Иқтидорли болалар билан ишлаш: назария ва амалиёт
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан Шайхонтоҳур туманидаги 169-мактабда таълим муассасалари амалиётчи психологлари учун “Иқтидорли болалар билан ишлаш: назария ва амалиёт” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда ҳам маъруза тинглаб, ҳам қўшиқ эшитиб, рақс томоша қилган иштирокчиларнинг кайфияти аъло бўлди. Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ўқитувчиси, психология фанлари доктори Пўлат Эргашев “Оилада иқтидорли болалар тарбияси” мавзусидаги маърузасида фарзанд тарбиясида ота-онанинг роли, оилавий китобхонлик ва суҳбатларнинг таъсири ҳақида фикр юритди. Психология фанлари номзоди Лутфулла Турсуновнинг “Мактаб психологининг иқтидорли болалар билан ишлаш этикаси” мавзусидаги маърузаси ҳаётий мисолларга бойлиги билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Миллий университети доценти, психология фанлари номзоди Абдумўмин Расулов ўзининг “Иқтидорли болалар диагностикаси” мавзусидаги маърузасида боланинг қобилиятини вақтида аниқлаш ва интилишини ривожлантириш унинг келгусида тўлақонли шахс бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
— Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш психологик-педагогик ташхис марказида ташкил этилган иқтидорли болалар билан ишлаш бўлимида асосан икки методист ва бир нафар бўлим бошлиғи фаолият юритади. Бугунги семинарни бўлимнинг амалий иши дейиш мумкин. Семинарни ўтказишдан асосий мақсадимиз, мактаб ўқувчиларининг иқтидорини аниқлаш ва ҳамкасблар ўртасида тажриба алмашишдир. Амалиётчи психологлар ҳамкасбларининг қандай методика ва қўлланмалардан фойдаланиши, машғулотларни қай тарзда ташкил этишини кўриб, кузатиб, ўзаро фикр алмашдилар. Ўзлаштирилган тажрибалар келгусида мактабларда иқтидорли ўқувчилар кўпайишига ёрдам беради деган умиддамиз, — дейди марказнинг иқтидорли болалар билан ишлаш бўлими методисти Қобил Ҳайитов.
Тақдимотдан сўнг амалиётчи психологлар Феруза Иноғомованинг “Иқтидорли болалар билан ишлашда инновацион технологиялар” ва Самира Раҳимованинг “Иқтидорли ўқувчилар салоҳиятини ривожлантириш” мавзусидаги тренинг машғулотлари турли ўйин ва интерактив методлар ёрдамида ўтказилди.
— Иқтидорли болаларнинг ота-оналари психолог билан доимий равишда алоқа ўрнатиб туриши керак, — дейди 169-мактаб психологи Лобар Маликова. — Сабаби, оила аъзолари фарзандининг қобилиятли эканини пайқамаган бўлиши мумкин. Боланинг қизиқиш ва иқтидори, қайси тўгаракка боришни исташини ота-она мактаб психологи билан маслаҳатлашган ҳолда танласа, мақсадга мувофиқ. Истеъдодли ўқувчини тарбиялашда психологдан, энг аввало, болада ўзига бўлган ишончни ошириш ва руҳлантириш талаб этилади. Ҳар бир бола ўзига яраша иқтидор эгаси. Кимдир расм чизишга, кимдир қўшиқ айтишга, яна бошқаси шеър ёзишга қизиқади. Инсонда иқтидор аввалига лаёқат сифатида намоён бўлади. У болада қанча эрта аниқланиб, ривожлантирилса, келажакда етук шахс бўлиб улғаяди. Агар эътибор берилмаса, лаёқатсизлигича қолиб кетиши мумкин.
Ҳилола ҚАРШИБОЕВА,
“Ma’rifat” мухбири