Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишлари тартибга солинади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низом, умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнининг сифати, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;
қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли равишда таъминланишини ташкил этиш;
умумтаълим муассасалари фаолиятида кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;
умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик,шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
умумтаълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
давлат органлари ва ташкилотларининг умумтаълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.
Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текшириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
режали текшириш;
режадан ташқари текшириш;
назорат тартибида текшириш;
статистик маълумотлар ва бошқа турдаги маълумотларни таҳлил қилиш.
Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текшириш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар рўйхатига кўра, Тўғридан тўғри текширишга ваколатли органлар:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратура органлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар.
Келишув асосида текширишга ваколатли органлар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.