Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев мактаблар ва ўқитувчилар ҳақида
Илму маърифат ҳамиша мамлакат равнақининг асоси саналган. Қаерда илму фанга, маърифатга эътибор кучли бўлса, ўша юрт қудратли бўлади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимиз таълим тизимида янги саҳифа очди. Айниқса, жорий йилда халқ таълими соҳасини энг илғор мамлакатлардаги таълим даражасига кўтариш, нуфузини ошириш, таълим-тарбия сифатини тубдан яхшилаш, муаллимларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузини, устоз-муаллимлар обрўсини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари сезиларли даражада оширилди. Уларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар, автотранспорт воситаларини харид қилишлари учун ўқитувчиларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Халқ таълими ходимларини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган яна бир муҳим масала — уларни лавозим хизматларига кирмайдиган ишлар, мажбурий меҳнатга жалб этишга чек қўйилди.
Бу эзгу ҳаракатлар замирида мамлакатимиз келажаги — фарзандларимизнинг чуқур билим эгаллаб, ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишишлари, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари, жаҳон майдонларида ҳеч кимдан кам эмасликларини намойиш этишларини таъминлашдек улуғ мақсадлар мужассам.
Жорий ўқув йилида вилоятимиздаги 527 та давлат, 2 та нодавлат умумий ўрта таълим мактабида 282 минг ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 24 409 нафар педагог пухта билим бериб, келажакда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб етишишлари йўлида жонбозлик кўрсатмоқда. Устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли бугун Бухоро вилояти мамлакатимиз таълим тизимида ўз ўрни ва нуфузига эга. Айниқса, Бухоро шаҳридаги 35-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Қамбара Болтаева, Олот туманидаги 31-ИДУМИнинг математика фани ўқитувчиси Бекзод Беков, Вобкент туманидаги 1-мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Феруза Жўраева, Жондор туманидаги 26-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Шуҳрат Жониев, 1-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Сарвиноз Ражабова, Ғиждувон туманидаги 63-ИДУМнинг кимё фани ўқитувчиси Феруза Ҳожиева, 21-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Снежана Қутлиева каби фидойи устозларнинг номларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Улар анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида совринли ўринларни эгаллашди.
Шундай фидойи устозлардан сабоқ олаётган ўқувчиларимиз ҳам халқаро майдонларда ўз сўзларини айтмоқда. Жорий йилнинг 1—15 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро математика мусобақасида юртимиз жамоаси таркибида бухоролик 4 нафар ўқувчи ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилди. Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин, шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев, Пешкў туманидаги 18-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш медални қўлга киритди. 2017-2018 ўқув йили якунида таълим сифати кўрсаткичлари бўйича республика рейтингида вилоят халқ таълими бошқармаси энг юқори поғонани банд этди.
Бу каби ютуқлар бардавомлигини таъминлаш, тизим ходимларининг янада самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш олдимиздаги энг муҳим вазифалардир. Шу мақсадда жорий йилда Инвестиция дастури ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида вилоятдаги 38 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ишларга 70 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган умумтаълим мактабларини жорий ва капитал таъмирлаш учун 9,2 миллиард сўм, асосий воситалар сотиб олиш учун эса 2,9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, таълим муассасаларини 2018-2019 ўқув йили ва куз-қиш мавсумига пухта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдик. Барча умумтаълим мактаблари хатловдан ўтказилиб, уларни мавсумга тайёрлаш бўйича бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Вилоятдаги 43 та умумтаълим мактабининг том қисми таъмирланди, 93 та янги иситиш қозони ўрнатилди, 9 та қозонхона таъмирланиб, 29 минг погонометр ҳажмдаги иссиқлиқ тизими алмаштирилди.
Соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Жумладан, 11 йиллик мажбурий таълим тизимининг жорий этилиши натижасида бу ўқув йилида 37 та умумтаълим мактабининг нав¬батлилик коэффициенти 1,6 дан ортмоқда. Умумтаълим мактабларининг 38 таси реконструкцияга, 70 таси эса капитал таъмирга муҳтож. 88 та мактабда спорт зали мавжуд эмас, 140 тасининг атрофи ўралмаган, 327 тасида иссиқлик энергияси, газ ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бор. Мавжуд 8726 та компьютердан 3115 таси яроқсиз ҳолга келган. Вилоятдаги айрим умумтаълим мактабларида физика ва кимё лабораториялари йўқ. Айни пайтда мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Инсон ҳаётида устозларнинг ўрни ниҳоятда улкан. Шу боис, улар олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Ҳазрат Навоий айт¬ганларидек:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо Онинг ҳақин юз ганж ила.
Устозга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Гарчанд мактабни тугатганимга анча йиллар ўтган бўлса-да, қадрдон масканимни, муаллимларимни доимо қўмсайман. Улардан хабар олишни ўзимнинг инсоний бурчим, деб биламан. Айниқса, биринчи муаллимим — Ромитан туманидаги 1-умумтаълим мактабида кўп йиллар бошланғич таълимдан сабоқ берган меҳрибон устоз Саида Ҳамроева, Қоракўл тумани 15-мактабдаги барча ўқитувчиларим — Хосият Тўраева, Аҳмад Ҳасанов, Аҳмад Соҳибов, Рисолат Рўзиева, Маҳмуд Ортиқов, Рашид Раҳмонов, Балхия Арслонова ҳамда синф раҳбарим Ҳалима Орипованинг номларини чуқур миннатдорлик билан тилга оламан.
Жорий ўқув йилининг биринчи куни ўзим таҳсил олган Қоракўл туманидаги 15-мактабда бўлиб, устозларим билан учрашдим, дилдан суҳбат қилдим. Бизнинг бу даражага эришишимизда устозларимизнинг ҳиссаси катта.
Мурғак қалбларга зиё тарқатмоқ, улар қалбида маърифат чироқларини ёқмоқ — бу икки дунё саодатига лойиқ эзгу ва улуғ амал. Устозлик — мартаба ва шараф. Аммо унинг залворли юки, игна билан қудуқ қазигудек машаққатини кўтармоқ қийин. Ана шундай машаққатли, айни чоғда шарафли ишда устозларимизга куч-қувват, мустаҳкам соғлиқ ва матонат тилайман.