Педагог нотиқми?
Касбий лаёқат қайсидир соҳадаги маҳорат билан уйғун. Фанлар йўналишида ўқитувчи салоҳияти ва қобилияти кўплаб муаммоларни ижобий ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Ўз фанини назарий жиҳатдан чуқур билиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлиш мумкин, лекин ахборотни мазмунли нутқ билан ўқувчи онгу шуурига сингдириш, етказиш муҳим муаммолигича қолмоқда.
Ўқувчи диққат-эътибори, қизиқишини аниқламай туриб, таълим-тарбия жараёнида самарага эришиб бўлмайди. Бунда икки жиҳатни эътиборга олиш зарур: таълимнинг талаби нутқ, тарбиянинг талаби кўпроқ хулқ билан ўлчанади. Ўқувчида ҳар иккала хусусиятни мужассамлаштириш, нутқий ва хулқий маданиятни шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Юриш-туриш, кийиниш ва ташқи қиёфа, нутқ ва хулқ этик ҳамда эстетик асосга қурилгандагина педагогнинг таълимдаги ўрни аниқ бўлади. Дили, диди, билим-савияси ва маҳорати билан ибрат бўлган педагогга ўқувчининг эргашиши, тақлид қилиши унинг обрў-эътиборини янада оширади.
Хоҳ ижтимоий, хоҳ табиий фанлар негизида бўлсин, педагог ўз фан йўналишидаги маълумотни ўз нутқий қобилияти орқали етказади. Халқимизнинг “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”, “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” деган нақли педагог компетенциясининг айнан шу қиррасини ифодалаб тургандек, гўё.
Адабий тил меъёрларига риоя этиш, нутқнинг тўғрилиги, равонлиги, мантиқийлиги, тозалиги ва бойлигидан хабардорлик, буни амалда қўллай олиш педагогнинг ўз фанини чуқур билиши асносида кўзга ташланади. Педагогнинг нутқ хусусиятларини билмаслиги, унинг талабларига амал қилмаслиги ўқувчининг фанга нисбатан эътиборини сусайтиради.
“Поэтика”, “Риторика” китоблари муаллифи, антик дунё риторика назарияси асосчиси Аристотель шоҳ Филипп саройида икки-уч ёшдаги болаларга талаффуз қоидалари бўйича сабоқ берганлиги маълум. Товуш ва сўзларни аниқ талаффуз қилиш юксак маданият белгиси ҳисобланганини Аристотель ўз даврида кўп такрорлар эди. Унинг назарида, товуш ва сўзларни тўғри талаффуз қилмаслик, ямлаб айтиш айб саналган. Кейинги даврларда нутқ қоидаларига амал қилмасдан ғўлдирайдиганларни “Варварлар” деб юритишлари бежиз эмас. Нутқнинг аниқлиги тафаккур ва талаффуз тиниқлигидан далолат беришини ёдда тутиш лозим.
Тўғри, таълим жараёнига янги, замонавий усул ва воситалар кириб келди. Ахборот-коммуникация технологияларини кенг кўламда қўллаш — давр талаби. Лекин технологик жараён педагогнинг бошловчилик ва нутқ маҳоратига заррача ҳам таъсир қилмаслиги керак. Педагогнинг нутқий компетенцияси, аввало, унинг назарий ва амалий билим, кўникма ва малакаси, дунёқараши, эътиқоди ва барча шахсий, индивидуал, ижтимоий-психологик сифатлари орқали намоён бўлади. Бу эса таълимнинг сифат ва самарадорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бўлиб, педагогик мослашув тизими асосида шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент фармацевтика институтининг магистратура босқичи, Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда ўзим ташкил қилган “Нотиқлик санъати академияси” тингловчиларига нотиқлик санъатидан сабоқ бериб келяпман.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
филология фанлари номзоди