Таҳлил тажрибани бойитади
Кейинги йилларда Навоий вилоятида ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида эришилаётган муваффақиятлар ҳудудда ўзига хос тажриба мактаби яратилганини кўрсатади. Лекин ҳар қандай ютуқ ва камчилик, ғолиблик ва айни пайтда мағлублик ҳам онгли равишда жараёнларни кузатиб, таҳлил этишни талаб этадики, бу кейинги марраларни забт этиш, мақсадлар йўлида шахдам қадам ташлашнинг асосий омили саналади.
— Ўтган ўқув йилларидаги кузатишлар 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ жалб этиш ҳамда умумтаълим мактабларида психологик хизмат самарадорлигини ошириш масаласига эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатди, — дейди Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси методика маркази директори вазифасини бажарувчи Абдуҳошим Қаршиев. — Шу боис анъанавий август кенгашлари ва шўъба йиғилишларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган республика ўқув-семинарида бу мавзу алоҳида муҳокама этилди. Шунингдек, ахборот-ресурс марказлари ва мактаб кутубхоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб вазифалари хусусида фикрлашиб, тажриба алмашиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Чунки АРМлар қамровини кенгайтирмай, кутубхоналаримизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамламай туриб таълим-тарбия борасида кутилган натижаларга эришиш қийин.
Бу йил август кенгашларига тайёргарлик кўриш мақсадида вилоятларда ўтказилган ўқув-семинарларда Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим марказининг мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этгани «даврани кенгроқ олиб» янгилик ва илғор тажрибалар хусусида ўртоқлашиш, мавжуд муаммолар устида баҳс юритиш имкониятини яратди. Раҳбарнинг компетентлилиги, педагогик маҳорати ва касбий маданиятини оширишда бошқарув санъати, бошланғич синф ўқувчилари учун яратилган дарслик ва ўқув қўлланмалардаги ўзгаришлар, 1- ва 2-синф ўқувчилари учун яратилган 7 номдаги методик қўлланма ва мультимедиа иловаларидан дарс жараёнида унумли фойдаланиш, мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш сингари мавзулар чуқур таҳлил этилиб, муаммоларни бартараф этиш йўллари белгилаб олинди.
— Олдинги йилларда бундай тадбирлар асосан пойтахтда ташкил этилиб, унга кам сонли мутахассислар таклиф этиларди, — дейди вилоят ХТХҚТМОИ проректори Обид Ҳакимов. — Бу йил соҳанинг юқори малакали мутахассислари вилоятимизга йиғилиб, катта аудиторияларда машғулотлар олиб боргани, педагогларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтаргани ўқитувчиларимизнинг касбий салоҳиятини кучайтиришга, руҳиятини кўтаришга, ўзларига ишончи ва талабчанлигини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, авваллари шўъба йиғилиши бошланғич таълим масалаларига йўналтирилган бўлса, унга фақат бошланғич синф ўқитувчилари ва методистлар таклиф этиларди. Бу гал шўъбалар ишига раҳбар ходимлардан тортиб ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари, юқори синф ўқитувчилари ҳам жалб этилиши мавжуд камчилик ва нуқсонларни атрофлича муҳокама этиш, биргаликда ечим излашга шароит яратади.
Айни пайтда вилоятда тарқатма материалларни жойларга етказиш ва август анжуманларини самарали ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
* * *
Республика таълим маркази, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бош¬қармаси методика маркази ҳамкорлигида ўтказилган республика ўқув-семинарида ҳам туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари методистлари, тажрибали ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш доирасида ташкил этилган 8та шўъбада умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш бўйича устувор вазифалар таҳлил қилиниб, 2015-2016 ўқув йилида таълим муассасалари раҳбарлари ва педагогларнинг ташаббускорлигини ошириш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
Икром АВВАЛБОЕВ,
«Ma’rifat» мухбирлари