“Парвоз” — юксакка интилаётган мактаб
Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларда мактаб директорларига берилаётган имкониятлар мактабларнинг мустақил фаолиятига, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланишига асос бўлмоқда. Хусусан, юртимизда илк бор “Краудфандинг” (халқ томонидан молиялаш) платформаси — Mfond.uzнинг ишга тушиши мактаб раҳбарларидан ҳақиқий менежер бўлишни талаб этмоқда. Яъни, улар таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаол ўқитувчиларни рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари маблағ топиши лозим. Фарғона шаҳридаги “Парвоз” номли 40-ИДУМда бу тажриба анча йиллар аввал йўлга қўйилган.
Инглиз тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 1997 йили ташкил этилган бўлиб, таълим рус тилида олиб борилади. 840 ўринли мактабда 1661 ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Асосий ўринда 67 нафар педагог ходим бўлиб, қўшимча дарсларга 42 нафар ўқитувчи жалб этилган. Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақти деярли бўлмайди. Чунки улар асосий дарс соатларидан сўнг куни узайтирилган гуруҳларда машғулотларни давом эттиради. Ўқувчилар куннинг иккинчи қисмида ҳам мактаб назоратида бўлиб, иссиқ овқат билан таъминланади. 3—9-синф ўқувчилари турли тўгаракларга қатнаб, тарбиячилар кўмагида уй вазифаларини бажаради. Энг асосийси, ўзлари қизиққан фан билан жиддий шуғулланиш имконига эга.
— Бир неча йилдан буён “Ванесса де Лукс” масъулияти чекланган жамияти ҳамда вилоят таэквондо федерацияси билан шартнома асосида ишлаяпмиз, — дейди мактаб директори Гулнора Зокирова. — Улар мактаб ошхонаси ҳамда спорт залидан ижара асосида фойдаланади. Иккала ташкилот ҳам керак пайтда муассасамизга ҳомийлик ёрдами кўрсатмоқда. Бу мактабимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, “Ванесса де Лукс” МЧЖ кўмаги билан ўқувчилар мактабда уч маҳал овқатланади. Бу ота-оналарнинг розилиги асосида амалга оширилган. Ҳозир 1284 нафар ўқувчи ошхона хизматидан фойдаланмоқда. Ҳатто, баъзи болалар уйидан мактабга келиб, нонушта қилади. Тушлик ва тушликдан сўнг ўқувчилар толиқмай, қўшимча дарсларда фаол бўлиши учун “толма чой” берилади. Шунингдек, дарслар бир сменада бўлгани учун дарсдан сўнг спорт залида таэквондо федерацияси ўқувчилар билан машғулот олиб боради.
Мактабга четдан келган одам бу ерда моддий жиҳатдан бақувват ташкилот жойлашган деб ўйлаши аниқ. Негаки, замон талабларига мос кўркам бино, ўзига хос дизайнга эга ҳовли эътиборингизни тортади. Манзарали дарахтлар ва гуллар ўзгача файз бағишлаб турибди. Мактаб бугунги ҳолатга келишида ҳомийларнинг ҳиссаси катта.
Спорт зали — ижарачиларда
— Мактаб билан ҳамкорликда ишлаётганимизга деярли ўн йил бўлди, — дейди Ўзбекистон анъанавий таэквондо федерацияси Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мураббийи Ботир Баҳодиров. — 2008 йили уч томонлама шартнома тузганмиз. Дарсдан кейин спорт зали бўш бўлади. Анъанавий таэквондо бўйича машғулотларни икки соатдан ҳафтада уч марта олиб борамиз. Ижара пулини қонун доирасида белгиланган тарификация бўйича тўлаймиз. Ўқувчилар учун тўгарак машғулотининг тўлови ойига 40 минг сўмдан. Кам таъминланган оила фарзандлари бепул иштирок этади. Ҳозир машғулотларга мактабнинг 20 нафар ўқувчиси мунтазам қатнамоқда. Улар орасидан шу кунгача бир нафар жаҳон чемпиони, 2 нафар Ўзбекистон чемпиони, бир нафар хал¬қаро мусобақалар ғолиби етишиб чиқди. Бахтиёр Одилов Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 2-ўринни, Асадбек Ҳакимов Малайзияда бўлган турнирда 2-ўринни, Исломжон Мирзахалилов Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллади. Жорий йил апрель ойида Сардор Хўжаев, Дилёр Файзиматов Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Улар нафақат мактаб, балки вилоят фахри ҳисобланади. 2018-2019 ўқув йили олдидан федерациямиз мактаб биносининг фасад қисмини тўлиқ таъмирлаб берди. Бундан ташқари, мактабда ўтказиладиган спорт мусобақаларига ҳомийлик қилиб, ғолибларни муносиб тақдирлаймиз. Шунингдек, мактаб спорт залида бизнинг балансимиздаги татами(мат)лардан ўқувчилар дарс жараёнида ҳам бемалол фойдаланади. Болалар дарсда ақлий зўриқади. Албатта, спорт билан шуғулланган ўқувчи ҳам жисмонан, ҳам ақлан чиниқади. Мактабда баскетбол, футбол, волейбол, шахмат, шашка тўгараклари ҳам фаолият олиб бормоқда.
“Ванесса де Лукс” — мактабнинг энг яқин ҳамкори
— 2013 йили мактаб ошхонаси ижарага берилаётгани ҳақидаги эълонни ўқигач, тендерда қатнашиб, ютдик, — дейди “Ванесса де Лукс” МЧЖ раҳбари Гулнора Каримова. — Ўша йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мактаб ошхонасидан ижара асосида фойдаланиб келяпмиз. У пайтлари мактаб ошхонаси жуда таъмирталаб аҳволда эди. 70 миллион сўмга ошхонани таъмирлаб, замонавий кўринишга келтирдик. Бу ерда ҳозир 4 нафар ошпаз, 14 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Ота-оналар билан 9 ойга шартнома тузамиз. Бир ойлик таомнома олдиндан тайёрланиб, директор ва мактаб ҳамшираси томонидан тасдиқланади. Бир ўқувчининг нонушта, тушлик ва “толма чой”и бир кунда 8500 сўмга тушади. Шанба куни толма чой бўлмагани учун ота-оналар 6500 тўлайди. Ўқув йили давомида дам олиш кунлари, байрам ва таътиллар ҳисобга олиниб, керакли сумма чиқарилади. Тўлов ойнинг 20-санасигача исталган шаклда амалга оширилади. Ҳозир 4 та мактаб билан шартнома асосида ишлаяпмиз. 9 та боғчада тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Жорий ўқув йилида мактаб спорт залини тўлиқ таъмирлаб бердик.
Ота-оналар фарзандларининг қандай овқатланаётгани, ошхонадаги тартиб ва тозаликдан бохабар бўлиши учун махсус видеокузатув йўлга қўйилган. Шунингдек, улар хоҳлаган пайти келиб, фарзандларига бериладиган таомлардан тотиб, сифати, мазасини текшириши мумкин. Қолаверса, ошхонада махсус журнал ҳам тутилган. Унга ота-оналар ўз фикр-мулоҳазасини, таклифини ёзиб қолдиради. Қўшимча дарслар учун бириктирилган ўқитувчилар бепул тушлик қилиш имконига эга. Ўқитувчиларнинг фарзанди ва кам таъминланган оила фарзандлари учун 50 фоизлик чегирма ҳам мавжуд.
— Куни узайтирилган гуруҳларда ишлаш учун ҳам алоҳида ўқув режа ишлаб чиқилган, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилором Холматова. — Ҳафтанинг ҳар бир кунида қандай машғулот олиб борилиши олдиндан белгиланган. Масалан, душанба маънавият куни бўлиб, ҳар хил тадбирлар ташкил этилади, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари фан ўқитувчилари қўшимча дарслар олиб боради. Жума куни эса спорт машғулотлари ўтказилади. Ўқувчилар ўзлари хоҳлаган спорт турига қатнашади. Дарсдан кейин ўқувчилар билан билимлар беллашуви, фан олимпиадасига тайёргарлик кўряпмиз. Ўқитувчилар кечгача мактабда бўлади. Қўшимча дарслар учун куни узайтирилган гуруҳлардан тушадиган маблағ асосида маош тўланади.
Мактабдаги бу тизимдан ҳамма бирдек манфаатдор. Хусусий корхона эгалари камроқ сумма тўлаб, ижарада турган бўлса, мактаб ўз ижарачилари орқали ҳомийлик ёрдамига эга бўлмоқда. Ўқувчилар учун эса қулай шароит яратилмоқда. Улар бўш вақтини фақат керакли машғулотларга сарфлайди. Ота-оналарнинг эса фарзанди ишончли қўлларда эканидан кўнгли хотиржам.
Нигинабону ШУКУРОВА,
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ма’rifat” мухбирлари