“Мабодо ўқитувчи эмасмисиз?”
Aвтобусда кетяпман. Ёнимдаги аёл кўчага қараб:
— Ҳамма ёқда қурилиш-а? — деб қолди.
— Бунёдкорлик ишлари шиддат билан кетяпти, — дедим унга жавобан.
— Ўқитувчимисиз, дейман! — ҳамроҳим аввал юзимга, сўнг сумкамга назар ташлаб қўйди.
— Қандай билдингиз?
— Ўқитувчиларнинг нутқи чиройли бўлади. Кийинишингиз ҳам айтиб турибди!..
Ёши катта отахон қўлларида юк билан автобусга чиқиб қолди. Дарҳол ўрнимдан туриб, жой бўшатдим. Ёнгинамда қулоғига “наушник” таққан нор¬ғул бир йигит беэътибор турарди. Унинг елкасига туртиб, амаки томонга ишора қилдим: “Отахонга ёрдамлашиб юборинг!”. Ўриндиққа жойлашар экан, йўловчининг:
— Раҳмат, қизим! Ўқитувчимисиз? — деган саволига дуч келдим.
Ҳамманинг нигоҳи бир зум менга қадалганидан хижолат тортиб, бош силкиб қўя қолдим.
Кўпинча ҳайдовчилар билан ҳамсуҳбат бўлишимга тўғри келади. Қизиғи, улар “Адашмасам, ўқитувчи сиз-а?”, “Мабодо ўқитувчимасмисиз?” қабилида менга юзланади. Баъзан эътироз билдиргим келади: “Қаердан билдингиз, балки ўқитувчи эмасдирман!”.
Улар ўқитувчи кийиниши, муомаласи билан бошқалардан ажралиб туришини айтиб, бу касбга бўлган ихлосимни янада орттириб қўйганини сезмайдилар ҳам. Демак, ўқитувчилик обрўли касб.
Аммо баъзида “Ўқитувчимисиз, йўғ-е, умуман ўхшамайсиз-ку?” қабилидаги гаплар қулоғимга чалиниб қолса, “Ким экан, ўқитувчига ўхшамайдиган!” дея ўша кишига разм соламан. Афсуски, бундай ўхшатиш кўпинча тўғри бўлиб, бутунлай бошқа соҳа кишисидай гавдаланганлар аслида ҳам ўқитувчи бўлиб чиқади. На ўзи, на сўзида ўқитувчилик белгилари бўлмаган бундай инсонлар таълимга адашиб кириб қолганлиги фожиадир.
Соҳани тўғри танлаганлар орасида бугун ўқитувчининг обрўсини замонавий кийиниш, ўзгача соч турмаги, таш¬қи кўриниш ва техник билимдонлик билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, ўқитувчининг юксак маънавияти юз-кўзида акс этиб туриши керак эмасми? Ҳамкасбларим фикрини тингладим.
— Минг афсуски, ўқитувчилик касбига нолойиқ кишилар бор, — дейди андижонлик тажрибали педагог, услубчи Умида Юсупова. — Касбини шунчаки тирикчилик манбаига айлантирган, кун ўтиши, иш даврининг узилиб қолмаслигию амаллаб нафақага чиқиб олиш илинжида ишлаётганларни соҳа фидойилари деёлмайман. Ўз устида умуман ишламайдиган, фикру хаёли дарсни апил-тапил якунлашда бўлган ўқитувчидан кимга наф? Болани бадиий китоб ўқишга зўр бериб даъват этаётган, аммо ўзи биронта асар ўқимаётган ўқитувчининг таълим беришга ҳаққи борми?!.
Бир жамоада ишлаб туриб, руҳан, маънан бир-бирига зарба бериш пайида юрган, бирининг ютуғини бошқаси кўра олмаётган “муаллим”лар бор. Улар ойна тутиб, ўз афту ангорини кўриб қўйса, қалай бўлар экан! Мен бу касбга нолойиқ эканман, яхшиси бошқа соҳада ишлайин, деган мард, виждонли ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Мактаб олдига қўйилаётган юксак талаблар туфайли уларнинг шундай қарор қабул қилгани балки яхшиликкадир. Тизим янгиланиш палласида. Ҳар ким ўзини тубдан ислоҳ қилишга, шиддатли оқимда “чўкиб” кетмасликка руҳан тайёрланмоқда. Бусиз мумкин эмас. Ғалвирни сувдан кўтарганда, дон билан сув ажралгани каби педагогларни ҳам саралаш мавриди келди.
— Шунчаки ишлаш тасаввуримга сиғмайди, — дейди инглиз тили ўқитувчиси Мавлуда Соҳибова. — Туни билан дарсга тайёрланаман. Қизим “Худди абитуриентлардай ўқийсиз-а”, дея ажабланади. Ўқитувчи янги мавзуга пухта тайёрланмаса, ўқувчининг саволига ҳозиржавоб бўлмаса, мактаб билан хайр¬лашаверсин! Ўқувчига етарлича талабни қўйиш, керак бўлса, ота-онасига дадил мурожаат қилишдан чўчимаслигимиз керак.
Нега аввал ўқитувчининг ҳурмати ғоят баланд бўлган, биласизми? Чунки, аввал ўқитувчи энг одми, энг сирли инсон эди. Ўқитувчининг сири, салобати йўқолгани унинг иззат-икроми камайгани деяверинг. Кечирасизлару, ўта калта юбка, алламбало соч турмаги, ҳатто эркакча кийинган айрим ўқитувчи аёллар миллийликни фарзандларимизга қандай сингдира олади? Ўзи тарбияга муҳтож одам болага тарбиядан сўз очгани нимаси?
Абу Райҳон Беруний шундай ёзади: “Илм даргоҳига кирар экансан, қалбингни, кўнгилни оздирувчи иллатлардан, одамни кўр қилиб қўядиган ҳолатлардан, чунончи қотиб қолган урф-одатлардан, очкўзликнинг қули бўлишдан, ўз ҳокимлиги учун курашишдан озод бўлмоғинг даркор”.
Муножат МЎМИНОВА