида ўзлаштириш билан бирга, турли машғулотларда ҳам фаол иштирок этди. Билимлар беллашуви ва фанлар олимпиадасида яхши кўрсаткичларга эришдик. Жамоада тажрибали педагоглар кўп. Ҳар бир ўқитувчи ўзига бириктирилган хонанинг совиб кетмаслиги учун деразаларга қопланадиган салафанларни захира сифатида тайёрлаб қўйишни ҳам унутмади.
24-мактаб шаҳардан 4 километр узоқликда жойлашган. Асосий бинодан ўрин олган 28 та синфхона, 3 та лаборатория хонасини иситиш учун 7 та қозонхона ўрнатилган. Улар қиш мавсумида табиий газ билан хоналарга иссиқлик етказиб беради. Қиш-қировли кунларга ҳозирлик кўриш учун тузилган ишчи гуруҳига аниқ вазифалар берилган.
“Узумзор” қишлоқ фуқаролар йиғинида мазкур мактабнинг филиали фаолият юритади. Филиал 40 ўринли бўлгани боис, катта қувват талаб қилмайди. Бинонинг 700 метр3 майдони кўмирга мослаштирилган битта қозонхона ёрдамида иситилади. Мазкур таълим муассасасига 2018-2019 ўқув йилида куз-қиш мавсуми бўйича 10 тонна кўмир ажратилган. Шундан 3 тоннаси тошкўмир, 7 тоннаси брикет маҳсулоти.
Жиззах вилояти бўйича 24 та мактаб жорий таъмирланди. Биноларнинг 1208 метр2 том қисми таъмирдан чиқарилди. Мактабларнинг деразаларидаги 559 метр2 ойналари янгиланди. Мавжуд мактабларга 3282 тонна кўмир, 2766 тонна брикет етказилди. Таълим муассасаларига кўмир етказиш давом этмоқда. Табиий газ билан иситиладиган ўқув даргоҳларининг қозонхоналари синовдан ўтказилмоқда.
Абдусаттор СОДИҚОВ