Расм чизиш тафаккурни бойитади
Телевизорда таниқли рассомнинг бир гапи эътиборимни тортди. Унинг таъкидлашича, Япониядаги мактабларда ҳар куни бир соатдан расм дарси ўтиларкан. Сабаби, расм чизиш бола тафаккурини бойитаркан. Буни мен ҳам синаб кўрмоқчи бўлдим. Аммо рус тили ва адабиёти дарсида буни қандай бажариш мумкинлиги бироз ўйлантирди. Ниҳоят, янги йил арафасида ўқувчиларга “Янги йил менинг тасаввуримда” мавзусида расм чизиб келишни топширдим. Улар исм-фамилияси ва синф рақамини расмнинг тагига эмас, балки орқа томонига ёзишлари лозим эди.
Ўқувчилар вазифани бажаришга зўр иштиёқ билан киришди. Ҳатто ўзлаштириши суст болалар ҳам бу топшириққа қизиқиб қолди. Ора-орада улардан топшириқни қандай бажараётганларини сўраб турдим. Белгиланган куни барча расмларни йиғиб, мактаб фойесига илиб чиқдим. Катта танаффусда беш нафар ҳамкасбимдан ўқувчиларнинг ижодий ишларини баҳолашни сўрадим. Ҳакамлар болалар кўз ўнгида ижодий ишларни кўриб, расм тепасига балларини ёзишди. Натижаларга қараб, 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларни рағбатлантирдим.
Кўнглидаги гап ёки ҳиссиётни сўзда айтишга қийналган, ийманган ўқувчи буни расм орқали ифодалаши мумкин экан. Ана шу тажрибадан сўнг ҳар бир дарсимда ўқувчиларга мавзуга оид расм чиздиришни одат қилдим. Болалар чизган расмларини рус тилида изоҳлаб бериши керак. Бу усулнинг афзал томони шуки, бирорта ўқувчи баҳоланмай қолмайди. Энг муҳими, тафаккури бойиб, дарсда иштиёқ билан иштирок этади.
Хайрулло ЖУМАЕВ, Олот қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси