Эъзоздасиз мудом, устозлар!
Пойтахтимизда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дунёда касблар кўп. Аммо улар ичра энг улуғи ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим қўлида ўз йўлини топади. Инсон йўқки, устоз-муаллим сабоғисиз камолга етган бўлса! Халқимиз ўқитувчи-педагогларни бежиз қадрлаб, кўкларга кўтармайди. Ота-боболаримиз Ватан, ота-она ва устоз тушунчаларини уйғунлаштириб, уларни доимо ардоқлашга даъват этган. Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида элу халқимиз ўзининг устоз-муаллимларга чексиз ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида 1 октябрь санасини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда. Шу муносабат билан пойтахтимизда бўлиб ўтган асосий тантаналарга республикамизнинг барча ҳудудларидан таълим-тарбия тизими ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган халқ таълими ходимлари таклиф этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Мактаб ёшларда билим, дунёқараш ва маънавий асосларни шакллантирувчи асосий маскан”. Давлатимиз мактабнинг инсон тақдиридаги беқиёс ўрнини тўғри баҳолаган ҳолда таълим соҳасига катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, шу йил мамлакатимиз таълим тизими учун янгиланиш даври бўлди. Тизимда бир неча ўн йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар очиқ тилга олиниб, уларни бартараф этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, жорий йил 23 июнда Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор ва 17 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг масъул шахслар иштирокида ўтказган йиғилишида халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, тизимни бошқаришда сифат, адолат, шаффофлик тамо¬йилларига асосланиш масаласи кўриб чиқилди.
Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил 28 февралдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида педагог ходимлар қатор имтиёз ва қулайликларга эга бўлди. Хусусан, 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик маошлари 1,1, юқори синф ўқитувчилариники ўртача 1,24, директор ва унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди. Яна 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 баравар, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 баравар, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 баравар, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилиши кўзда тутилди. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсия ёшидаги ўқитувчилар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда ҳам пенсиясини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди.
Қарорга биноан ўқитувчиларни туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги ишларга жалб этишнинг тақиқлангани катта янгилик бўлди. Энди педагоглар касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ҳам жалб қилинмайди. Халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш бекор қилингани, ўқитувчидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ҳамда қўшимча маълумотларни талаб қилишга чек қўйилгани муаллимларни зиммасидаги ортиқча юкдан халос қилди.
Бундан ташқари, таълим ривожига ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. Ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш режалаштирилди. Педагог ходимларга қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойлар, автокредит ва истеъмол кредитларини имтиёзли равишда бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бир қаторда 2018–2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар” хиёбонларини барпо этиш режалаштирилган.
Бу каби ўзгаришлар Мактабгача таълим ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизимидаги муассасаларда ҳам изчил амалга ошириляпти.
Хусусан, Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилгани, мактабгача таълим муассасаларидаги ўқув-тарбиявий жараёнга замонавий услублар жорий этилаётгани бу ислоҳотларнинг узвий бўлагидир. Президентимизнинг “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2018 йил 1 мартдан мактабгача таълим муассасаси мудири, тарбиячи, методист, ўқитувчи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбари ҳамда тарбиячи ёрдамчиларининг базавий тариф ставкалари 30 фоизга, 1 сентябрдан эса тайёргарлик гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаси умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирган ҳолда 30 фоизга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида олий таълим тизимида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг маошлари оширилди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ўқитувчи-педагоглар кайфиятига, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Куни кеча эрта тонгдан Мустақиллик майдонидаги ҳурриятимиз ва озодлигимиз тимсоли бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш маросимида қатнашган таълим фаолларининг юз-кўзидаги қувончдан буни англаш қийин эмас.
— Бугун биз, муаллимлар учун яна бир қувончли кун, — дейди Қарши шаҳридаги 2-ИДУМИ ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова. — Ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг юртимизда кенг нишонланиши кўнглимга бир олам завқ бағишлайди. Шундай дамларда менда бу касбга ҳавас уйғотган биринчи устозим Санам Тўлаевадан миннатдорлигим янада ортади. Ўқитувчига давлатимиз томонидан кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда янада кўпроқ ишлагинг, яхши натижалар билан ишончни оқлагинг келади.
Шундан сўнг ўқитувчилар “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтаётган “ICT EXPO — 2018” ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасини томоша қилди. Павильонлардан юртимизда фаолият юритаётган йирик коммуникация компанияларининг маҳсулотлари қаторида ўқувчилар томонидан яратилган инновацион ихтиролар ҳам намойиш этилмоқда.
— Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технология¬лари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси барчанинг олқишига сазовор бўлди, — дейди Чилонзор туманидаги 90-мактаб ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Бахтиёр Каримов. — У инновацион ниқоб ихтиро қилибди. Ўқувчида бундай қобилиятнинг шакллантирилгани ва бу ихтиро шундай катта давраларга олиб чиқилганида, албатта, устозларнинг ҳиссаси катта. Ҳар бир устозга шогирдининг ана шундай муваффақиятларини кўриш энг улуғ мукофот. Юртимизда таълим соҳасига кўрсатилаётган эътибор, ўқитувчиларга берилаётган имтиёзлар, илм масканларига киритилаётган сармоялар кун келиб ёшларимиз камолида ўз ҳосилини беради.
Тадбир иштирокчилари асосий байрам тантаналарида иштирок этиш учун “Туркистон” санъат саройига етиб келди. Бу ерда байрам шодиёналари янада улуғворлик касб этди. Муҳташам кошона остонасида мўътабар устозлар карнай-сурнай садолари ва анвойи гуллар билан кутиб олинди. Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, таълим соҳаси фахрийлари, илғор ўқитувчи ва мураббийлар қатнашди. Тадбирда таълим-тарбия фидойиларининг хизмати алоҳида эътироф этилиб, чуқур эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригини Президент маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Шу куни Президентимизнинг фармонига асосан мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини давр талаблари асосида такомиллаштириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийлар давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
— Бугунги файзли кечада Президентимизнинг таълим ходимларига йўллаган байрам табригини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди, ғурур ва ифтихорга тўлди, — дейди Наманган шаҳридаги 1-ИДУМИ математика фани ўқитувчиси Аббос Мамадалиев. — Айни чоғда ҳаяжоним чексиз. Ҳозиргина “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвонини қабул қилиб олдим. Президентимизнинг таълим ходимларига йўллаган байрам табригидаги биз педагогларга қарата “...ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида, замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли инсонлар этиб вояга етказишда аввало сизларга таянамиз”, деган сўзларини тинглаб, яна бир бор касбимиз масъулиятини, юртимиз эртаси бизнинг қўлимизда камол топишини ҳис этдик. Меҳнатларимиз самараси ўлароқ шогирдларимиз келажакда катта муваффақиятларга эришса, Ватанимиз довруғини дунёга таратса, бизнинг эл олдидаги энг катта хизматимиз шу бўлади. Ўқувчилар ортидан “Таълим берган устозингга минг раҳмат!” деган олқишни эшитиш ҳар бир ҳамкасбимизга насиб этсин.
Албатта, эътирофга муносиб педагоглар кўп. Жумладан, шу куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вазирлик томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018” кўрик-танлови ғолибларига диплом ҳамда 10 миллион сўмдан пул мукофотларини топширди.
Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикасидаги Ибрайим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Гулистон Ходжалепесова, 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг бокс бўйича олтин медаль соҳиби Иқболжон Холдоров, пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Алевтина Люкшина, Сурхондарё вилояти Музработ туманидан меҳнат фахрийси Дўстқобил Қодиров сўзга чиқиб, ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларни байрам билан қутлади. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ўз байрам табригини устозларни мадҳ этувчи шеъри орқали изҳор қилди.
Эл суйган санъаткорлар ва ёшлар ижросидаги куй-қўшиқ ҳамда рақслар кечага ўзгача фусун, дилларга кўтаринкилик бағишлади.
Зилола МАДАТОВА,
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари