Муаллима
У барча қишлоқ аёллари каби қуёшдан олдин уйғонади. Барча қишлоқ аёллари каби саҳардан уй дарвозасини очади, кўчаю ҳовлини супуради, йўлларга сув сепади, гулларга сув қуяди. Сигир соғади. Жонивор ҳа деганда бўйсунавермайди. У сигирнинг олдига емиш ташлайди, бузоғини олиб келиб ийдиради. Янги соғилган сутни пиширишга қўяди-да, оиласига, болаларига нонушта тайёрлайди. Уларни уйғотиб, овқатлантириб, ўқишу ишига кузатиб ўзи ҳам йўлга тушаётган чоғ таниш аёлга рўпара бўлади. “Анваримнинг мазаси йўқроқ, кечагина соппа-соғ юрувди, бугун ўқишга боргани қўймадим, малимингга ўзим айтаман, деб зўрға кўндирдим”, дейди. “Майли... ўзи Анварнинг мижозига куз ҳавоси ёқмасди, соғ¬лиғига қаранг, кейинги мавзуларнинг топшириқларини қўлдан келганча бажариб қўйсин. Дўхтирдан маълумотнома олиш эсингиздан чиқмасин”, дея йўлга равона бўлади. Бу дунёнинг йўл деган қисмида унга кўзи тушган бола борки, қўлини кўксига қўйиб салом беради, кимдир фарзандининг ўқишидан нолийди, яна кимдир эса... Шу билан дунёнинг йўл деган қисми ҳам тамом бўлиб, унинг ўзга бир дарчаси очилади...
Мактаб! Унинг бутун умри шу дарчадан қараб тургандай. Бу бошдан неки ўтган бўлса, шу дарча гувоҳ. Савод деганни шунда топди, сабот деганни шунда топди, сабр деганнию қадр деганни шунда топди. Олий ўқув юртини битириб келганда онаси унга насиҳат айтди: “Болам, сизларни ўқитдик, дипломли қилдик, чунки ота-онамиз бизни шундай тарбия қилиб эди, қиз болани олий маълумотли қилиб турмушга берганинг, қўйнига битта нон қистириб жўнатганингдай гап. Эртага оиласига нафи тегади, болаларини зиёли қилиб тарбиялайди, ўз ризқини териб оладиган бўлади”... У пайтда она қизининг “қўйнига битта нон” билан бирга кўнглига, тафаккурига зиё ҳам қўшиб берганини ўйламаганди... Аммо дунёнинг мактаб деган дарчасига ўзи каби фарзандининг ҳам қисматини боғлаб қўйганди...
4-“Б”. У синфга кириб келаркан, хона асалари уясига қайноқ сув сепгандек бир лаҳза жимади. Дарс бошланади. Она тили фанидан янги ўқув йилининг иккинчи дарси. Журналга ёзилади, давомат олинади, ўтган дарс топшириқлари бажарилган дафтарлар йиғиб олинади, иккинчи айланма дафтар тар¬қатилади. Яна ўқувчиларга юзланади:
“Ўтган дарс қандай мавзу ўтгандик?”.
Бу савол дастлабки назорат. Шу назорат орқали у ўқувчиларни бир кўздан кечиради, ким тайёр, ким ҳаяжонда, ким ўзини сездирмасликка ҳаракат қиляпти... Саволга жавоб берувчини танлаш ҳам аҳамиятли. Ким кўпинча ўзини четга олиб юргану, аммо бугун ўтган дарсдаги мавзуни айтишга қўл кўтариб турган бўлса, ундан сўралади. Чунки у доим ҳам тайёр бўлмаслиги мумкин. Агар шундай пайтда сўзлаш имкони берилмаса, кейинги дарсларга иштиёқи сўниб қолади. Бундай болани дарров пайқайди. Ахир, бу хонада ўтирганлар уч йил аввал илк бор қўлига қалам олганидан “а”ни “б”га қўшадиган бўлгунча, эга билан кесимнинг фарқига боргунча, қўлидаги ўнта бармоқ билан бошланган ҳисоб-китоб илмини карра жадвалию арифметикага етказгунча ҳар бирининг онгига бу сабоқларни бир-бир жойлаб чиққан у эмасми? “О” билан “т” “от” деб ўқилиши, бирни бирга қўшса, икки бўлиши, боболар хоки ётган, киндик қони томган ер Ватан дейилишию унинг миллати ўзбек экани каби илк билгиларни мурғак тафаккурлардан қўриқ очиб уруғ янглиғ қадаш, ҳар бирига оз-оздан меҳр сувини қуйиб, унишини диққат билан кузатиб турган у эмасми?
Шундай қилиб дарсда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, бунинг учун қанчадан-қанча аждодларимиз курашгани, нега тил “она тили” деб аталиши ҳақида сўз боради.
Иккинчи соат Математикада топшириқлар болаларга оғирлик қилаётганини сезиб қолади. Чунчи кўпчилик уй вазифасини бажара олмаган. Демак, мавзуни соддароқ ўтиш керак, мураккаб топшириқларни тўгарак машғулотларига қолдирган маъқул. Аммо уларни ҳам иложи борича болаларга етказишга ҳаракат қилади. Бироқ шу топшириқларни ҳам бажарганлар бор. Улардан қандай бажарганини сўрайди. Кимдир ёрдам берган бўлса, индамайди. Ўзи ишлаган бўлса ҳам... индамайди. Фақат бу боланинг математикага қобилияти борлигини ўзи учун белгилаб қўяди.
Катта танаффусда ўқитувчилар хонасида ижара дарсликлар тўлови ҳақида гап бўлади. Унинг синфида ҳали ҳам қарздорлар бор эди. Улар асосан шароити оғир кўп фарзандли оилалар бўлади. Янги қабул қилинган қарорга кўра, бундай оилалар ижара тўловларини кечиктириб тўлаши мумкин бўлгани айтилади. “Хайрият!”.
Учинчи соат 4-“Б”да Инглиз тили. Демак, у бўш қолади. Бошқа ўқитувчиларнинг дарсига кириб “дарс таҳлили” ёзади. Ким қандай тажрибаларни қўллаяпти, ким нимада хато қиляпти, кимнинг синфи илғорроқ, унинг ўзи нималарга эътибор бериши керак? Ҳаммаси таҳлил дафтарида акс этади.
Тўртинчи соатга “Ўқиш” қўйилган. Ўқувчилар нисбатан эркин бўлишади. Янги ўқув йилининг иккинчи дарси эмасми, болалар ёзги таътилда ўқиган китоблари ҳақида таассуротларини ёзиб келишлари керак эди. Ўтган дарсда партадошларига ўқиган китоблари ҳақида сўзлаб беришган. У ўқувчиларни парталарга жойлаштиришда атай билимдон бола билан суст ўзлаштирадиган болани ёнма-ён ўтир¬ғизган. Бир боланинг ёзуви хунук бўлсаю, ўзлаштириши яхши бўлса, уни чиройли ёзадиган синфдоши билан ўтирғизади. Ҳамма фанлардан яхши баҳо оладиган бола синфдошига ўчакишиб ҳуснихатини ҳам тузатиб олади. Кейин у қийин ўзлаштирадиган бола билан партадош қилинади. Тартибсиз юрадигани тартибли билан ўтиради. Биринчи синфнинг энг аълочи ва энг қийин ўзлаштирадиган ўқувчилари олд партада ўтиради. Бу болаларда дўстлик, жамоа тақдирига дахл¬дорлик туйғуларини шакллантиради, деб ўйлайди у.
Шу билан бугуннинг сабоқларига якун ясалади. У болаларига жавоб беради. Кетар чоғда ўқувчилар устози билан хайрлашади. Жўровозда “Хайр, устоз, яхши дам олинг. Саломат бўлинг” деб вижирлайдилар. Дам олиш! Бу умрнинг қайси қисмига тўғри келади? Дам олиш яшамасликми? Ҳамма дам олса, ким яшайди? Аммо бу кун ўттиз бола қалбу шуурига янги сабоқларни жо этган кун бўлиши билан бирга унинг асабларидан яна бир толани юлиб олган кундир. Йигирма йил. Шу фурсатнинг ҳар парчаси бундай толаларни бир-бир узиб олаверди. Яна узаверади. Бу танланган тақдир йўли! У эса ёнган сари атрофни нурга чулғаб, ўз-ўзини адо қилиб бораётган шамга ўхшайди. Шу йигирма йилда нималар кўрмади бу саодатли бош? Жимитдек болаларга қўшилиб кўсак чувиди, дарсдан кейин фалончи раҳбар келишига асфальт четида ўсган янтоғу ажриқни чопди, далага текин ишга чиқиб фермердан сўкиш эшитди, чопиқ қилди, ягана қилди, пахта терди. Соғлиғи бўлмай ўрнига одам ёллаганда ҳам келиб дарсини ўтиб кетди, дарс ўтар жафосига комиссияси келиб шунча меҳнатнинг тагидан ҳам камчилик топиб кетаверди, у эса қоғоз устига қоғоз тўлдираверди... Аммо ундан йигирма йиллик умр ҳақида сўралса, бу гапларни айтишни ўзига эп кўрмайди. “Мана, энди меҳнатимиз қадр топадиган кунлар ҳам келяпти-ку” дейди.
Уйга келгач, болалари қайтгунча кеча тайёрланган овқатни иситиб туради. Барча қишлоқ аёллари каби мол-ҳолига қарайди, емишу сувини беради. Сал кўнгли тинчигандек бўлади. Фарзандлар шовурлаб келганда, бошида оғриқ туради, болаларини тергайди, ётиб дам олай дейди, ёстиққа бошини қўйганда елкасидаги зил-замбил юк ёстиққа текканидан енгил тортади. Уйғониб яна қишлоқ аёллари каби ҳовлисига қарамаса, кўнгли жойига тушмайди, кун қайтмаган бўлса ҳам томорқа экинларини бегона ўтлардан тозалайди, болаларига қиладиган ишларини бўлиб бериб, ўзи кечки овқатга ҳаракат бошлайди. Овқат тайёрлаб, иш столига ўтиради, эртанги дарслар конспекти, бугун йиғилган уй вазифалари уни кутиб турарди. Кимдир телефонда фарзанди учун эртага берилган топшириқларни қандай бажариш кераклигини сўраб қолади, икки ўқувчи дафтарларини кўтариб, уй ишларидан тушунмаган жойларини сўраб, остонадан кириб келишади. У эса кунлик машғулот¬ларини одатдагидай бажаришдан толмайди. Унинг кимлигини билиб бўлдингиз. Шоир айтганидек, “Оддий муаллим-да, оддий муаллим!”.
...Ниҳоят, умрнинг фидоликка йўғрилган яна бир фурсати якун топди. Эрта ва яна кўп эрталар шундай ўтаверади.
Суҳроб ЗИЁ