Аттестация натижалари
Бу йил мамлакатимизда илк бор ўқитувчилар аттестацияси онлайн тест тарзида ўтказилди. Бу аксарият педагоглар ўз фанини пухта билмаслигини, АКТ саводхонлиги саёзлигини кўрсатди ва аттестациядан ўтолмаганлар сони ортди.
Рақамларга таянадиган бўлсак, 2017-2018 ўқув йилида биринчи ва олий малака тоифасини олиш мақсадида аттес¬тациядан ўтган 51 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг 38,9 фоизи ижобий натижага эришган. 61,1 фоизи эса етарли балл тўплай олмагани боис, кўзлаган тоифасини ҳимоя қила олмаган.
Бу йил биринчи ва олий тоифага талабгор педагогларнинг она тили ва адабиёт фанидан 31, тарихдан 27, математикадан 38, физикадан 26, биологиядан 31,9 ва кимёдан 23,8 фоизигина қониқарли, яхши ва аъло натижаларга эришди. Чет тиллар — инглиз тилидан 68,4, немис тилидан 56, француз тилидан 78,8, технология фанидан 77,3, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асосларидан 93,5, тасвирий санъат ва чизмачиликдан 65,8, бошланғич таълимдан 70,7, мусиқа маданиятидан 79 фоиз талабгор яхши натижа қайд этди. Талабгорларнинг қолган қисми ўз тоифасини оқлолмади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, биринчи ва олий малака тоифасига талабгор сурхондарёлик педагогларнинг атиги 23,2, қашқадарёликларнинг эса 28,5 фоизи ўз тоифасини сақлаб қолиш ва оширишга муваффақ бўлди. Самарқандда бу кўрсаткич 30,2, Жиззахда 36,6 ва Андижонда 37,4 фоизни ташкил этди. Натижалардан келиб чиқиб, айни ҳудудларда таълим мазмуни ва сифати қай даражада эканини англаш қийин эмас. Зеро, ўқитувчи ўқувчиларга ўз даражасидан ортиқ билим беролмаслиги кундай равшан.
Аттестация натижаларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, кўрсаткичи паст вилоятларда педагогларга услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш механизмини ривожлантириш бўйича чоралар кўрилиши лозим. Бу борадаги ишларнинг бориши билан қизиқиб, Денов тумани ХТБнинг таълим сифати мониторинги бош инспектор-методисти Баҳодир Раҳимовга мурожаат қилдик.
— Туманимизда 4700 нафар олий ва ўрта махсус маълумотли педагог фаолият кўрсатади. Жорий йилда уларнинг 1180 нафари турли малака тоифаларига эга бўлиш учун аттестациядан ўтди. Натижада ўқитувчиларнинг 11 нафари олий, 98 нафари биринчи, 248 нафари иккинчи тоифани ҳимоя қилган бўлса, 54 нафари иккинчи тоифадан биринчи тоифага ўтди. 300 нафар мутахассис иккинчи тоифага кўтарилган бўлса, 377 нафар ўқитувчи ўз тоифасидан пасайтирилди. Олий тоифага даъвогарлик қилган 130 педагогнинг атиги 2 нафари ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Албатта, бу ўтган йилдагига нисбатан жуда паст кўрсаткич. Жараёнда педагогларга маслакдош бўлган кузатувчи сифатида айтишим мумкинки, муаллимларнинг аксарияти компьютерда ишлаш малакаси етарли эмаслигидан панд еди. Баъзи устозлар ҳатто клавиатуранинг вазифасини яхши билмагани боис, уни нотўғри босиш оқибатида тест жараёнини тугатиб қўйган ёки экранда навбатдаги саволлар берилишини беҳуда кутган. Бу ҳақда мутахассисларга ўз вақтида мурожаат қилмаган. Якунда тест саволлари натижалари жуда паст чиқди. Келгусида бундай ҳолат яна такрорланмаслиги учун 1130 нафар ўқитувчининг АКТдан онлайн фойдаланиш кўникмасини ошириш мақсадида электрон тестлар олдик. Бу орқали ўқитувчиларнинг қайси ўринларда оқсаётгани аниқланди, компьютер билан ишлаш кўникмаси ортди. Уларга ўз устида мунтазам ишлаши учун зарур тавсиялар беряпмиз. Жараёнга бу йилги аттестацияда тоифаси пасайган 377 нафар ўқитувчи ҳам жалб қилинди, — дейди Баҳодир Раҳимов.
Эътирозлар эътиборсиз қолмади
Жорий йилги синовда жами 900 000 та тест саволидан фойдаланилган. Талабгорлардан саволларнинг мазмуни таҳрирталаблиги юзасидан 9 000 та шикоят келиб тушган. Уларнинг ҳар бири экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, 1480 та савол (жами саволларнинг 0,2 фоизи) бўйича билдирилган эътирозлар ўринли деб топилди ва 6091 нафар педагог(тест иштирокчиларининг 11 фоизи)га 3 балгача қўшиб берилди.
— Тест саволлари бўйича эътироз билдирувчи устозларни тинглашга тайёрмиз, — дейди У.Шарифхўжаев. — Ўз натижасидан қониқиш ҳосил қилмаса, апелляция тартибида мурожаат қилишлари мумкин. Кези келганда айтиш мумкинки, педагогларнинг шу пайтгача айрим тест саволларида учраган чалкашлик ёки касбий фаолиятга тўғри келмаётганлиги борасидаги мурожаати кўриб чиқилиб, ҳақиқатан ҳам тестда хатолик ўтган ёки мурожаат этувчиларнинг ўзи адашган ҳолатлар кузатилди. Биз ўз хатомиз ёки тушунмовчиликлардан кўз юммаймиз. Аксинча, уларни такрорламаслик учун диққат-эътиборимизни кучайтирамиз.
Шунингдек, тест синовини ҳар қанча холисона ва шаффоф ўтказишга ҳаракат қилинмасин, шунча огоҳлантиришга қарамасдан, шпаргалка, телефон каби тақиқланган буюмлардан фойдаланган, ўрнига бошқа одам киритиб, шахсни сохталаштиришга уриниш ҳолатлари кузатилди. Бундай педагоглар тест жараёнидан четлаштирилди ва уларга тоифа берилмади. Ўз билимига ишонган, аммо тестни ишлаб бўлмай туриб, бехос “тугатиш” тугмасини босиб юборган педагоглар ўша заҳоти масъул мутахассисларга хабар берганида, уларга яна қайта имконият берилди.
Илғор иштирокчилар нима дейди?
Кўча-кўйда, норасмий давраларда “Тест саволлари ўқитувчиларни йиқитиш учун мураккаб қилиб ишлаб чиқилган”, “Пулини берсанг, аттестациядан ўтасан” мазмунидаги миш-мишлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, аслида ҳам шундайми? Аттестациядан муваффақиятли ўтиш учун нима қилиш керак? Жорий йилги аттестация иштирокчиларининг фикрига қулоқ тутамиз.
Муҳайё Боймуродова, Яшнобод туманидаги 153-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:
— Аттестацияда 87,5 балл олиб, иккинчи тоифа сертификатини қўлга киритдим. Тест синови ҳудудий аттестация комиссияси томонидан ёзма тарзда ўтказилди. Малака ошириш курсида ўрганганларим ва мустақил тайёргарлик кўрганим имтиҳонда қўл келди. Бироқ олий ва биринчи тоифага даъвогар бўлган ёши катта, тажрибали ва амалиётда жуда намунали дарс ўтаётган устозларимиз компьютердан яхши хабардор эмаслиги боис, онлайн тест вақти ҳаяжонланиб, етарли балл тўплай олмаганининг гувоҳи бўлдим. Фикримча, аттестациядан муваффақиятли ўтиш учун устозларимизнинг компьютер саводхонлигини ошириш билан бирга, меҳнат стажи, тажрибасини ҳисобга оладиган механизм ҳам жорий этилиши керак. Сабаби, тажрибали устозларга назарий маълумотларни хотирасида сақлаб қолиш айрим ўринларда панд берса-да, улар орасида дарсни санъат даражасига кўтариб, маҳорат билан ўтадиган, мавзуни бола онгига пухта етказадиганлари талайгина.
Фирдавс Саидов, Бойсун туманидаги 6-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси:
— Аттестациядан сўнг биринчи тоифа олишга муваффақ бўлдим. Тестда айрим мураккаб саволлар учраса-да, тўғри жавоб топишда қийналмадим. Суҳбат жараёнида болалар психологияси, ижтимоий-сиёсий мавзуларда педагогик фаолият билан боғлиқ саволлар тушди. Анча йиллардан буён ўқувчиларни олий таълим муассасаларига тайёрлайман. Ҳар йили ўқувчиларим билимлар беллашуви ва фан олимпиадасининг туман босқичида биринчиликни қўлга киритиб, вилоятда юқори ўрин эгаллаб келмоқда. Уларни мусобақага тайёрлаш учун кўп изланамиз, биргаликда тест ечамиз. Қўшимча манбалардан фойдаланаман. Бунинг натижаси аттестация жараёнида билинди. Фикримча, аттестацияга бир-икки ой қолганда тайёрланмай, доимо изланишда бўлган педагог ундан муваффақиятли ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда:
тегишли фанни ўқитиш бўйича билим ва кўникма даражасини — педагоглар малакасини аниқлашнинг асосий мезони сифатида белгилаб, умумтаълим муассасаларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқади;
педагогик маҳорат ва билим даражасини доимий ошириб боришга кўмаклашувчи илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, халқ таълими тизими ходимларининг билим даражасига оид малака тоифалари ва талабларини қайта такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни киритади;
умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш мақсадида уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тасдиқланади;
ўқувчилар билим даражасини баҳолаш бўйича хал¬қаро дастур ва тадқиқотларда (PISA, TIMSS, PIRLS ва бошқалар) умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг иштирокини ташкил этади.
Бу жараёнда педагоглардан тушаётган таклиф мулоҳазалар инобатга олиниб, тест саволлари такомиллашади ва улардаги айрим таҳрирталаб ўринларга барҳам берилади. Энг муҳими, мамлакатимизда педагоглар билимини баҳолашнинг холисона ва адолатли тизими ўрнатилади.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ma’rifat» мухбири