Туркистондаги биринчи ўзбек мактаби
Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.
Шоир Ғафур Ғуломнинг 1945 йили ёзилган “Вақт” шеъридаги бу мисраларни ўқиган одам бугуннинг нафасини сезади. Бу сатрлар назаримизда ўсиб келаётган ёш авлодни ўз умр дафтарининг ҳар бир варағини шоҳ сатрлар билан тўлдириб, зарвараққа айлантиришга чорлаётгандек.
Дунёда шундай касб эгалари борки, улар умр дафтарини мазмунли қилиш баробарида, ёш авлодни илм кошонасига eтаклайди, улуғ мақсадлар сари йўллайди. Улар, шак-шубҳасиз, устоз ва мураббийлардир. Ўзим таҳсил олган мактабнинг ташкил этилганига бу йил 100 йил тўлаётганини ўйласам, хаёлимдан шундай фикрлар ўтади.
Биринчи ўзбек мактаби
Узоқ тарихга эга мактаб 1915 йили Туркистон шаҳрида маърифатпарвар, зиёли, янгиликка интилувчи ўзбек халқининг асл ва мард ўғлони Саидносир Абдулҳай ўғли Миржалиловнинг иқтисодий кўмаги ва ташаббуси билан ташкил этилган. Мактабда қозонлик Шокир Иброҳимов, истеъдодли, маърифатпарвар шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий фаолият юритган. Саидносир Миржалилов Қозондан дарслик ва методик қўлланмалар олиб келиб, мактабдаги таълим-тарбия жараёнининг дидактик ва методик таъминотини бойитган. Улуғ маърифатпарвар инсон кўмаги билан Туркистонда биринчи ўзбек мактаби дунёга келган.
Мазкур таълим маскани янги усулдаги жадидчилик мактаби бўлиб, Саидносир Миржалиловнинг уйида яширинча фаолият юритган. Илғор ўқувчилар “Кўмак” жамияти орқали Германияга ўқишга юборилган ва моддий қўллаб-қувватланган. Хорижда таҳсил олган ёшлар ке¬йинчалик мутахассис сифатида Марказий Осиёдаги таълим муассасалари, жумладан, шу мактабда фаолият юритган.
Саидносир Миржалилов бошлаб берган савобли иш бир асрдан буён муваффақиятли давом этмоқда. Бу шахсни мактабда таҳсил олган барча битирувчилар ва педагог ходимлар ҳурмат ва эҳтиром ила ёдга олади. 1937 йили ўзбек халқининг илмли, маърифатли, янгиликка интилувчи, мард ўғлонлари қатори у ҳам қатағон қурбонига айланди.
Чор Россияси даврида янгича мактаб очишга рухсат берилмаганига қарамай ушбу мактаб 1918 йилнинг февраль ойида расман шаҳар бошланғич мактабига айлантирилди. 1924 йили мактабга М.И.Калинин номи берилади. Ўзбекистон Маориф вазирлигининг махсус буйруғи асосида 1930 йилда 7 йиллик, 1934 йилда эса тўлиқ ўрта мактабга айлантирилди. 1992 йил 2 июлдан Ҳамза номи билан атала бошланди.
Асл фарзандларни тарбиялаган маскан
1920—1930 йилларда мактабни битирган кўплаб ўғил-қизлар орасидан олимлар, давлат арбоблари eтишиб чиққан. Мактабнинг илк қалдирғочларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати, биринчи ўзбек кимёгар олимаси Саидносир Миржалиловнинг қизи, буюк адиб Ойбекнинг турмуш ўртоғи Зарифахоним Саидносирова саналади. Шунингдек, Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев, давлат арбоби Мансур Муҳаммедов, филология фанлари доктори, профессор, ёзувчи Муҳаммаджон Хайруллаев, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Носир Фозилов ҳам шу таълим муассасасининг дастлабки қалдирғочлари саналади. Мана шундай илм дарғаларига бешик бўлган маскан кейинчалик ҳам етук кадрлар тайёрлади. Филология фанлари доктори, профессор, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати Ғаффор Мўминов ҳам дастлабки билимларни шу мактабда олган. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этгани учун мактабнинг уч битирувчиси “Совет Иттифоқи Қаҳрамони”, яна уч нафари “Социалистик меҳнат Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Аҳмад Иноғомов 1944 йил 24 августда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони билан тақдирланган.
Битирувчилар орасида Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон Республикасида турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган мутахассислар кўпчиликни ташкил этади.
Мактабнинг узоқ йиллик директори Поччахон Баратов, илмий мудир Абдураим Абдужабборов, Абдуҳошим Жумабоев раҳбарлигида педагогик фаолият юритган устозлар сирасига Фарида Мустаева, Аҳмад Анорбоев, Райим Ғафуров, Азизхон Абдуллаев, Турсунбой Алиев, Абубакир Азизов, Қозоқбой Отахонов, Робия Норметова, Қумри Рустамова, Маҳкамбой Ортиқбоев, Ким Чун Ван, Гулсун Иброҳимова, Одилжон Толипов, Мунаввар Усмонова, Қурбон Болтабоев, Комила Абдуқаҳҳорова, Опажон Юсупова, Моҳира Дадабоева, Муҳаммаджон Жумабоев, Аҳмад Боботоев, Лола Ризахўжаева каби инсонларни киритиш мумкин. Бу устозларнинг маънавий қиёфаси, юксак касбий маҳорати ва одамийлик фазилати ўқувчиларга намуна бўлган.
Мактабим менинг ҳаётимда…
Мен ҳам эришган ютуқларимда биринчи ўқитувчим Фарида Мустаеванинг заҳматли ва шарафли меҳнатини кўраман. Кимё ва биология фанлари ўқитувчиси Аҳмад Анорбоевнинг меҳнати эса алоҳида эътирофга лойиқ. Устозим машғулотлардан кейин биз билан қўшимча шуғулланиб, фан асосларини пухта ўзлаштириш, шаҳар, вилоят ва республика босқичида ўтказилган фан олимпиадасида муваффақиятли иштирокимизга ҳисса қўшарди. Ўқувчилар билан самарали ишлаши натижасида Ўзбекистон Миллий университети доценти, кимё фанлари номзоди Опажон Ғафурова(Ҳайитбоева), кимё фани ўқитувчиси Дилбар Раҳимова каби кўплаб тиббиёт ходимлари етишиб чиққан.
Ўзбек тили ва адабиёти муаллими Райим Ғафуров жуда меҳрибон, ўқувчиларга эътиборли устоз эди. Ҳар бир ўқувчининг қизиқиши ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, турли мавзуларда эркин иншо танловини ташкил этар, ўқувчилар билан якка тартибда ишларди. Шу сабабли, битирувчилар орасидан ёзувчи-шоирлар, филолог олимлар етишиб чиққан.
Яна бир ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчимиз Робия Норметова ҳам маънавиятли, оқила, зукко эди. Ҳар бир дарси гўё ҳаёт сабоғи эди. Ўқувчиларнинг умр дафтари нафақат шоҳ сатрлар билан безалиши, балки ҳаё, ибо, гўзалликка ошуфта бўлишига эришган. Тўйи арафасида бўлажак турмуш ўртоғини урушга жўнатган қиз бир умр уни садоқат билан кутиб яшади. Биз ўзбек аёлининг вафо, садоқат ва матонатини шу устоз мисолида кўрганмиз. Тарих ўқитувчиси Қумри Рустамова ёшларга таълим бериш борасида юксак маҳорати, қаттиққўллиги билан хотирамизда қолган. Меҳнат ўқитувчиси Гулсум Иброҳимовадан ҳаёт дарсини ўрганардик. Одоб-ахлоқ, орасталик, бичиш-тикиш, рўзғор юритишда тежамкорлик ва ижодкорлик, қизларнинг маънавий қиёфаси, ўзини тутиш, мулоқот маданияти ҳақида жуда кўп суҳбатлар, кечалар ташкил этарди.
Барча дарслар, айниқса, аниқ фанлар, шу жумладан, математикани ўқитишга катта эътибор бериларди. Физика-математика фанлари доктори, профессор Болтош Абдуалимов, физика-математика фанлари номзоди, доцент Фариза Патчаева (Отажонова), физика-математика фанлари номзоди, доцент Эркин Абдуалимов, физика-математика фанлари номзоди, доцент Карим Сапаев ўз ютуғини математика ўқитувчилари Абубакир Азизов, Азизхон Абдуллаев, Абдураим Абдужабборов, Қозоқбой Отахоновнинг самарали меҳнати билан боғлайди.
Кўп миллатли педагоглар жамоаси
Узоқ йиллар мактабда ишлаган педагоглар орасида бошқа миллат вакиллари ҳам бор эди. Мактабнинг педагогик жамоаси кўп миллатли бўлиб, бир мақсад йўлида жипслашган ҳолда фаолият юритарди.
Собиқ ўқувчилар қалбидан чуқур ўрин олган корейс ўғлони Ким Чун Ван турмуш ўртоғи Анвара опа билан рус тили ва адабиётидан дарс берар, шогирдларининг дилига умуминсоний қадриятларни сингдириб, уларни бадиий адабиёт билан ошно бўлиш, мустақил ўқишга чорларди. Улар ўзбек тилини мукаммал билиши баробарида, ўқувчи-ёшлар билан дилдан суҳбатлашар, турли мавзуларда викторина, адабий кечалар ўтказар, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга интиларди. Ўқувчиларнинг устозга бўлган ҳурмати, муҳаббати, фанларни ўзлаштиришга қизиқиши туфайли битирувчиларнинг кўп қисми рус тили ва адабиёти ўқитувчиси касбини эгаллаган. Ҳозир педагогик фаолият юритмоқда.
Ҳа, мактабнинг тарих саҳифалари ранг-барангдир. Ҳар бир устоз ҳақида узоқ гапириш мумкин. Собиқ ўқувчилар устозларимизнинг шарафли ва машаққатли меҳнати, инсонийлик фазилатини эъзозлаймиз ва уларга ташаккур айтамиз.
Туркистон вилоятининг Туркистон шаҳридаги Ҳамза номидаги мактабнинг 141 нафар педагогик жамоаси Замир Муҳаммаджонов раҳбарлигида 1600 нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда.
Мактаб ўқувчилари “Мен кўп тилни биламан”, “Абай ўқишлари”, “Мағжон ўқувлари”, “И.Жансугуров ўқишлари”, “Яссавийшунослик”, “Ёрқин келажак” каби танловларда, фан олимпиадаси, илмий лойиҳалар беллашувида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Мактабнинг бир асрлик юбилей тантанаси арафасида “Кўҳна зиё маскани 100 ёшда” номли китоб чоп этилди.
Жамила ТОЛИПОВА, Низомий номидаги ТДПУ профессори, педагогика фанлари доктори