Малакали психологларни мактабдан изланг!
Бугунги ахборот асрида ота-она ва синф раҳбари психолог ёрдамига таянмай иш кўриши бироз мушкул. Сабаби, китоб ва дарсдан чалғитувчи, эътиборни тобора ўзига тортиб бораётган компьютер ўйинлари, интернет, телефон воситалари ўқувчи ҳаётига жадал кириб борди. Шунингдек, ота-оналарнинг ўзи ҳам бу воситаларнинг домига ўралашиб, фарзанди учун жуда кам вақт ажратаётган ҳолатларга дуч келяпмиз. Бундай вазиятда боланинг руҳиятида турли ўзгаришлар юзага келиб, психолог кўмагига эҳтиёж кучаяди. Аммо мактаб амалиётчи-психологлари бундай муҳим вазифани бажаролмай қолди. “Нега?” деган саволга жавоб топиш учун Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларидаги мактаб психологининг вазифаларига назар ташлаш кифоя:
Бундан ташқари, мактаб психологи «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунларни, Президент ва ҳукумат фармон, қарор ва фармо¬йишлари, Халқ таълими вазирлигининг буйруқлари, меъёрий, кўрсатма ва ахборот материаллари, таълим бўйича статистик материаллар, мактаб низомини, умумий ва ижтимоий психология, ёш психологиясини, тиббий психология, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар психологияси хусусиятлари, болалар нейропсихологияси, психодиагностика ютуқлари, индивидуал фарқ психологияси, муҳандислар психологияси, дефектология асослари, психотерапия, касбга йўналтириш, касбшунослик ва меҳнат психологияси, тестлаш методологияси ва методикаси, психопатология, индивидуал ва гуруҳлар бўйича касбий маслаҳат беришнинг замонавий методлари кабиларни ҳам билиши зарур.
Энг қизиғи, зиммасига шунча мажбурият юкланган мутахассиснинг маоши энг паст кўрсаткичда эди. Табиийки, бу психологларнинг мактабдан узоқлашишига олиб келди. Бу лавозим эгалари мактабнинг иккинчи даражали ходимларига айланиб қолди.
“Касбимни ўзгартиргандим”...
— Мутахассислигим бўйича психологман, — дейди Шаҳрисабз туманидаги 78-мактаб ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Назокат Воҳидова. — Аммо бу мутахассисликнинг иши, масъулияти бошқа ўқитувчиларникидек масъулиятли, ҳатто бироз мураккаб бўлса-да, бир ставкалик мактаб психологига 600 минг cўм маош белгиланган эди. Мен дастлаб ярим ставка иш олдим. Кейин иш ҳақи озлик қилиб, бошланғич таълим мутахассислиги бўйича қайта тайёрлов курсида ўқиб, бошланғич синфларга дарс бера бошладим. Бошланғич синф ўқитувчисининг шундоқ ҳам иши кўп бўлади, табиийки, ўзим раҳбарлик қилаётган синф ўқувчилари билан ишлашдан ортиб, мактаб психологи масъулиятига вақт ва куч ажратолмадим. Мен каби йўл тутган мутахассислар оз эмас. Аммо таълим муассасаси учун психологнинг аҳамияти жуда катта эканлигини ҳамиша ўйлаб келардим. Психолог ўқувчилар билан яқин муносабатда бўлиши, улар руҳиятидаги ўзгаришлар устида машғулотлар олиб бориши, мактабга келган ҳар бир ўқувчи билан психологик кўриклар ўтказиши, 6 ёшлилар, 7 ёшлилар, бошланғич синф¬дан юқори синфга кўчган ўқувчилар, оиласида, дўстлари орасида муаммога учраётган болалар билан ишлаши, ўқувчиларнинг иқтидорини кашф қилувчи тренинглар олиб бориб, уларни маълум бир соҳага, касбга йўналтириши керак. Мактаб таълими учун бу масалалар муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бизнинг қишлоғимиз яқинида мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмас. Шу сабаб, 1-синфга келувчи аксарият болалар МТМда тарбияланмаган, ҳали жамоавий муҳитга кўникмаган, одамови, тортинчоқ бўлишади. Улар билан синф раҳбари ва психолог алоҳида шуғулланиши зарур.
Жорий йилнинг 14 августида Президентимизнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йил 1 сентябрдан психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса, 3 штат бирлиги этиб белгиланди. Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилиши белгиланди. Энди бир ставка психолог штати учун иш ҳақи 1 миллион 200 минг сўм. Қарордаги бу кўрсатмалар мактаб психологи ишининг нечоғлик муҳимлигини яна бир бор исботлади.
— Ўқувчи сони 300 нафар ёки 3000 нафар бўлишидан қатъи назар, мактабда бир нафар психолог штати белгилангани ўз навбатида мутахассисда жисмонан иш ҳажмига улгурмаслик, эмоционал ва жисмоний-физиологик чарчоқни келтириб чиқариб, кадрлар қўнимсизлигига сабаб бўлиб келган, — дейди Халқ таълими вазирлигининг ўқувчи-ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Акобир Абдуллаев. — Шунингдек, олий маълумотли психолог кадрнинг ойлик маоши олий маълумотли ўқитувчи иш ҳақининг деярли тенг ярмича эди. Табиийки, бу ҳолат яхши мутахассисларнинг бошқа соҳага ўтиб кетишига сабаб бўлди.
Оқибатда мактабларда номутахассис ёки ўрта махсус маълумотга эга кадрлар психолог штатида ишлаб келарди. Айтайлик, она тили ёки математика ўқитувчисининг дарс соати кам бўлса, уларга психолог штати қўшиб берилган. Тарбияси оғир ёки ўтиш давридаги болалар билан психологик тестлар ўтказишни номутахассис кадр қанчалик тўғри ва самарали ташкил эта олади? Номутахассис кадр фақат психолог иш дафтарларию папкаларини юритишнигина уддалай олиши мумкин.
Маҳоратли мутахассислар керак!
— Ўқувчи ташқи муҳитдан мамнун бўлса, ўқитувчининг улар билан ишлаши осонлашади, — дейди Косонсой туманидаги 24-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Дилфуза Мирзаҳамдамова. — Мактабимизда эркак психолог фаолият юритади. У синф раҳбарлари билан ҳамкорлик қилади. Ўқиши ва тарбиясида, дўстлар билан муносабатида салбий ўзгаришлар содир бўлаётган ўқувчиларни қийнаётган муаммонинг сабабини аниқлайди, турли психологик машғулотлар ўтказиб, ота-онаси, оилавий шароити билан яқиндан танишади. Эркак ўқитувчида шижоат кучли бўлади. Шу боис, у доим ўз ишида яхши натижага эришиб келади. Қолаверса, бу натижалар биз синф раҳбарларининг ҳам ишини енгиллаштиради. Ўйлаб кўринг, психолог болани қийин вазиятдан олиб чиқиш, яшаш шароитини ўрганишни бажармаса, бу иш ўқитувчининг зиммасига тушади ва у дарсдан чалғийди. Мактаб жамоаси ўз вазифасини ортиғи билан бажарувчи бу мутахассисимизни йўқотишдан қўрқардик. Чунки эркак кишининг 600 минг ойликка қаноат қилиши мушкул.
Дарҳақиқат, ҳозир вазият ўзгарди. Халқ таълими вазирлиги ва Республика ташхис маркази барча мактабларни тез орада малакали психолог кадрлар билан таъминлаш, олий маълумотли мутахассисларни ишга жалб этиш, тегишли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш устида ишлаяпти.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири