11-синф дарсликлари янгича ёндашувлар асосида яратилган
Юртимизда 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимига ўтилиши янги ва замонавий дарсликларга эҳтиёж туғдирди. Халқ таълими вазирлигининг 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”га кўра, энг илғор тажриба ва инновацион методлар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда 11-синф ўқувчилари учун дарсликлар яратилди. Ўқув адабиётлари сифатли ва камчиликлардан холи бўлиши учун барча чоралар кўрилди.
Ўз навбатида, дарсликлар таъминотида ҳам муаммолар мавжуд. Уларни тайёрлаш ва жойларга етказиш билан боғлиқ вазият таҳлил қилинганда нашр этиш жараёни нотўғри режалаштирилиши ва жойларга етказиб бериш муддатининг қисқалиги, муаллифлар билан ишлаш ва оригинал дарсликларни тайёрлашдаги қийинчиликлар, китобларнинг муддатида чоп этилмаслиги, нашриётлар билан шартнома муддатларининг узайтирилиши, логистика муаммолари ўқув адабиётлари сифати ва жойларга ўз вақтида етказилишига салбий таъсир кўрсатган.
Натижада ўтган ўқув йилида таълим муассасаларига сентябрь ойига қадар дарсликларнинг 47 фоизи етказиб берилган бўлса, охирги қисми ўқувчиларнинг қўлига май ойида етиб борган. Янги ўқув йили бошида шу каби муаммоларга йўл қўймаслик ҳамда дарсликларни ўз муддатида жойларга етказиб беришни таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги зарур чора-тадбирларни белгилади. Натижада айни кунда дарсликларнинг 94 фоизи ўқувчиларга етиб борди. Қолган қисми ҳам мактаблардан мактабларга йўналтирилмоқда.
Ўқувчилар ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида, 1—11-синфларга мўлжалланган дарсликларнинг электрон нусхалари Халқ таълими вазирлигининг www.eduportal.uz ахборот-таълим порталига жойлаштирилди. Мутахассисларнинг фикрларини билиш ва келгусида дарсликларни такомиллаштириш мақсадида, ҳар бир ўқув адабиёти бўйича шарҳ қолдириш имконияти яратилди.
— Республика таълим марказида 2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари дарсликларини нашрга тайёрлаш бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди, — дейди марказ директори вазифасини бажарувчи Ином Хўжамов. — Вазирликнинг тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, дарслик ва ўқув дастурлари муаллифлари, нашриёт масъуллари ҳамда фан методистлари иштирокида 2018-2019 ўқув йилида чоп этилган умумтаълим мактабларининг 1-, 2-, 3-, 4-, 6-, 11-синф дарсликларида аниқланган камчиликлар муҳокама этилди. Иштирокчилар янгидан чоп этилиши режалаштирилган 1-, 3-, 8-, 9-синф дарсликлари ва ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлаш бўйича тармоқ жадвали билан таништирилди. Экспертлар дарсликда хато ва камчилик аниқласа, муаллифларни жаримага тортиш белгиланди. Бу дарслик ва ўқув адабиётларини нашрга тайёрлашда муаллифларни янада масъулиятли бўлишга ундайди.
11-синф дарсликлари ўзига хос дизайн асосида, сифатли нашр этилди. “Ўзбекистон тарихи” дарслиги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, яъни мустақиллик даврини қамраб олган.
Дарсликда мустақиллик даври икки босқичга бўлиб, даврлаштирилди. Биринчи босқич 1991—2016, иккинчи босқич 2017 йилдан кейинги давр(2018 йилнинг май ойига қадар содир бўлган воқеалар)ни ўз ичига олади. Дарсликда мамлакатимизда содир бўлган энг сўнгги янгиликлар, ислоҳотлар аниқ мисоллар ва чуқур таҳлил орқали очиб берилган. Ранг-баранг расмлар, жадваллар ўқувчининг нафақат ёзма саводхонлигини, балки визуал маълумотларни эслаб қолиш имкониятини ҳам оширади. “Мулоҳаза қилинг!” рукнида берилган топшириқлар ўқувчини танқидий фикрлашга ўргатади. “Ўзингизни синанг!” рукнидаги саволлар эса ўқувчи билимини текшириб, хотирасини чархлайди.
“Давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” дарсликларида ўқувчиларда коммуникативлик компетенциясини ривожлантиришга эътибор қаратилган.
— 11-синф дарсликлари янгича ёндашув асосида яратилди. Ўқувчини мустақил фикрлашга ўргатадиган савол ва топшириқлар киритилди, — дейди “Давлат ва ҳуқуқ асослари” дарс¬лиги муаллифи Наргиза Исматова. — Мавзулар бўйича ўғил-қизлар онгида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга хизмат қилувчи таълимий, тарбиявий масалалар уйғунлаштирилди. Қонун ҳужжатларига оид расмлар ҳам ўқувчини ижодий ва мантиқий фикр¬лашга чорлайди. Масалан, “Олимпиада ғолиблари” рукнидаги сурат остида “Шахслар ва давлат ўртасида қандай муносабат бор?”, деган савол қўйилган. Бунда ўқувчи ҳар бир шахснинг ҳуқуқини таъминлашда давлат бевосита иштирок этишини мустақил фикрлаган ҳолда тушунтириб бериши керак.
Дарсликнинг ҳар бир бетида буюк инсонларнинг ибратли фикри ҳамда эслатмалар келтирилган. Асосий матн ёрдамида ўғил-қизларнинг ахборот билан ишлаш ҳамда ижтимоий фаоллик компетенциясини шакллантиришга эътибор қаратилган. Янги мавзуни мустаҳкамлаш учун берилган машқларнинг ҳаммаси ижтимоий ҳаёт билан боғланган.
“Дунё динлари тарихи” дарслиги “Ўзбекистонда хавфсизлик ва барқарорлик муҳитини шакллантириш” мавзуси билан бошланади. Унда хавфсизлик масаласининг айнан дин билан боғлиқ томонлари очиб берилган. Дарсликда барча динлар ҳақида маълумот келтирилган. Диннинг мамлакат ривожидаги ўрни ибратли ҳикоялар орқали ёритилган. Мазкур дарслик ўқувчиларнинг қуйи синфда олган билимини янада ривожлантиради, ўқувчида динлараро бағрикенглик туйғусини шакллантиришга ҳисса қўшади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА