Яна мактабга қайтдим...
Кўп йиллар мактабда ўқитувчилик қилдим. 2016 йили нафақага чиқдим. Томорқа ишлари билан шуғулландим, юрт кездим. Ижтимоий тармоқда мақолаларим билан қатнашиб, янги-янги дўстлар орттирдим, таълим-тарбия борасида фикрлар алмашдим. Аммо қалбимнинг бир четидаги кемтиклик тўлмади. Мактабни, ўқувчиларни соғинавердим. Мен шунда таълим-тарбия, мактаб — ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолганини ҳис этдим.
Бора-бора қилаётган ишларимнинг ҳеч биридан таскин топмай қўйдим. Кўз ўнгимдан доимо мактаб синфхоналари, ундаги илмга ташна қалб соҳибу соҳибалари ўтарди. Бу оташин меҳр мени гоҳ-гоҳида қадрдонимга айланган мактабга бошлайверди. Мактабга бориб ўқувчиларим билан турли мавзуларда суҳбатлар ўтказиб, фикр-мулоҳазалар алмашиб келардим. Бу учрашувлар кўнглимни яна завқу шавққа тўлдирарди. Ҳамон таълим беришга ташналигимни тумандаги соҳага алоқадор одамлар сезиб юришарди. Неча бор мактабга қайтиш таклифи ҳам тушди. Аммо нимадир тўсқинлик қиларди. Маълумки, нафақа ёшига етганидан сўнг ўқитувчига ойлик маоши тўлиқ шаклда берилса ҳам пенсиянинг 50 фоизи ушлаб қолинарди. Ўзи шундоқ ҳам кўплаб имтиёзлардан мосуво бўлган ўқитувчини бу ҳолат янада қийнаб келарди. Бу ёшда муаллимлик қилиш инсонни жисмонан толиқтиради. Шу важдан ҳам айрим малакали, мактаб жамоаси учун ҳали кўп йиллар нафи тегадиган тажрибали, билимли кадрлар иш фаолиятини якунлаб қўя қолишди. Натижада кўп мактабларда фан ўқитувчиларига эҳтиёж ортиб кетди.
Президентимизнинг шу йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида бу муаммонинг ҳам ечими кўрсатилди: 2019 йил 1 январдан умумтаълим муассасаларида меҳнат қилаётган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди. Бу янгилик менинг мактабга қайтиш истагимни кучайтирди.
Президентимиз томонидан халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўплаб ўқитувчиларнинг оғирини енгил қилди. Ўқитувчи ҳам юрак ютиб ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш, лавозимига дахли бўлмаган мажбурий ишлардан бош тортишга жазм эта бошлади. Юқорида уни ҳимоя этадиган тиргаклар борлигини билиб, кўнгилдагидек фаолият юритиш қандай яхши! Ўқув йили бошиданоқ мактаб раҳбарларидан келган таклифни қабул қилиб, мактабга ошиқдим.
Энди мактабларда ўзгача руҳ кезаётир. Ўқитувчи сифатида ўзимни кераксиз қоғозбозликлардан, мажбуриятлардан озод қушдек енгил ҳис қиламан. Бошқа ҳамкасбларим юз-кўзида ҳам шу каби мамнуният ифодаси барқ урмоқда. Ўқитувчиларнинг ўзаро суҳбатларида баҳс қайси ҳужжатни қандай тўлдириш устида эмас, ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни қайси усулда тўлдириш, мавзуни самарали тушунтириш методлари ҳақида боради.
Фармондаги муваффақиятли фаолият юритаётган мактаблар негизида тармоқли мактабларни ташкил этиш, тармоққа юкламаси паст коэффициентли мактабларни киритиш ҳақидаги кўрсатмалар мактаблар ва ўқитувчилар орасидаги соғлом рақобатни ҳам жонлантирди. Рақобат бор жойда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Ҳеч бир мактаб рейтингда охирги ўринлардан жой олишни истамайди. Шундай экан, энди ўқитувчилар ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, дарсларни замонавий тарзда ташкил этиб, биринчиликка интилишлари лозим.
Ёш педагоглар фахрий, нафақа ёшидаги ўқитувчиларга қараб муаллим қандай бўлиши кераклиги ҳақида хулоса чиқаради. Биздан андоза олади. Шу сабаб доимо ўзимга ўзим талаб қўяман. Бу талабга жавоб беришга куч-қувватим етгунга қадар ўқитувчи бўлиб қолавераман.
Бердимурод САТТОРОВ, Денов туманидаги 74-мактаб ўқитувчиси