Текширувлар ваҳимага солади
“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 14 июль сонидаги “Мактабдаги текширувлар таълим сифатига қанчалик фойда келтирмоқда?” (А.Низамова) мақоласини жамоамиз билан ўқиб чиқдик. Матбуот ҳамиша ҳаётий муаммоларни кўтариб чиқса, дилга яқин мавзуларни ёритса, ўқишли бўлади.
Муаллиф таъкидлаганидек, текширувларнинг аниқ бир мақсадга йўналтирилмагани, таълим жараёнини яхши тушунмайдиган уқувсиз текширувчилар йўл қўядиган хатолар оқибатида айрим ҳолатларда ўқитувчининг обрўсига путур етиши, дарснинг бузилиши тез-тез учраб туриши бор гап. Бундай қоидабузарликлардан безиган ўқитувчининг ҳолатини кўз ўнгингизда гавдалантириб кўринг-а. Синф эшиги бехосдан очилиб кетса ҳам доска атрофига керак-нокерак кўргазмаларни илишни бошлаб, дарс ўртасида 30 дан ошиқ қоракўзнинг нигоҳи остида ўринсиз ҳаяжонга берилиб, дудуқланиб қолган муаллим бугунги давр¬да қандай қилиб келажак эгаларига билим беради? Тўғри, айрим нўноқ муаллимлар хато ва камчиликлари фош бўлишидан қўрқиб туради. Лекин “ютуқ ўзингники, биз камчилик топишимиз керак” тамойилига таянган айрим текширувчидан чўчиб қолган маҳоратли, тажрибали ўқитувчилар ҳам “барибир камчилик топади”, деган ҳадикда ўзини эркин ҳис қилолмайди.
Бир ҳамкасбимнинг арзини эшитиб, бунга яна бир бора амин бўлдим. У ўқиш фанидан мавзуни ифодали ўқиб бераётган экан. Шунда хонага текширувчи кириб келиб, “Мавзуни қуруқ ўқиб беряпсан, дарсни ноанъанавий усулда олиб бориш керак, мана бундай методдан фойдаланиш лозим“, дея уни ўқувчилар олдида обрўсизлантирган. Бу ҳам етмагандек, текширувчи ўқувчиларга савол берган. Бир қанча ўқувчи жавоб бериш учун қўл кўтарган. Аммо текширувчи жавоб беришдан ўзини олиб қочаётган ўқувчини турғизиб, изоҳ сўраган. Бир ўқувчининг саволга тўлиқ жавоб беролмаганидан келиб чиқиб, синфнинг ўзлаштириш самарадорлигини нолга тенглаштириш тўғрими?! Бу ҳолат ўқитувчининг барча меҳнатларини бир оннинг ўзида йўққа чиқаради-ку.
Аслида, текширувчиларнинг мақсади нима? Дарсни бошдан-оёқ кузатмай, мавзу билан тўлиқ танишмай, ўқитувчига хоҳлаган методни тавсия қилаётган бундай “билимдон” текширувчиларнинг ишини қандай баҳолаш мумкин? Ахир дарсни муқаддас деб билдик, уни бузиб кириш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмади. Одатда, ўтиладиган дарс мавзусининг харитаси илгарироқ ишлаб чиқилади. Мавзуга ва ўқувчининг билим савиясига мос метод танланади. Қўққисдан кириб келган текширувчи буни инобатга олмай туриб, дарсга хулоса бериши ўқитувчига қилинадиган катта ноҳақлик аслида. Ўқувчингиз сиз тушунтираётган мавзудан олам-олам таассурот олиб турган бир вақтда ташқаридан келган бегона одам ўқувчи олаётган завқни назар-писанд этмай, эришган натижангизни бир чақага тенглаштириши жуда хунук ҳолат.
Энг ёмони кўп ҳолларда мактаб раҳбарлари ҳам текширувчиларнинг ёнини олиб, уларнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Биз педагоглар мактабга келаётган текширувчилар педагогик маҳоратли, дардимизни тушунадиган мутахассислар бўлишини истардик.
Янги ўқув йилини ўзгача иштиёқ билан бошладик. Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текширишларнинг олдини олиш белгиланганидан қувондик. Ўйлаймизки, ўқитувчини қийнаб келган бу муаммога жорий ўқув йилида дуч келинмайди. Энди муаллимга ноўрин текширишлар ваҳима сололмайди.
Башорат ЭРГАШЕВА