Тумандаги 56 та мактабнинг 51 тасида ҳамшира йўқ
Мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг кўриш қобилияти ривожланиш босқичида бўлади. Энгашиб ўқиш, ёзиш, доскага яқинроқ жойлашиш кўз пардасини толиқтиради. Борган сари касаллик зўрайиб, узоқни кўриш қобилияти йўқолар экан. Таълим масканларида тиббий хизматнинг сифатли йўлга қўйилмагани шу каби хасталикларнинг авж олишига туртки бўлиши исботланган.
Баъзи мактабларда мавсумий, юқумли касалликларнинг кўпайгани ҳақида эшитиб қоламиз. Ўқувчиларнинг бош, қорин соҳасида тўсатдан оғриқ туриши, жароҳатланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Хўш, шундай вазиятда биринчи ёрдамни ким кўрсатади?
Туман халқ таълими бўлими берган маълумотга кўра, Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги 56 та умумтаълим мактабининг фақат бештасида алоҳида тиббиёт ҳамшираси бор. 18-умумтаълим мактабида бўлиб, мавжуд аҳвол билан танишдик. Тиббиёт хонаси дори-дармон, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Алоҳида парвариш ва тиббий хизматга муҳтож ўқувчилар назоратга олинган.
Мактабда хасталиклар кўпайди
— Совуқ кунлар бошланса, бемор ўқувчилар сони ортади, — дейди мактаб ҳамшираси Майсара Холжигитова. — Эпилептик хуружга чалинган болаларни алоҳида рўйхатга олганмиз. Улар биринчи ёрдамга ҳамиша муҳтож бўлади. Ҳаяжонланиш, жисмоний тарбия дарсининг айрим машқлари уларга тўғри келмайди. Бу ҳақда ота-онаси, синф раҳбари, ўқитувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Даволатиш чораси ҳам кўриляпти. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг эшитиш, кўриш қобилияти доимий назоратда. Парталарга бўйига қараб ўтирғизиш, тиббий ёрдам кўрсатиш асосий вазифам. Кийиниш, овқатланиш тартибини ҳам назоратга олганмиз.
Шунга қарамай, мактабда «ўқувчи хасталиги» номини олаётган миопия, яъни узоқни кўра олмайдиган ўқувчилар сони 40 нафарга етибди. 51 нафари камқонлик хасталиги билан руйхатга олинган. Бу ҳар бир болага индивидуал ёндашув, қулай шароит яратишни тақозо этар экан. Ҳамшира мактабдаги минг нафар боланинг саломатлигидан тўлиқ хабардор экани эътиборга молик.
Айбдор психолог...
Афсуски, тумандаги 51 та умумтаълим мактабида тиббиёт ходими йўқ.
— Тиббиёт ходими бўлмаган мактабларда бу вазифа психологга юклатилган, — дейди туман ХТБнинг психолог методисти Жаҳонгир Мусаев. — Психолог ўқувчиларнинг тиббий ҳужжатини юритади. Тиббий кўригини ташкил этади. Лекин даволаш, биринчи ёрдам кўрсатиш, тозаликни таъминлаш унинг вазифасига кирмайди.
Туман санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари эса буни тушунишни истамаяпти. Тозалик, шахсий гигиенага эътибор қаратмаган, деб психологга жарима солиб кетишади... Сир эмас, ўн йил муқаддам чекка ҳудуддаги 6-, 34-мактабда ҳам ҳамшира бор эди. Туман ХТБнинг махсус шифокори мактабларга чиқиб, тиббий хизматни назорат қилиб борарди. Ҳозир улар қани? Мактабгача таълим тизимида ишлаяпти, холос. Бизнингча, соғлиқни сақлаш соҳаси билан таълимнинг барча бўғинида узвий ҳамкорлик бўлиши зарур.
Ҳужжат нега “гапирмаяпти?”
Дарвоқе, Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори билан алоҳида низом тасдиқланган. Унда икки томоннинг вазифалари қуйидагича белгилаб берилади: Таълим муассасаси ўз имкониятидан келиб чиқиб, тиббиёт хонасини ташкил этади. Жиҳоз, тиббий асбоб-ускуна ва дори-дармон билан таъминлайди.
Туман марказий поликлиникаси ўша мактабга шифокор ва ўрта тиббиёт ходимини бириктиради. Ҳужжатда тиббиёт ходимининг вазифалари ҳам белгилаб қўйилган. Кўринадики, ХТБ ўз вазифасини қисман бўлса-да бажариб қўйган. 27 та умумтаълим мактабида тиббиёт хонаси бор. Тўғри, бу кам. Аммо тиббиёт ходими бўлмагач, бундай хоналарнинг бўлганидан не наф? Бори ҳам қаровсиз ҳолда, дори-дармонлар ҳар кимнинг хонасида ётган бўлса... 32-, 47-, 49-умумтаълим мактабларидаги аҳвол билан танишиб, бунга гувоҳ бўлдик.
— Туман маркази ва унга яқин бешта мактабга ҳамшира бириктирганмиз, холос, — дейди туман марказий поликлиникаси мудири Фарҳод Абдураҳмонов. — Чунки уларда ўқувчи сони кўп. Шундай бўлса-да, ҳудудга яқин тиббиёт муассасаси томонидан ҳар бир мактабга тиббиёт ходими тайинладик. Улар асосий иш вақтидан ташқари, мактабга боришади. Ўқувчиларнинг тиббий кўригини ташкил этади. Бироқ бу билан иш битмаслиги аён. Гап инсон саломатлиги, тақдири устида боряпти. Агар молия бўлими штат ажратса, алоҳида ходим бириктиришнинг имкони бўларди.
Дорилар «маслаҳатдан» ўтган
Хўш, нега штат ажратилмайди? Ахир, низомда нафақат ўрта тиббиёт ходими, балки алоҳида шифокор ажратиш белгиланган эди-ку. Биринчи ёрдамга зарур бўладиган йигирма турдаги дори-дармон номи ҳам аниқ кўрсатилган. Мутасаддилар буни ҳам унутишган чоғи.
«Дротоверин», «аскорутин», «левомекцид» номлари низомда келтирилган дори-дармонлар рўйхатида йўқ. Аммо мактабларга етказиб бериляпти. Туман ХТБ ҳисобчиси бу дориларни қайсидир дорихона ходими билан маслаҳатлашиб, тендерга қўйишини айтди. Таажжуб. Низомга асосланиб эмас, дорихона «маслаҳати» билан харид қилиш... Унда туман марказий поликлиникасининг ўрни қаерда қолди?
Калаванинг учини ушлатинг
Эҳтимол, 2013 йилда тасдиқланган «Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги низомнинг баъзи талабларини ўзгартириш фурсати етгандир. Биргина Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилгани қўшма қарор бандига оид айрим талаблар ўзгариши кераклигини англатади. Йўқса, мутасаддиларга кимдир калаванинг учини ушлатиб қўйиши керак. Акс ҳолда, болаларни миопия, эпилептик хуруж каби хасталиклардан ҳимоялашга кеч қоламиз...
Шерзод ИСОҚУЛОВ