Бахмал туманидаги мактаб Япония грантига эга бўлди
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 1-умумтаълим мактаби Япониянинг 55,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги грантига эга бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ацуши Суда вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий соҳаларга грантлар жалб қилиш борасидаги лойиҳаларни амалга оширди.
Грант Япония ҳукуматининг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида амалга оширилади. Дастур орқали ушбу мактаб 192 номдаги ўқув мебели, 12 дона тикув машинаси билан жиҳозланади.
Ташриф доирасида халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон-Япония алоқалари, кунчиқар юртнинг таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги тажрибалари, уларни Ўзбекистонда жорий этиш ва грант лойиҳаларини оммалаштириш борасидаги муҳокамалар бўлиб ўтди.