Ўзбекистон ёшлари яна ғолиблар сафида
Қашқадарёлик Муродилла бобо Маҳмудов етмиш ёшда. Умрининг қирқ йилини болаларга математика фанидан дарс беришга бағишлаган. Отахон 7-синфда ўқийдиган Сайдалини бошқа набираларидан айрича яхши кўради. Қўни-қўшниларга “Шу набирам ўзимга ўхшайди. Ҳозирданоқ ҳисоб-китобга уста. Ҳа энди, ҳозирги мактаблардаги шарт-шароит ҳам зўр-да. Хоналари шинам, ёп-ёруғ, компьютер, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Бундай мактабда ўқигинг, дарс бергинг келади киши”, дейди ифтихор билан. Сўнг ўзининг ўқувчилик йиллари эсига тушиб хўрсиниб қўяди. Куни кеча бобо хушхабар эшитди. Набираси Сайдали Муродиллаев халқаро математика мусобақасидан зафар қучиб қайтибди...
Юртимизда баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугун Ўзбекистон фарзандлари халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда Ватинимиз шарафини мардона ҳимоя қилишмоқда. Жумладан, шу йилнинг 27—31 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз муносиб иштирок этиб, жаҳоннинг 29 давлатидан келган 627 нафар иқтидорли тенгдоши орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритгани бунинг ёрқин исботидир.
Мусобақа индивидуал ва жамоавий беллашувлар асосида ўтказилиб, ҳайъат томонидан якка тартибдаги тур учун 15та, жамоавий турга 10та масала тақдим этилди. Яккалик баҳсларида Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев ва Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Аббос Сайлиев кумуш медални қўлга киритди. Қолган икки нафар вакилимиз — Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Сайдали Муродиллаев ва Мирзо Улуғбек туманидаги 50-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Роберт Честнов фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Куни кеча Тошкент халқаро аэропортида ғолибларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ходимлари, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар иштирок этиб, ўқувчиларни улкан муваффақияти билан муборакбод этдилар.
— Халқаро мусобақа ташкилий қўмитаси мамлакатимиз жамоасининг иштироки учун расмий таклиф билдиргач, билимлар беллашувининг вилоят босқичи ғолиблари орасида саралаш ўтказилди, — дейди Республика таълим маркази методисти Людмила Тен. — Саралаш жараёнининг ўта қизғин ва шиддатли кечган якуний босқичида 12 нафар ўқувчидан 4 нафари халқаро беллашувга бориш имкониятини қўлга киритди. Қарийб бир ой давомида улар билан дарсликлар муаллифлари, тажрибали профессор-ўқитувчилар мураккаб мавзулар бўйича машғулотлар олиб боришди. Хусусан, мураккаблик даражаси юқори бўлган алгебра, геометрия, сонлар назарияси, математик мантиқ, комбинаторика ва тўпламлар назариясига оид масалаларни якка тартибда ва жамоавий ечишнинг илғор усуллари ўргатилди.
— Мусобақада дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган тенгдошларимиз билан баҳсга киришганимизда сира қийинчиликка дуч келмадик. Мусобақа тартиби инглиз тилида эълон қилинган бўлса-да, мактабимизда чет тилларни чуқур ўрганганимиз боис таржимонга муҳтожлик сезмадик, — дейди Жаҳонгир Тўраев. — Биз у ерда Ўзбекистон ўғил-қизларининг ақл-заковатда ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатишга, Юртбошимизнинг биз, ёшларга билдирган ишончини оқлашга интилдик. Бутун беллашув давомида жамоамиз билан ота-онамиз, устозларимиз, халқимиз биздан катта натижаларни кутаётганини ҳис этдик. Бугун уларнинг юз-кўзига боқиб, эришган ютуқларимиз уларни биздан кўра юз чандон хурсанд қилганини кўраяпмиз. Келгусида бундан-да катта муваффақиятларга эришиш учун куч-ғайратимизни аямаймиз.
Ҳа, давлатимизнинг ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим-тарбия бериш, ўқиб-ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратиш йўлидаги меҳнатлари ўз самарасини бераётгани, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслиги яна бир карра ўз тасдиғини топди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ма’rifat” мухбири