Россия делегацияси вакиллари мактабда
«Янги иқтисодиёт учун – янги кадрлар» мавзусидаги Ўзбекистон – Россия таълим форуми доирасида 134 меморандум, келишув ва шартномалар имзоланди.
Жумладан, 18 октябрь куни Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институти ўртасида таълим сифатини яхшилаш, илмий ва инновацион имкониятлардан унумли фойдаланиш, рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда таълимда замонавий инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
― А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институти билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида фаолият олиб бораётган рус тили ўқитувчиларининг малакаси, педагогик маҳорати оширилади, — дейди А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори Наргиза Раҳмонқулова. ― Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчидан, халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган рус тили фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш, масофавий ўқитиш (онлайн) курсларини янада ривожлантириш; иккинчидан, ҳар икки давлат олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда малакали кадрларни тайёрлаш, ўқув режа ва дастурларини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштиришдир. Учинчидан, илмий йўналишда ҳам фан назарияси ва уни ўқитиш методикаси, хусусан, тил ўқитиш методикаси бўйича мутахассислар алмашинуви белгиланди. 2019 йилдан бошлаб ҳар уч ойда бир марта иккала томондан ҳам мутахассислар алмашинуви йўлга қўйилишига келишиб олинди. Нафақат институт ўқитувчилари, балки ҳудудлардаги энг намунали мактаб педагоглари, шунингдек, ўз хоҳишига кўра ўқимоқчи бўлганлар ҳам Халқ таълими вазирлиги кўмагида тажриба ошириб келиши мумкин. Келишув давомида бу бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
19 октябрь куни меморандум доирасида Шайхонтоҳур туманидаги 10-мактабда ўтказилган тадбирда А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институти ректори Маргарита Русецкая, соҳа мутахассислари ва экспертлар, Халқ таълими вазирлиги ходимлари иштирок этди. Дастлаб меҳмонларга мактаб ҳақидаги тўлиқ маълумот жамланган тақдимот намойиш этилди. Йиғилганлар мактаб ўқувчилари тайёрлаган тўгарак иши намуналари, Александр Пушкин шеърлари асосида тайёрланган саҳна кўринишларини томоша қилишди. Мактаб кутубхонаси билан танишиб, рус тилидан намунавий дарсни кузатишди. Мактабда ташкил этилган А.С.Пушкин музейи ҳам меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
― Мактабимизда таълим рус тилида олиб борилади. Шу боис таълим муҳитини ҳам шунга мос тарзда ташкил этишга ҳаракат қиламиз, ― дейди мактаб директори Феруза Раҳимова. ― Пушкин музейи ўқувчиларга рус маданияти, адабиёти ҳақида тўлиқроқ маълумот беради. Меҳмонлар мактабда рус тилининг ўргатилиш ҳолати, тўгарак машғулотлари ўқитувчилар тажрибаси билан танишди. Пушкин музейи 1999 йили шоир таваллудининг 200 йиллигига бағишлаб ташкил этилган. Ундан Пушкиннинг ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар жамланган. Расмлар, турли экспонатлар, ижод намуналари ўқитувчи ва ота-оналар томонидан тўпланган. Учрашув давомида янги лойиҳа бўйича келишувга эришдик. Унга кўра 2019 йил январь ойидан бошлаб А.С. Пушкин номидаги рус тили давлат институти ўқитувчилари мактабимизда дарс беришади.
Нигинабону ШУКУРОВА