Кўп йиллик самарали меҳнат рағбати
Президетимиз фармонига мувофиқ, Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги 1-умумтаълим мактабида ёш авлодга 40 йил давомида рус тили ва адабиётидан сабоқ берган меҳнат фахрийси Людмила Кулешова “Дўстлик” ордени билан тақдирланган эди. Мактабда ушбу юксак мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Вилоят ва туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида ўқитувчиларни моддий-маънавий рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мирзачўлни ўзлаштиришнинг дастлабки даврида ташкил этилган ушбу мактабда 40 йил ўқитувчилик қилган Людмила Прокофьевнанинг меҳнати ҳам муносиб тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарлар сирини ўргатиш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун Людмила Прокофьевна Кулешовани “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармонини Президентнинг маслаҳатчиси Т.Худойберганов ўқиб эшиттирди ва мукофотни ўз эгасига топширди.
– Мен Президентимиз эътиборидан жуда ҳаяжондаман, – дейди Людмила Прокофьевна. – Бу мукофотни нафақат менга, юртимиздаги барча ўқитувчиларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор-эъзознинг рамзи, деб биламан. Ўқитувчига, таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор туфайли мен ишлаган ушбу қадрдон мактаб ҳам тубдан янгиланди, ёшларни билимли, комил инсонлар қилиб вояга етказиш учун барча шарот ва қулайликлар яратилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва таълим-тарбия соҳаси ривожига, юртимизнинг тараққий топган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Манба: www.uza.uz