«Янги ўқув йилига — янгилик билан!»
Қашқадарёлик халқ таълими ходимлари бугун шундай аҳд билан меҳнат қилишмоқда
Ҳар бир кун бизни янги ўқув йили сари тобора яқинлаштирмоқда. Ҳадемай август ойи ҳам ўтиб, мактабларда биринчи қўнғироқ садоси янграйди. Синфхоналар яна болалар билан тўлади. Шу кунни муносиб кутиб олиш мақсадида таълим муассасаларида тайёргарлик ишлари жадал суръатда давом этаяпти. Жумладан, Чироқчи туманидаги бир қатор мактаблар фаолияти билан яқиндан танишиш асносида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўрилаётганига гувоҳ бўлдик. Тумандаги 100-мактаб биноси 2008 йили капитал таъмирланиб, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланган. Орадан неча йиллар ўтган бўлса-да, муассасанинг кўринишига қараб, киши хаёлидан мактаб биноси яқиндагина таъмирдан чиққан бўлса керак, деган фикр ўтади.
— Ўқув масканимизни янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлашда қатъий режа асосида иш олиб бордик, — дейди мактаб директори Мавлуда Бекназарова. — Бюджетдан ташқари топилган даромад ҳамда васийлик ва ҳомийлик маблағи ҳисобидан тайёргарлик ишларини барвақт поёнига етказдик. Айни пайтда барча синфхоналар янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилиб, методик қўлланмалар билан бойитилмоқда. Ўқитувчиларимиз анъанавий август кенгашларига пухта ҳозирлик кўриш асносида “Янги ўқув йилига — янгилик билан!” шиори остида изланмоқда.
Бу йил 10 тонна кўмирга буюртма берилган бўлиб, уни беталофат сақлаш учун зарур чоралар кўрилди. Печлар таъмирланиб, мўрилар тозаланди.
Тумандаги 140-умумтаълим мактабида ҳам тайёргарлик ишлари муддатидан олдин ниҳоясига етказилди. Жумладан, иситиш ускуналари электр энергиясига мослаштирилгани боис, синфхоналарга қўшимча печлар ҳам ўрнатилди. Қишнинг қорли-қировли кунларида электр таъминотида узилиш юз берган пайтда ҳам синфхоналардаги ҳарорат бир меъёрда бўлади. Бу эса таълим-тарбия жараёнини кўнгилдагидек олиб боришни таъминлайди.
Чироқчи туманидаги 177та умумтаълим мактаби, 1та “Баркамол авлод” болалар маркази, 3та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 12та мактабгача таълим муассасасини жорий таъмирлаш ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 миллиард 298 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ йўналтирилган. Айни пайтда режадаги 2691 тонна кўмир жойларга етказиб берилмоқда.
Нишон туманидаги 25-мактабда ҳам янги ўқув мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Эшик-ромлар, иситиш тизими таъмирланиб, синфхоналардаги оқлаш, бўёқлаш ишлари якунланди. Ўқув ҳамда ёрдамчи биноларнинг том қисми яна бир карра кўрикдан ўтказилиб, ёмғирли кунларда чакки ўтишининг олди олинди. Синфхоналар ва ўқув-лаборатория кабинетларини янги ўқув йилига тайёрлашда васийлик ва ҳомийлик маблағларидан 2 миллион сўмдан ортиқроқ сарфланди. Айни кунда ҳар бир ўқитувчи “Мустақиллик дарси”га пухта ҳозирлик кўрмоқда.
Умуман олганда, Қашқадарё вилоятидаги 1121 та мактабда янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тараддуд шу тариқа уюшқоқлик билан давом этаяпти. Бу эса тайёргарлик ишларини белгиланган муддатда тугаллаш имконини беради.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири