“Халқ таълимига кам маблағ ажратилган”
Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда айни пайтда давлат бюджетидан халқ таълими соҳасига ажратилаётган пул барча мактаблардаги муаммоларни бир йилда ҳал қилиш учун етарли эмаслигини, балки бу маблағ билан 10 йилда ҳам тизимни ислоҳ этиб бўлмаслигини маълум қилди.
— Бизнинг асосий мақсадларимиздан бири — вазирликни кучайтириш. Бу дегани — янги кадрларни олиб келиш. Шунинг учун давлат томонидан қўшимча маблағ ажратилди. Асосий иш йўналишимиздан бири ҳам кадрларни йиғиш, халқ таълими соҳасини тушунган, халқаро тажрибага эга мутахассисларни вазирликка чорлашдир.
Халқ таълимига қанча пул ажратилган тақдирда ҳам, бу етарли бўлмайди. Давлат дастури бўйича манзилли рўйхат асосида мактабларни ўрганиб чиққанимизда, таъмир ва жиҳозлаш учун 4,5 триллион сўм зарур экани маълум бўлди. Бу 1600 дан ортиқ мактаб эҳтиёжларига сарф этилади. Умумий ҳисобда 10 мингга яқин мактаб фаолият кўрсатиб турибди. Демак, унинг 16 фоизини яхшилаш учун шунча маблағ талаб этиляпти.
Давлат бюджетидан ажратилган пул эса 900 миллиард сўм атрофида, яъни кутилган маблағнинг 1/4 қисми. Энди пулни қандай тақсимлаш керак? Оғир шароитда фаолият олиб бораётган, авария ҳолатида ишлаётган, ўқувчилар сони ўз қувватидан ортиб кетган мактабларга маблағлар сарфланиши назарда тутилган, — дейди Отабек Назиров.
Хорижий амалиёт тажрибасига эга вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, муаммони ҳал этишнинг бир неча йўли мавжуд. Шулардан бири — собиқ коллеж биноларига эгалик қилиш бўлса, иккинчиси — ваучер молиялаштириш услубидир.
— Афсуски, бу — 20 йилдан буён йиғилиб қолган муаммолар. Халқ таълими тизимига етарли маблағ ажратилмаган. Бу масаланинг ижобий ечими қандай бўлади? Хабарингиз бор, касб-ҳунар коллежларининг кўпи тугатилмоқда, ўқув биноси эса бўшайди. Бизнинг талабимиз шундайки, халқ таълими тизимига керак коллеж бинолари вазирлик тасарруфига берилиши лозим. Бу борада Президент ҳам бизни қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда республика бўйича 600 дан ортиқ коллеж биносини қўлга киритиш бўйича таклиф билдирганмиз. Янги мактабларни қуришга йирик маблағ ва вақт керак, коллежлардан бўшаётган бинолар эса фойдаланишга тайёр турибди.
Олдимизда турган иккинчи ечим ҳам бор, бу борада Молия вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Амалиётда ваучер молиялаштириш услуби мавжуд. Услуб ҳар бир боланинг таълим олиши учун давлат томонидан ажратиладиган маблағни назарда тутади. Ўқувчиларнинг сонига қараб, мактабларга маблағ йўналтирилади. Пул оқими очиқ бўлади, шаффофлик кафолатланган, ота-оналар кузатади. Мактаб директори ишига қараб рағбатлантирилади, яъни болаларнинг сонини ошириш манфаатли бўлади”, — дейди О.Назиров.