Бухоро вилоятидаги мактаблар қиш мавсумига тайёрми?
Президентимизнинг "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида таълим муассасаларини мавсумга тайёрлаш жараёнида маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти оширилди. Жумладан, Бухоро вилояти халқ таълими муассасаларида ҳам куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилди. Куни кеча Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев иштирокида вилоятда бу борада эришилган ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни пайтда вилоятдаги 542 та таълим муассасасининг 32 таси марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Уларнинг 178 таси табиий газ билан, 66 таси табиий газ-кўмир, 261 таси кўмир, қолганлари эса суюқ ёқилғи ва электр энергияси билан иситилади. Мазкур муассасаларда 2256 дона иситиш қозони мавжуд.
2015 — 2018 йиллар давомида уларнинг 1206 таси энергия тежамкор қозонларга алмаштирилди. Барча таълим муассасаларига 2018-2019 йил куз-қиш мавсуми учун 6057 тонна кўмир ва брикет ёқилғиси етказиб берилди. Дастур асосида 12 та муассаса мукаммал, 112 та мактаб жорий таъмирланди. Уларнинг 25178 квадрат метр ҳажмдаги том қисми ва 14407 погонометр ички иситиш тизими қайта таъмирланди, 82 та иситиш тармоғи босим остида ювилди. 2865 квадрат метр ҳажм¬даги синган ойналар алмаштирилди, 10540 дона чўғлама лампалар ўрнига энергия тежовчи лампалар ўрнатилди. Айни пайтда табиий газ босими паст 66 та мактабнинг иситиш тизимини босқичма-босқич кўмирда ишлайдиган қозонга мослаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Таълим муассасаларини мавсумга сифатли ҳозирлаш мақсадида вилоят ҳокими фармойишига асосан, 8,5 миллиард сўм маблағ ажратилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, айрим таълим муассасаларида муаммо ва камчиликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев шу хусусида тўхталиб, бу мактаб раҳбарларининг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибати эканини таъкидлади.
Вазир ўринбосари Бухоро шаҳридаги 1-, 4- ва 21-умумтаълим мактабларининг мавсумга тайёргарлигини кўздан кечирди. Мактаб ўқувчиларига "Ёшлик" спорт жамияти томонидан ажратилган спорт анжомларини совға қилди.
Ирода ОРИПОВА