Талаба ўқитувчи 1 500 000 сўм маош олди
Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг маоши 2018 йил 1 сентябрдан оширилди.
2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилиши белгиланди.
Устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олганда бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва унинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.
Жорий йилда халқ таълими тизимида 16 минг нафар олий маълумотли ёш кадр мактабда меҳнат фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 4-босқич талабаси Дилфуза Абдуллаева ҳам шу йилнинг сентябрь ойидан пойтахтдаги 249-мактабда иш бошлади. У 2017 йилнинг ноябрь ойи охирида имтиёзли кредит ҳисобидан 120 000 000 сўмга уй харид қилган эди. Бу вақтда 30 340 000 сўм бошланғич тўлов тўлаган талабани яна 6 650 000 сўм ўқиш учун контракт пулини тўлаш, ҳар ой 583 минг сўмдан кредит тўловини амалга ошириш кутиб турарди. Аксига олиб, 4-курс талабаси контракт тўлови 8 миллион сўмдан ошганини эшитиб, маоши кўпроқ иш қидира бошлади.
— Имтиёзли кредитга 2 хонали уй олгандим. Бунинг учун банкка ойига 500 000 сўмдан зиёд маблағ тўлардим, — дейди Дилфуза Абдуллаева. — Шу боис ўқитувчилик фаолиятимни бошлашга иккиланаётгандим. Чунки бу касб орқасидан оладиган маошим кредитимга ва икки нафар фарзандимни боқиш учун етмаслигини билардим. Президентимиз қарори асосида ўқитувчиларнинг маоши оширилгани иккиланишларимга чек қўйди. Янги ўқув йилидан Олмазор туманидаги 249-мактабда 6—8-синфларга жисмоний тарбия фанидан сабоқ бера бошладим. 1 500 000 сўм маош олдим. Маошим кредит тўловига ҳам, фарзандларимнинг моддий эҳтиёжига ҳам бемалол етди. Асосийси, мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш масаласига давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётганидан бениҳоя қувондим.
Жорий йилда 249-мактабга ишга қабул қилинган педагоглар қаторида 4-курс талабаси Дилором Насриддинова ҳам бор.
— Янги ўқув йилида таълим муассасамизга 40 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилинди, — дейди 249-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилором Аҳмедова. — Ўтган ўқув йилида айрим ўқитувчиларни нафақага кузатган эдик. 2017-2018 ўқув йилини жами 147 нафар ўқитувчи билан бошладик. Мактабимизда 3696 нафар ўқувчи таълим олади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА