Эркак ўқитувчилар сафи кенгайди
Кейинги йилларда педагоглар ойлик маошининг пастлиги, ўқитувчи нуфузининг тушиб кетиши таълим муассасаларида эркак ўқитувчилар сафи камайишига сабаб бўлди. Бу таълим-тарбия сифатига ҳам салбий таъсир қилди. Янги ўқув йили арафасида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бошланди. Ўқитувчи нуфузини оширишга қаратилган қарор ва фармонлар қабул қилинди. Таълим ходимларининг ойлик маоши оширилди, уларга турли имтиёзлар берилди. Натижада Қашқадарё вилоятидаги мактабларда ҳам эркак ўқитувчилар сафи кенгайди.
— Ходимларимизнинг аксарияти аёллар бўлгани учун таълим-тарбия жараёнида муаммолар юзага келарди, — дейди Касби туманидаги 7-мактаб директори Инобат Шоназарова. — Айниқса, аёл ўқитувчилар ўғил болалар билан ишлашда қийналарди. Иш ҳақининг оширилиши, турли имтиёзлар берилиши натижасида бошқа соҳаларда ишлаб юрган эркак ўқитувчилар мактабга қайтди. Мисол учун, физика фани ўқитувчиси Тўлқин Остонов, тарих фани ўқитувчиси Шерзод Раҳмонов, математика фани ўқитувчиси Ойбек Тоғаев яна ўз касбини давом эттиряпти. Бу мактабимизда таълим-тарбия борасида ижобий ўзгаришга сабаб бўлди. Ойбек Тоғаев директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ўқитувчиларда ҳам, ўқувчиларда ҳам ишга, ўқишга муносабат ўзгарди.
— Қирқ беш йилдан буён ўқитувчилик қиламан, — дейди Касби туманидаги 15-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Турсунқул Эшонқулов. — Отам Карим Эшонқулов ҳам бошланғич таълим ўқитувчиси эди. 2009 йилда нафақага чиққанман. Мактабимизда мутахассис ўқитувчилар тақчиллиги боис, нафақа ёшида бўлсам ҳам дарс беряпман.
— Вилоятимиз мактабларида бугунги кунда 50993 нафар ўқитувчи педагог фаолият олиб бормоқда, — дейди Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. — Улардан 18925 нафари эркак ўқитувчилардир. Эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтиши айни муддао бўлди. Масалан, 10—11-синфда таҳсил олаётган ўғил болалар — балоғат ёшидаги ўсмирлар. Улар тез ўзгарувчан ва ҳиссиётга берилувчан бўлади. Буни психологик кузатувлардан ҳам биламиз. Уларга дўстона муносабатда бўлиш билан бирга қатъий тарбия намунасини ҳам кўрсатиш керак. Бунда эркак ўқитувчининг ўрни катта.
Ўктам МЕЙЛИЕВ