Ёш авлод орзусидаги бино
унда катта мақсадларга пойдевор қўйилади
Ҳар йили янги ўқув мавсумини юртимиздаги минглаб ўқувчилар олам-олам қувонч билан кутиб олади. Сабаби, уларнинг аксарияти янгидан қурилган ёки тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мактабларда ўқий бошлашади. Кенг, ёруғ синфхоналар, ўқув-лаборатория кабинетлари, спорт заллари болаларнинг пухта билим олиб, баркамол ўғил-қизлар бўлиб улғайишида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Айни пайтда Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳам мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши билан эътиборга молик. Бу йилги Инвестиция дастурига кўра вилоятда 56 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таълим муассасаларининг 7 таси янгидан қуриляпти, 44 тасида капитал реконструкция ҳамда 5тасида капитал таъмирлаш ишлари жадал давом этаётир. Жумладан, Пастдарғом туманидаги 81-умумтаълим мактабининг эски, мослаштирилган биноси ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга янги мактаб биноси қад ростлаб, сўнгги пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Ушбу замонавий мактаб биносини барпо этиш учун Инвестиция дастури асосида 2 миллиард 348 миллион 862 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, шу пайтгача қурилиш-бунёдкорлик ишларининг 90 фоизи бажариб бўлинди. «Темирқалқон» МЧЖ қурувчилари август ойининг бошида бино қурилишини якунлаш ниятида.
— Эски мактаб биносида ўқувчиларнинг билим олиши учун етарли шароит йўқлиги боис таълим-тарбия жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келардик, — дейди мактаб директори Орзиқул Эшмуродов. — Мактабимизнинг янги биноси 315 ўринга мўлжалланган бўлиб, 13та синфхона, физика, кимё-биология лабораториялари, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида меҳнат дарси кабинетлари, расм-чизмачилик хонаси, кутубхона, ошхона, фаоллар зали, 12х24 ўлчамдаги спорт залига эга. Бундай қулай шароит, барча зарур ўқув-кўргазмали воситаларнинг мавжудлиги педагогларимизнинг давлат таълим стандартлари талаблари асосида билим бериш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз.
Янги бино тўлиқ табиий газ ва кўмир ёрдамида иситишга мослаштирилган бўлиб, куз-қиш мавсумини ортиқча ташвишларсиз ўтказиш имкони мавжуд. Ҳа, бундай мактабда ўқишни ҳамма бола орзу қилади. Айрим мамлакатларда тинчлик неъмати тансиқ бўлиб турган бир пайтда юртимизда муҳташам таълим-тарбия масканлари барпо этилиб, ўқувчилар ихтиёрига топширилаётгани бугунги фаровон ҳаётимизнинг ёрқин инъикосидир.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири