“Янги тармоқ мактаби” лойиҳаси амалда
“3-синфда ўқийдиган ўғлимни гарчи уйимиздан олисда жойлашган бўлса-да, нуфузли мактабнинг рус тилида таълим бериладиган синфида ўқитишга қарор қилдик. Аммо бир муаммо бор: синфда ўқувчи сони 44 нафар. Бу ўқувчилар билан индивидуал ишлашга халақит беради. Шунинг учун ўқитувчисидан дарсдан сўнг қўшимча машғулот ўтиб беришини сўрасам, иккинчи сменада ҳам дарси борлиги сабаб улгурмаслигини тушунтирди. Эндиликда болам учун репетитор ёллашга мажбур бўлдим”...
Ҳамкасбимни қийнаётган бу муаммо пойтахтимиздаги деярли барча туманларда учрайди. Чунки аксарият ота-оналар фарзандини обрўли мактабда кучли педагог ўқитишини истайди. Бу мактабларга талаб юқорилиги туфайли ўқувчи сони меъёр(бир синфда 35 ўқувчи)дан ошиб кетади. Таълим сифати пастроқ мактабларда эса болалар сони кескин камайиб, мувозанат бузиляпти. Бундай номутаносиблик таълим сифатига ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан муаммога ўзига хос ечим топилди. Янги ўқув йилидан бошлаб айрим мактабларда “Янги тармоқ мактаби” лойиҳаси иш бошлади. Лойиҳадан кўзланган мақсад таълим сифатини ошириш, мактаблардаги муаммога ечим топиш, келажак ворисларининг ўқимишли бўлиши учун мустаҳкам пойдевор яратиш. Бунда ота-оналар томонидан талаб юқори мактаблар таркибида тармоқ мактаблари ташкил этилади. Бу ўрин етишмаслиги муаммосини ҳал этиш ва қабул жараёнида коррупциянинг бартараф этилишига ёрдам беради. Айни кунда Шайхонтоҳур туманидаги 1050 ўринга мўлжалланган, аммо 2756 нафар ўқувчи таълим олаётган 42-, 964 ўринга мўлжалланган, аммо 1809 нафар ўқувчига эга 180-мактабда тажриба-синов олиб борилмоқда. Яъни 42-мактабга яқин ҳудуддаги 960 ўринга мўлжалланган, 495 нафар ўқувчи таълим олаётган 115-мактаб 42А-мактаб, 180-мактабга эса 720 ўринга эга 366 нафар бола билим олаётган 167-мактаб 180А-мактаб номи билан тармоқ муассаса сифатида бириктирилди. Ўқув йили бошидаёқ ҳар иккала мактабнинг ўқув биноси таъмирланиши, машғулотлар сифати, педагог кадрлар билан таъминланиши, шарт-шароитидаги фарқларни тенглаштиришга киришилди.
— Пойтахтимиздаги юз¬га яқин мактаб қамровидан кам бўлган контингент билан ишламоқда. Уларнинг директори таълим бериш сифатини тўғри йўлга қўя олмагани боис, ота-оналар бу муассасаларга фарзандини юборишдан манфаатдор эмас, — дейди Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Рўзибек Тўраев. — Ваҳоланки, фаолиятини самарали ташкил этган мактабларда жой етишмайди ва таълим бир неча сменада ташкил этилмоқда. Барча мактаб директорларига ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасада таълим самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди.“Янги тармоқ мактаби” лойиҳаси бўйича мактаблар ўртасида ўзаро мутаносиблик юзага келиши кутиляпти. Агар вазият ўзгармаса, паст кўрсаткичли мактаблар муваффақиятли фаолият юритаётган мактабларнинг филиалига айлантирилиши мумкин.
Тармоқ мактаб бириктирилган нуфузли мактаб директорининг салоҳияти, тажрибаси ва менежерлик маҳорати ҳамкасбларига намуна сифатида кўрсатиляпти. Директор тармоқ мактабларни ҳар томонлама ривожлантириш учун ўз билимини ишга солиши керак. Бунинг учун унга фан ўқитувчилари ва бошқа кадрларни танлаш ваколати ҳам берилди.
Шайхонтоҳур туманидаги 115(42А)-мактабда ўқувчи сони салоҳиятга нисбатан икки баробар кам. Ҳудуддаги 42-мактабда эса ўқувчи кўплигидан баъзан синфхоналар етишмайди. Мазкур мактаб ўқувчиларининг ўзлаштириш рейтинги ҳам туманда 4-ўринда, фан олимпиадаси ва билимлар беллашувида фахр¬ли ўринларга лойиқ топилган. 22 йиллик тажрибага эга мактаб директори Тамара Назарова хоналарни ижарага бериб, қўшимча даромад топишни йўлга қўймоқчи бўлганида, жой муаммоси сабаб иш бошлай олмади. Эндиликда унинг зиммасига қўшни мактаб истиқболи учун ҳам курашиш, бошқарувнинг самарали методларини қўллаш, муассаса нуфузини ошириш ва ўз мактабидаги тақсимотни меъёрлаштириш масъулияти юкланди. Шунинг учун жорий ўқув йилида у 42А-мактабга бошланғич синф ўқувчиларини қабул қилди. Айни пайтда мактабда ўқувчи сони 550 нафарга етди. 1-синфга 42-мактаб ўқитувчилари дарс бермоқда.
— Аввало, муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга уриндик, — дейди Тамара Назарова. — Шу кунларда мактабга “Обод маҳалла” дас¬тури асосида барча материаллар етказилиб, бинода таъмирлаш ишлари кетмоқда. Қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди. Ўқув хоналарига замонавий пластик ром ва эшиклар ўрнатилди, иситиш тизими янгиланди, бинонинг томи қайта таъмирланди. Янги тармоқ мактабнинг низоми бўйича ишлаяпмиз. 42А-мактабда сифат кўрсаткичига эришиш учун бошлан¬ғич синф¬ларда тажриба жараёни давом этмоқда. Асосий мақсадимиз самарали таълим-тарбия беришдир. Қисқа давр¬да 42-мактабдаги баъзи муаммолар ҳам ҳал этиляпти. Масалан, бола сони меъёрдан кўплиги учун ҳар бир синф¬да 45 нафардан ошиқ ўқувчига икки сменада дарс ўтиларди. Қўшимча тўгарак ва бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Айни пайт¬да ўқувчилар сони 2592 нафарга камайди. Синфдаги болалар сони ўртача 35 нафарни ташкил этяпти.
— Қизим Дилнура 42А-мактабдаги рус тилида таълим бериладиган синфда ўқияпти, — дейди Азиза Ҳайитова. — Мактабнинг ташқи кўриниши анча ўзгарди. Иситиш тизими янгиланди. 16 номдаги тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Ўқитувчилар бир-бирининг машғу¬лотини кузатиб, таҳлил қилмоқда.
Тажрибали директор Тамара Назарова лойиҳа натижасига қараб, тармоқ мактабда фақат бошлан¬ғич синф ўқувчилари ўқиши, кейинчалик 42-мактабнинг ҳам 1—4-синфи тармоқ мактабга кўчирилиши мумкинлигини таъкидлади. Чунки мактаблар ораси узоқ эмас. Шунда ҳар икки мактабнинг бино қувватидан тўлалигича фойдаланиш, қўшимча даромад олиш имкони туғилади. Бюджетдан ташқари молиявий базага эга муассасада пул йиғиш муаммоси ҳам бўлмайди. Муҳими, ота-оналар ҳам ўз хоҳишига кўра, мактаб танламасдан боласини ўқишга беради. Янги лойиҳанинг жорий ўқув йилидаги тажриба-синов жараёни муваффақиятли ўтса, бир мактабга икки ёки ундан ортиқ тармоқ мактаблар бириктирилади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири