Қурбоновга мухлисман
Аввалига бу фанни ҳам, дарс берадиган ўқитувчисини ҳам хушламадим. Қўрқдим десам, тўғрироқ бўлади. Фан дегани шунчалик қийин, ўқитувчи дегани шунчалик жиддий ва қаттиққўл бўладими?! Мен таълим олган Шеробод туманидаги 32-мактабнинг ўқитувчилари чиндан ҳам қаттиққўл ва талабчан эди.
6-синфга кўчганимизда физика фанини ўргана бошладик. Янги бўлгани, қолаверса, моҳиятини англамаганимиз, меҳр қўймаганимиз сабабми, бу фан жуда мураккабдек туюлди. Фан ўқитувчиси Музаффар Қурбоновдан ҳаммамиз чўчирдик. Ёши ўттиздан ўтган, жуссаси кичик, нигоҳи ўткир бу муаллимнинг дарсида ерга урса, кўкка сапчийдиган, тартиббузар болалар ҳам бошдан-оёқ одоб либосига бурканиб ўтирарди.
Синфдошим Мунира билан қўшни турардик. У ҳар куни қўлидан физика китобини қўймасди. Лоф бўлмасину, ҳақиқатан ҳам ўтилган мавзуни нуқта-вергулигача ёд оларди. Аммо эртасига дарсга борганда устознинг бирор саволига ҳам жавоб беролмай, дудуқланиб қоларди. Нега бундай бўлди, ахир ёдлаганди-ку, деб ўйлардик. Билмас эдикки, фанни ўрганиш учун ёдлаш эмас, уни тушуниш, меҳр қўйиш керак. Бироқ кўпчилик бошқа фанлардан ҳам ёдлаб келиб, баҳосини олиб кетаверарди... Физика устозимиз Музаффар аканинг бошқа устозлардан фарқи мана шу ерда кўринарди. У киши доскага чиққан ўқувчининг мавзуни гапириш баҳонасида гапни олиб қочишига асло имкон бермасди. Саволларни дўлдек ёғдирардики, бунга фақатгина ҳақиқий билимли бола дош бера оларди. Савол-жавоб жараёни эса 1-2 дақиқадан нарига ўтмасди.
Устоздан чўчишимизнинг, у билан орамиздаги қатъий чегаранинг сабабини кейинроқ англадим. Аслида қайсимизгадир қариндош, қўшни, яна кимгадир қишлоқдош бўлган устоз мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам бир лаҳза бўлсин, ўзининг ўқитувчи, бизнинг эса ўқувчилигимизни унутмас эди. Таълим жараёнида бу ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги энг тўғри муносабат экан.
7-синфга ўтганимизда 80 йиллик тарихга эга мактабимиз қайта қурилди. Ҳар бир фан хонаси кўргазмалар, лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Ҳатто информатика хонасига компьютер келтирилди. Биз — қишлоқ болалари учун бу мўъжизанинг ўзи эди. Чунки ўшанда ҳеч бир идорада, ҳеч кимнинг уйи¬да компьютер йўқ эди.
Мактабимизга компьютер келди, аммо уни биладиган, информатика дарсида фойдаланадиган ўқитувчи топилмади. Ўшанда устоз Музаффар ака компьютерни ўрганиб, хона масъуллигини зиммасига олди. Ўқувчилар орасида устознинг обрўси икки ҳисса ошгандек бўлди. Энди биз компьютерни ўрганиш иштиёқида ёнардик. Лекин Музаффар аканинг олдига ким ҳам яқинлаша оларди!
Компьютерга яқин йўлаш учун нима қилиш керак? Айни шу савол ётса ҳам, турса ҳам каминанинг хаёлини тарк этмас эди. Ниҳоят, бунинг учун энг аввал Музаффар аканинг кўнглига йўл топиш керак, деган фикрга келдим. Мақсадга эса физикани яхши ўқиш билангина эришиш мумкин эди.
Ишга жиддий киришдим. Физикадан ўтилган мавзуни ўқидим, уқдим, ўрганишга бор кучим билан ҳаракат қилдим. Қарасам, ҳаммаси аниқ-равшан гаплар. Илҳомланиб кетдим, келгуси мавзуни ҳам ўқиб, тушунишга уриндим. Не тонгки, бунинг ҳам уддасидан чиқдим. Ана энди гапни дарс¬га бориб, ҳам гердайиб, ҳам қўрқув аралаш ҳаяжонланиб турган ўқувчидан эшитинг.
Устоз Музаффар ака журналдан бошини кўтармай “мардинг борми?” деган оҳангда сўради:
— Доскага ким чиқади?
Устоз бу саволига жавоб олмасликка ўрганиб қолган эди. Бехосдан “Мен чиқай” деган овозни эшитиб, ҳайратини сездирмасдан, “Чиқ!” деди.
Ўтган мавзуни гапирдим. Устоз кетма-кет саволлар ёғдирди. Жавобларимдан қониқди, шекилли:
— Ўтир, “беш”! — деди.
Мен эса яна журъат топиб, гап қотдим:
— Янги мавзуни ҳам гапирсам бўладими?..
Устоз бу сафар ажабланганини яширолмади. Аммо жиддий туриб:
— Гапир, — деди.
Биринчи қадамни босиб олган кишининг ўзига ишончи ортаркан. Мен ҳам энди ўтилажак мавзуни дадил-дадил баён қилиб бердим.
— Ўтир, мана шундай ўқиш керак! — деди устоз синфдошларимга қараб…
Компьютерлар ошиғини кутган маъшуқалардек қаторлашиб турарди. Минг истиҳола билан устозга юзландим:
— Малим, компьютерда ишлай.
— Ўт, ишла, — деди устоз.
Оғзим қулоғимда, бориб компьютерни ёқдим. Синфдошларим ҳавасдан ўткирроқ бир ҳис билан мени кузатиб турарди. Ўша кунларда компьютерни ўчириб-ёқиш, матн теришни ўргангандим. Шунинг ўзи менинг завқ олишим учун етиб-ортарди!
Кунлар ўтиб, ўзим ёмон кўрган ўқитувчини ҳам, у ўтадиган фанни ҳам яхши кўриб қолдим. Физикани ўрганишга шу қадар берилдимки, уйда ҳам, кўчада ҳам, овқатланганда ҳам, ишлаганда ҳам ечими чиқмаган масалаларни ўйлардим. Хаёлда турли формулаларни чиқариб, кўп ҳолларда уларга ечим топардим. Мактабни битиришимизга оз қолганда устоз менинг шу фан бўйича яхши мутахассис бўлишимга умиди борлигини айтди. Ўзим ҳам келажакда физик олим бўлишдан бошқа нарсани тасаввур қилолмасдим.
Мактабни тамомлаб, ҳужжатларимни Термиз шаҳридаги академик лицейнинг аниқ фанлар йўналишига топширдим. У пайтлар қишлоғимизда мобиль алоқа йўқ эди. Лицейга имтиҳондан уч кун ўтгандан сўнг борибман. Ортимдан ҳеч ким келмаган, ўзим эса қишлоқдан четга чиқиб кўрмаган ғўр боламан. Ўшанда буёғига мустақил ҳаракат қилиш кераклигини ҳис қилгандим.
Академик лицей директори Қудрат Бобомуродов университетда Музаффар акага дарс берган бўлиб, “Иш бошлаганингда ўзингга ўхшаган шогирд тайёрлаб, бизга юборасан”, деб айтган экан. Буни устоз шу муассасада ўқимоқчилигимни билганида айтиб берганди. Шу гап бирдан ёдимга келиб, директорни кута бошладим. Ниҳоят директор хонасига кириб келди. Юрак ютиб, салом бердим.
— Мен Зарабоғдан Музаффар Қурбоновнинг ўқувчисиман, — дедим. У киши қовоқ уйганча:
— Ҳа, нима қилай, имтиҳондан йиқилиб, энди Музаффарнинг ўқувчисиман, деб келяпсанми? — деди.
Имтиҳон ўтадиган кунни билмай, қатнаша олмаганимни айтганимдан сўнг директор мени ўқитувчилар хонасига етаклаб кирди. Ўзи бошимда туриб, ўқитувчилар билан бирга имтиҳон қилди. Имтиҳон билетидаги саволларга ҳам, ўқитувчиларнинг саволларига ҳам иккиланмай жавоб бердим. Устозимнинг шарофати билан академик лицей ўқувчиси бўлиш бахти насиб этди.
Ўқиш ҳам бошланди. Ўтилаётган мавзуларни билганим учунми, ёки муаллимимиз Музаффар Қурбонов эмаслиги учунми, негадир менга дарсларнинг қизиғи йўқдек туюлди. Шунда бадиий китоб мутолааси ва шеър машқига киришдим. Кутубхонадан Усмон Азимнинг “Сайланма”сини топдим. Бу китоб менинг шеърият борасидаги болаларча тасаввуримни парчалаб юборди ва ўзига сеҳрлаб олди. Шундан сўнг шеъриятнинг ҳақиқий ишқибозига айландим. Ўқишни ташладиму, қишлоққа жўнадим. Чироқ ёруғида мутолаа билан тонг оттирардим. Юрагим тўлиб кетаверарди, шеър ёзардим. Бора-бора ўқиш ҳақидаги гаплар қулоғимга кирмай қўйди. Фақат бир нарсадан — Музаффар ака билан учрашиб қолишдан жуда-жуда қўрқардим. Бунга юзим чидамасди.
Шу зайлда орадан анча вақт ўтди. Ўшанда устознинг умидлари чиппакка чиқиб, ич-ичидан куйинганини кўришганимизда аввалгидек меҳр билан қарши олмаслигидан сезардим. Бундан юрагим эзиларди. Аммо шеърият, адабиётга мубталолигим тобора авж олиб бораверарди. Уриниб-суриниб бир неча йил адашиб юрдим. Кейин вилоят газетасига ишга чақиришди. Ундан сўнг телевидениеда ҳам кўрсатувлар тайёрлай бошладим. У ёқ-бу ёқда “кўриниб” қолганимдан кейин устознинг дилидаги ғашлик аригандек бўлибди. Барибир устозимнинг ишончини оқлолмаганимдан мудом афсус чекаман.
Қишлоғимиз, мактабим ё болалигим ҳақида ўйласам, кўз олдимда энг аввал устоз гавдаланади. Бирор қишлоқдошим билан гаплашиб қолсам, албатта, уни сўрайман, нималар қилаётгани билан қизиқаман. Ҳамон у кишининг ҳар қадами менга қизиқ, аҳамиятли. Бу мухлислик аломатимикан?.
Сирожиддин ИБРОҲИМ