Бугунги директор — мутахассис, тадбиркор, менежер
Мактаб директори етакчи, бошқарувчилик қобилиятига эга мутахассис, менежер бўлиши керак. Мактабига хусусий секторни жалб қила оладиган, тадбиркорлар билан мулоқотга киришишга уста одамлар бу лавозимга тайинланса, бугунги ислоҳотлар ижроси янада осонлашади. Шу мақсадда халқ таълими тизимида раҳбар педагогларнинг маҳоратини оширишда илғор, шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизм татбиқ этилди.
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида умумтаълим муассасалари раҳбарларининг халқ таълими соҳасида менежерлик кўникмаларини шакллантириш курси иш бошлади. Амалдаги малака ошириш курсидан фарқли равишда норматив-ҳуқуқий ва ўқув-методик таъминот бўйича машғулотлар ташкил этилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги давлат сиёсати”, “Таълим иқтисодиёти”, “Таълим бошқарувининг меъёрий-ҳуқуқий асослари” каби ўқув модуллари бўйича назарий билим ва амалий кўникмалар бериляпти.
— Мактаб директорларининг менежерлик кўникмасини ошириш, замонавий билимга эга, креатив фикрловчи директорларни тайёрлашни даврнинг ўзи талаб этяпти, — дейди инс¬титут ректори Наргиза Раҳмонқулова. — Курсда мактаб директорлари замонавий бошқарув усуллари билан таништирилади. Педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларида ҳам менежмент таълим йўналишида янги факультетлар ташкил этилган. Биз раҳбар педагоглар учун менежерлик курси ўқув режа ва дастурларини тасдиқлашда шу факультетлар билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Халқаро тажрибаларни ҳам ўргандик. Жумладан, Жанубий Корея, Грузия ва Германия давлатлари мутахассисларидан замонавий методикаларни ўргандик. 6 боб ва 10 моддадан иборат мактаб директори стандарти қабул қилинди. Янги стандартда директорнинг персонал билан ишлаш ва янги инновациялар киритиш тартиби ҳам кўрсатилган. Менежерлик курсининг биринчи босқичида 250 нафар мактаб директори 144 соатлик дастур асосида малака оширди. Янги ўқув курси тасарруфида менежерлик лабораторияси ҳам очилди. Лабораторияда тингловчи ўзи танлаган мавзуга оид тадбир намойишини кўрсатиб беради, одатий тадбирбозлик анъаналаридан холи бўлган мақсадли лойиҳа ва мавзу устида бош қотиради. Мактабнинг келажаги учун нима қилиш кераклигини очиб бериши талаб этилади.
Дастлабки тингловчилардан 15 нафари ўзининг аниқ лойиҳаси билан менежер раҳбарнинг етакчилик кўникмасини намунали тарзда очиб берди. Мамлакатимиздаги барча мактаб раҳбарларининг янги дастур асосида малака оширишини таъминлаш мақсадида кўчма менежерлик курслари ташкил этилади.
Унга нодавлат таълим муассасалари ҳамда илғор мактаб директорлари жалб қилиниб, тажрибаси, замонавий мактаб ва болалар хавфсизлиги ҳақидаги тушунчаси ўрганилди.
Дарҳақиқат, мактаб директори ўғил-қизларнинг билимли, ахлоқли ва баркамол бўлиши учун ким масъул бўлса, улар билан мулоқотда бўлиши зарур.
— Менежерлик курсида малака ошириш давомида муаммоларни олдиндан кўра олиш ва унга ечим топишни ўргандим, — дейди Қумқўрғон туманидаги 50-мактаб директори Зулфира Маматалиева. — Масалан, инглиз тили фани ўқитувчиси етишмаслиги сабабли мактабдан 35 км узоқда яшайдиган нафақадаги ўқитувчини ишга чақиришга мажбур бўлганман. Эндиликда вилоятдаги олий ўқув юртлари билан шартнома тузиб, салоҳиятли талабаларга синов муддати асосида дарс соатлари ажратишни режалаштиряпман. Бу синовда ўқувчилар билими ва машғулот самарасига қараб ёш мутахассислар салоҳиятига баҳо берамиз. Яна бир масала. Ўттиз беш йил илгари дала шийпони сифатида қурилган мактабимиз филиалининг эски биносида 290 нафар ўқувчи таълим олаётир. Бинода зарур шарт-шароит — спорт зали, компьютер синфлари йўқлиги, лаборатория жиҳозлари билан таъминланмагани бизни ташвишлантиради. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида том қисмини таъмирлатишга эришдик, холос. Лекин фарзандларимиз илм ўрганадиган даргоҳга сира ўхшамайдиган бу жой ўрнида янги ўқув биноси қурилиши жуда муҳим. Мактабни “Обод маҳалла” дастурига киритиш учун мутасаддиларга мурожаат қилдим.
Курс тингловчилари ҳар бир машғулотдан сўнг таҳлилий хулосаларини, келгусида бажариши лозим бўлган ишларни муҳокама қилишди. Ўз электрон почтаси ва мактаб сайтини яратишди. Уларда етакчилик хусусиятини шакллантиришга қаратилган бошқарув психологияси ўқув модули бўйича ҳам ўқув машғулотлари ўтказилди. Яъни, таълим сифатининг бешта даражаси (ДТСга мослиги, эҳтиёжларга мос келиши, битирувчиларнинг мукаммал билим олгани, меҳнат бозоридаги талабга ва халқаро стандартларга мослиги)ни инобатга олган ҳолда узлуксиз жараённи сифатли ташкил этиш йўл-йўриқлари ўргатилди.
Тингловчилар ўртасида “Мен курсдан нима олдим?” мавзусида сўровнома ўтказилиб, хулосалар таҳлили асосида дастур янада такомиллаштирилади. newmalaka. uzedu.uz маълумотлар базаси, www.2018. strategy.uz веб-сайти ва www.regulation.gov.uz порталида педагог, директор, методистларнинг янги тизим фаолияти билан танишишига имконият яратилди.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири,
Муяссар ЖУМАНИЁЗОВА,
Абдулла Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМОИ мутахассиси