Янги ўқув йили яқин
уни кўтаринки руҳда кутиб олиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда
Юртимизда баркамол авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор қамрови кун сайин кенгайиб, янгича маъно-мазмун касб этаяпти. Ҳар йили юзлаб таълим муассасаларида капитал таъмир ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, зарур ўқув-лаборатория жиҳозлари ва спорт анжомлари билан таъминланмоқда. Айниқса, янги ўқув йили олдидан таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, барча номдаги дарслик ва қўлланмалар етказиб берилаётгани ўқувчиларнинг чуқур билим олиши учун муносиб шарт-шароитни вужудга келтирмоқда.
Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларини янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган медиатурда шулар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Дастлаб журналистлар Мирзо Улуғбек туманидаги 426-мактабгача таълим муассасасида бўлиб, боғчадаги шарт-шароитлар, МТМга қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида яратилган 5 қўлланмадан самарали фойдаланиш бўйича муассаса ва ота-оналар ҳамкорлиги борасидаги тажриба билан танишдилар.
— Муассасамизда 5 қўлланмадан фойдаланиш бўйича ота-оналар учун маслаҳат маркази ташкил этилган бўлиб, шанба кунлари “Оқибат” маҳалласидаги МТМга қамраб олинмаган 18 нафар бола билан шуғулланамиз. Муассаса психологи ва бошланғич таълим ўқитувчиси билан бирга болаларнинг муайян билим, кўникма ва малакани қай даражада ўзлаштиргани, руҳий ҳолати, мактабга тайёргарлиги ўрганилади, — дейди МТМ мудираси Нилуфар Фозилжонова. — Беш номдаги қўлланмалар билан шуғулланиш учун керакли тавсиялар буклет тарзида тайёрланиб, ота-оналарга тақдим этилди. Янги ўқув йили олдидан болаларнинг мактабга руҳан тайёрлигини яна бир бор синовдан ўтказдик. Ота-оналар билан ҳамкорлигимиз ижобий натижа беришига ишонамиз.
2015-2016 ўқув йили олдидан барча мактабларда қизғин тайёргарлик ишлари давом этаяпти. Жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги 64-мактабда барча 1-синф хоналари зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланиб, шай ҳолатга келтирилди.
— Бу йил мактабимизда 6та 1-синф ташкил этилади. Шу муносабат билан 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари олдиндан тайёрланди, — дейди бошланғич синф ўқитувчиси Саида Юсупова. — Бу йил мустақиллик дарсларини кечаги ва бугунги кунимиз акс этган видеофильм асосида ўтишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун синфхоналар керакли ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланган.
2015-2016 ўқув йилидан бошлаб 3-синфларда илк бор чет тили фани ўқитилиши муносабати билан 64-мактабга ҳам дарслик мажмуалари етказилиб, хорижий тил кабинетлари янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди. Мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Зебо Акбарова ўтган йилларда 1-, 2-синфларга чет тилидан сабоқ бериб, муайян тажрибага эга бўлган эди. Янги ўқув йилидан эътиборан ёш мутахассис 3-синф ўқувчиларига билим беради.
— Бу йил мактабга келадиган 3-синф ўқувчилари билан шуғулланиш мен учун қийин кечмайди, деб ўйлайман. Олдинги ўқув йилларида уларга дарс бериб, ўқувчиларнинг ўзлаштириши, мавзуни тушунтиришда қандай ёндашиш зарурлиги ҳақида етарли тушунчага эга бўлдим, — дейди Зебо Акбарова.
* * *
Медиатур доирасида Республика болалар кутубхонасида “Янги ўқув йилида таълим-тарбия сифатини оширишдаги устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ва мактаб ўқув қуроллари, дарсликлар, ўқув ва спорт кийимлари, пойабзаллар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Тадбирда Халқ таълими вазири У.Иноятов иштирок этиб, янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича тизимда амалга оширилган ишлар хусусида журналистларга батафсил маълумот берди.
2015 йилги Инвестиция дастури асосида республикамиз бўйича 384та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ушбу мақсад учун 341,8 миллиард сўм йўналтирилди. Таълим муассасаларини керакли ўқув жиҳозлари билан таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда 4517та ўқув маскани мебель, ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер, спорт анжомлари ва мусиқа асбоблари билан таъминланмоқда. 2015-2016 ўқув йилида 631 минг бола 1-синфга қадам қўйиши кутиляпти. Болаларга аталган Президент совғалари жойларга етказилиб, билимлар кунида тантанали топшириш учун ҳозирлаб қўйилмоқда.
Ўтган ўқув йилида илк маротаба бошланғич синф ўқувчилари учун илғор педагогик технология ва ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида 7 номдаги методик қўлланма ва мультимедиали иловалар тайёрланиб, 1-синфларда барча фанларни илғор технологиялар асосида ўқитиш йўлга қўйилган эди. Бу йил ҳам ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилди. 2-синфлар учун она тили, ўқиш, математика, атрофимиздаги олам, русский язык, чтения фанларидан ўқитувчилар китоби ва мультимедиали илова тайёрланиб, жойларга етказилмоқда.
Таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнидаги муҳим вазифалар сирасига киради. Шу маънода, мактаблардаги мавжуд бўш иш ўринларини иқтидорли мутахассислар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунончи, 2015-2016 ўқув йилида 3-синфларда чет тили ўқитилиши муносабати билан хорижий тил ўқитувчиларига бўлган қўшимча 2217 ставка эҳтиёж олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳисобидан қопланмоқда.
Янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш мактаб жамоаси билан бирга, ота-оналар ва ўқувчиларнинг ҳам пухта тайёргарлик кўрганига боғлиқ. Шу боис ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида ҳар йили Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзал” уюшмаси ҳамда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда мактаб ярмаркалари ташкил этилади.
Анъанага кўра, бу йил ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 1876та мактаб ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 26 турдаги ўқув қуроллари, мактаб либослари, ўғил ва қиз болалар пойабзаллари, спорт кийимлари сотувга чиқарилмоқда. Ўқувчиларни мазкур асосий турдаги маҳсулотлар билан таъминлашда ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида ярмаркаларнинг 970таси мактабларда, 232таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 398таси аҳоли гавжум бозорларда ва 276таси йирик савдо мажмуаларида ташкил этиляпти. Юртимизнинг бориш қийин бўлган, олис, тоғли ва чўл ҳудудларидаги ўқувчиларни қамраб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Мўйноқ, Қўнғирот, Томди, Конимех, Бўстонлиқ, Сариосиё, Бойсун, Узун, Деҳқонобод, Китоб, Чироқчи, Қамаши, Фориш, Бахмал, Зомин туманлари аҳолисига намунали хизмат кўрсатиш учун 98 та кўчма автодўкон бириктирилди. Яратилаётган қулайлик туфайли олти миллиондан зиёд ўқувчиларнинг ота-онаси фарзандлари учун сифатли мактаб либослари ва ўқув қуролларини харид қилиш имконига эга бўлади. Маҳсулотларнинг аксарияти юртимизда юқори сифат ва замонавий андозалар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, санитария-гигиена талаблари ва халқимизнинг миллий менталитетига мослиги алоҳида эътиборга олинган.
— Бу йил мактаб ярмаркалари орқали уюшмамизга қарашли 20дан зиёд корхона томонидан 1,6 миллион донадан ортиқ портфель(ранец), 481906 жуфт ўғил болалар ва 446556 жуфт қизлар пойабзали, 1 миллиондан зиёд қаламдон (пенал) юртдошларимизга тақдим этилмоқда, — дейди “Ўзбекчармпойабзал” уюшмаси бош мутахассиси Шуҳрат Алиев. — Маҳсулотлар юртимиздаги “Кinder-Qo‘qon”, “Erkatoy bolajon”, “Bolajon orzusi”, “Nurrav¬shan”, “Xo‘jaobod” корхоналарида юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, сифати ва нархи ота-оналарга манзур бўлиши шубҳасиз.
Мактаб ярмаркаларини намунали ташкил этиш мақсадида ҳудудларда маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, етказилаётган маҳсулотларни сифатли сақлаш, ёнғиндан асраш ва бошқа зарурий хавфсизлик чоралари белгиланган. Ўқув муассасалари ҳудуди ва фойесида ярмаркалар ташкил этиш учун алоҳида жойлар ажратилиб, жавон, расталар ўрнатилмоқда.
Маҳсулотларнинг республикамизда амалда бўлган стандартлар талабларига жавоб бериши ва сифатини назорат қилиш, сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш борасида ҳам маҳаллий ҳокимликлар Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳамда Давлат солиқ қўмиталари билан биргаликда тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Айниқса, савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ташкил этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мактаб ярмаркаларида 1876 та барча турдаги (узкарт, виза, онлайн) тўлов терминаллари ўрнатилаётгани эътиборга молик.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири