Чирой очаётган таълим масканлари
Жиззах вилоятида Инвестиция дастури асосида 27 та мактаб капитал реконструкция қилинмоқда ва таъмирланмоқда. Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида 1 тадан, Зарбдор туманида 4 та, Бахмал туманида 11 та, Зоминда 5 та, Фориш ва Мирзачўлда 2 та мактаб янги қиёфа касб этди. Айни кунда Мирзачўл ва Фориш туманларидаги белгиланган мактаблардан ташқари барча объектларда ишлар тўлиқ бажарилди.
“Обод қишлоқ” дастурига кўра, жами 18 та таълим муассасасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Зомин, Арнасой, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида 2 тадан, Бахмал ва Мирзачўлда 1 тадан, Пахтакор ҳамда Дўстлик туманида 3 тадан мактаб янги қиёфа касб этди.
Бахмал туманидаги 79-мактабнинг Муғол қишлоғидаги филиали 1976 йилда қурилган эди. Йиллар ўтиши билан икки хонали бино деворлари ёрилиб, том қисми аянчли аҳволга келиб қолганди. Мазкур бино ёнида 60 ўринга мўлжалланган янги иморат қад ростлади. Унда 5 та хона мавжуд бўлиб, болаларнинг ўқиши, ўқитувчиларнинг дарс ўтиши учун барча имкониятлар яратилди.
Мактаб моддий-техник базасининг яхшиланиши ўқитувчиларнинг маҳорат ва қобилиятини рўёбга чиқаришга шароит яратмоқда. Физика фани ўқитувчиси Келдиёр Холмуродов ўқувчиларга янги педагогик технологиялар асосида сабоқ бериб, дарсларда ўқув-лаборатория жиҳозларидан унумли фойдаланмоқда.
“Барлос” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Сойлик қишлоғидаги 56-мактабда 405 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқитувчиларнинг бари олий маълумотли. Кейинги йилларда болалар сонининг ортиши натижасида ўқиш жараёни 2 навбатда ташкил этилиб, бирмунча қийинчиликлар юзага келган эди. Қишлоқ аҳлининг таклифига кўра, 160 ўринли 2 қаватли янги бино қуриб фойдаланишга топширилди.— Янги бинонинг ишга тушиши 3 та бошланғич синф, инглиз тили, тарих ва математика хоналарида алоҳида машғулот ўтказилишига имкон яратди, — дейди мактаб директори Анвар Тўраев. — Лаборатория ва компьютер хоналари тўлиқ жиҳозланди. Келгуси йилда 12х24 ҳажмли спорт зали қуриш кўзда тутилган.
Мактабни Шерқўзи Солиев бошчилик қилаётган “Шоҳрух Бунёдкор” хусусий корхонаси қурди. Ота-оналар вакили Абдуназар Эшонқуловнинг айтишича, қурилиш жараёни ишчи гуруҳи томонидан мунтазам кузатиб борилган.
Янги ўқув йили тумандаги 76-мактаб жамоаси учун ҳам қувончли келди. Мактаб биноси 1 миллиард 565 миллион сўмга реконструкция қилинди. 80 ўринли қўшимча бинода 4 та хона янгидан барпо этилди. 9х8 ҳажмдаги спорт залининг қурилиши ўқувчиларнинг жисмонан чиниқиши ва соғлом вояга етишига хизмат қилмоқда. Спорт залининг барпо этилиши 1-тоифали жисмоний тарбия ўқитувчиси Бердиёр Эшназаров учун чинакам байрамга айланди. Мураббий ўғил болалар ўртасида футбол ва минифутбол, қизлар ўртасида волейбол ва енгил атлетика тўгараги ташкил этишни мўлжалламоқда. Эндиликда тўгараклар мунтазам ишлайди. Қолаверса, спорт залидан қишлоқ ёшлари ҳам фойдаланишига имкон яратилди.
Таъмирланган ўқув масканлари замонавий ўқув қуроллари, жиҳозлар ва кўргазмали қуроллар билан ҳам таъминланмоқда. Бу педагогларнинг машғулотларни ахборот-коммуникация технологиялари асосида янада қизиқарли ва мазмунли ўтишини таъминлайди.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири